РАМАЗОН – САБР, ЯХШИЛИК ВА МУРУВВАТ ОЙИ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Рўза - муқаддас динимизнинг беш рукнларидан бири бўлган фарз ибодатидир. Бу ойда очлик, ташналик нафсни тийиш, сабр билан Аллоҳ таолога қурбат, тақво ҳосил қилинади. Соддароқ килиб айтганда, бу муборак ойни Аллоҳ таолонинг бандалари учун ҳар икки дунё саодатини кўзлаб, бу ибодатни Исломнинг улуғ фарзлари қаторига қўшган. Чунки, бу ой ўзининг яхшиликларга бойлиги, сабр тоқатли қалбларда меҳр мурувват туйғуларининг жўш уриши билан ҳам аҳамиятли ва эьзозлидир. Айрим уламолар бу ойда қилинган солиҳ амаллар бошқа ойларда қилинган солиҳ амаллардан кўра етмиш баробар ажри кўп бўлишини қайд этиб ўтганлар.
Ироқлик воиз уламолардан бўлган Абул Фарж ибн Жавзий айтадилар:
“Рўза уч турли бўлади. Биринчиси – руҳнинг рўзаси. У орзуларни қисқа қилиш. Иккинчиси – ақлнинг рўзаси. У нафс ҳавога қарши чиқиш. Учинчиси – бадан рўзаси. У емоқ, ичмоқ ва жимоъдан тийилишдир.”
Рамазон рўзаси кишини сабр билан тарбиялайди. Дастлаб рўза тутган инсон жисмида, рухиятида нафсга қарши кураш бошланади. Тоқат билан енгилган ҳоҳиш эвазига рўзадорнинг нафақат зиммасидаги фарзи адо этилади, балки иродаси мустаҳкамланиб ўз руҳиятига ҳокимлик ғалабасига эришади.
Ҳаёт давомида инсоннинг жони, моли, аҳли - оиласи ва тинчлиги кўп хатарларга дуч келади. Албатта ҳар битта мусибат қаршисида сабот билан туриш осон иш эмас. Бундай ҳолатларда кишини умидсизлик чулғаб олади ва у қўркув - саросима исканжасида қолади. Қуръони каримда бу ҳақида: “Қачон унга бирон ёмонлик етса, ноумид бўлур.” - деб марҳамат қилинган. ( Исро сураси 83 - оят ) Дарқақиқат, инсон бетоқат қилиб яратилгандир, қачонки унга ёмонлик етиб қолса у ута бесабрлик қилувчидир.
Аллоҳ таоло мўминларни мусибат чоғида сабр - бардошли бўлишга ундаган. “Aлбатта, биз Аллохникимиз ва албатта, биз у зотга қайтгувчилармиз”, дейдиган бандаларга хушхабар беринг. Ана ўшаларга Парвардигор томонидан саловат - мағфират ва раҳмат бордир. ( Бакара сураси 155-157 оят )
Барчамизга маьлумки халкимиз бошида коронавирус пандемияси тарқалиб қолди. Бу синовли дамларда албатта биз аҳли ислом сабр бардошли бўлишимиз лозим. Аллох таоло тез кунларда беморларимизга шифои комил бериб, юртимиздан бу касалликни кўтарсин. Муборак Рамазон ойида хар бир эзгу ишларингизда Аллоҳ ёр ва мададкор булсин !
НАСИБА АБДИЕВА
Муборак туман
бош отинойиси