"КЎСАМ" МАСЖИДИ
1600
29-04-2020, 13:27
548
Ўқиш режими
+
-
"Кўсам" МАСЖИДИ
“Кўсам” масжиди Китоб тумани Кўсам қишлоғидадир. Кўсам қишлоғи туман маркази Китоб шаҳридан 11 км узоқликда. Маълумотларга кўра, у Абу Бакир Китобий (Қабри Охун) ҳазрат Ўроғли ота ва ҳазрат Бешир зиёратгоҳларини боғловчи катта йўл ёқасида жойлашган. Кўсам қишлоғи ҳақида “Қашқадарё қишлоқномаси” китобида : “ Кўсам –Китоб туманидаги қишлоқ. Кесамир-ўзбек халқи таркибига кирган қабила. Кесамир этнонимнинг ўзгарган, соддалашган ва жой номига айланган шакли: кесамир-кўсамир- Кўсам. Бошқа бир изоҳ: қипчоқ лаҳжаларида ва халқ достонларида кўсам сарка бирикмаси мавжуд, маъноси улкан гавдали, катта ёшли бичилгал сарка(эркак эчки). Кўсам сўзи кишиларга нисбтан ҳам ишлатилади, улкан гавдали одамларга кўсам лақаби берилади. Киши лақаби қишлоқ номига айланган бўлиши мумкин [1]” дейилади. Мана шу қишлоқда “ Кўсам ота” қабристони бор. Қишлоқ ва қабристонларнинг номи эътибори билан масжид “Кўсам” деб аталди. 2003 йилда масжид Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томондан рўйхатга олинди.
“Кўсам” масжиди “Дам” ариқ ва “Қорабулоқ” ариғи кесишган энг сўлим жойда жойлашган. Қишлоқнинг кексалари айтишича, “Кўсам” масжидининг эски биноси 1840-1850 йилларда қурилган. Масжид эски биносининг томи васса жуфт қилиб ёпилган бўлиб, пешайвонини эса қучоққа сиғмайдиган нақшинкор устунлар кўтариб турган. “Кўсам” масжиди 1920 йилларгача фаолияти кўрсатган ва шўролар тузуми даврида жамоа хўжалиги омбор хонасига айлантирилган. 1978 йилда “Кўсам” масжидининг эски биноси куйиб кул бўлган. Ёнғиндан фақат масжиднинг қибла томонидаги пишиқ-ғиштдан ишланган девори ва меҳроби сақланиб қолган. 1978 йилда қишлоқ халқининг ҳашари билан масжид биноси қайтадан тикланган.
“Кўсам” масжидининг тарҳи тўғри тўртбурчак шаклида бўлиб, унинг бўйи ва эни 7Х5 метрни ташкил қилади. Масжид томи гумбазли бўлиб, масжид ичида иккита устун мавжуд. Масжиднинг икки табақали иккита кириш эшиги бор. Масжиднинг атрофи айвон қилинган.
Масжиднинг ҳовлисида мевали дарахтлар экилган.
2017 йилда масжидда янги таҳоратхона қилинди. Унда таҳорат қилиш учун барча қулайликлар яратилган.
Ҳозирги кунда масжидда фуқароларнинг ибодат қилишлари учун барча шароитлар мавжуд. Масжид халқимизнинг диний эҳтиёжларини қондириш йўлида фаолият кўрсатиб келмоқда.
Р. Акбаров.
[1] Нафсов. Т. Қашқадаё қишлоқномаси. Т. Муҳаррир .2009. 152-бет.