"МАТМОН" МАСЖИДИ
1609
30-04-2020, 11:02
948
Ўқиш режими
+
-
"МАТМОН" МАСЖИДИ
“Матмон” масжиди Китоб тумани Кўҳисор МФЙ, Матмон қишлоғидадир. Матмон қишлоғи туман маркази Китоб шаҳридан 45 км узоқликда жойлашган. Матмон қишлоғида асосан тожик миллатига мансуб кишилар яшайди. Унинг аҳолиси 7 минг кишидан ортиқ. Матмон қишлоғи ҳақида “Қашқадарё қишлоқномаси ” китобида: Матмон – Китоб туманидаги қишлоқ. Таркиби: мат/мот+мон. Ўзбекистон ҳудудида ман/мон сўз қўшимчали қишлоқ номлари анчагина: Лағмон(Қарши, Денов), Катман(Қумқўрғон), Хушман(Ангор, Қизириқ), Ҳазармон (Олтинсой, Китоб), Хуммон, Ёзман, Полмон, Ширамон(Шаҳрисабз) Ғишман (Косон), Майманоқ (Касби), Ғовушман, Қозмон (Китоб). Мангузар( Термиз), Манақ(Хўжаобод), Манкент. Барчаси –эроний тилларга мансуб номлардир. Суғд (Яғноб) тилида майн-уй-жой, макон. Кўчманчилар манзили, қишлоқ, овул. Мат/мот сўзининг таркиби ўзгармаган: суғд тилида ват/ватак-вилоят, жой. Ват, ватак сўзи номнинг бошидаги мат/мот сўзига дахли бўлса, Матмонни катта қишлоқ деб изоҳлаш мумкин[1] ”дейилади. Мана шу қишлоқнинг номидан келиб чиқиб масжид “Матмон” деб аталган.
Қишлоқ кексаларининг айтишича, «Матмон» масжиди 1922 йилда Ҳайитбобо бошчилигида ҳашар йўли билан қурилади. Масжидни қуришда уста Музаффар фаол иштирок этади. Шўролар даврида масжид фаолияти тўхтатилиб, у қишлоқ омборхонасига айлантирилди.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида масжид халқ ҳашари билан таъмирланади. 1999 йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги томонидан рўйхатга олинади.
“Матмон” масжидининг тарҳи мурабба шаклида бўлиб, унинг бўйи ва эни 13Х13 метрни ташкил қилади. Масжид девори синчли. Масжид ичкарисида тўртта устун бор. Масжиднинг икки табақали бешта кириш эшиги бўлиб, масжиднинг икки тарафи айвон қилинган. Масжиднинг боғида терак ва ёнғоқ дарахтлари экилган.
2005-2008 йилларда масжид таъмирланди.
2011 масжид айвонининг иккинчи қавати қурилди.
2013 йилда масжид қайтадан тўла таъмирланди.
2019 йилда масжидда янги таҳоратхона қурилди. Унда таҳорат қилиш учун барча шароитлар яратилган.
Ҳозирги кунда масжидда фуқароларнинг ибодат қилишлари учун барча шароитлар мавжуд. Масжид халқимизнинг диний эҳтиёжларини қондириш йўлида фаолият кўрсатиб келмоқда.
Р. Акбаров.
[1] Нафасов. Т. Қашқадарё қишлоқномаси. Т. Муҳаррир нашриёти. 2009. 402-403--бет.