Рамазон раҳмат ойи
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Рамазон ойининг рўзаси икки олам сарвари Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга Мадинаи мунавварага келганларидан кейин, ҳижратнинг иккинчи йили фарз бўлган. Унинг фарзлиги Аллоҳ таолонинг каломи шарифи Қуръони карим ва Пайғамбаримизнинг суннатлари билан тасдиқланган.
Савм – сўзининг луғавий маъноси – сақланиш, тийилиш демакдир. Шаръий истилоҳда эса ҳар куни янги ният билан субҳи содиқдан то кун ботгунга қадар ейиш, ичиш ва жинсий алоқадан ўзини сақлашликдир.
Маълумки ислом динида ҳар-бир ибодатга ният қилмоқлик зарур. Бунга қарата Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлар: “Кимки, рамазон ойининг рўзасини бу Аллоҳнинг менга берган фарзи деган иймон билан, бунинг савобидан умид қилиб тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”, - деганлар (Бухорий ривояти).
Рўза кунлари кун ботиши билан дарҳол оғиз очиш, саҳарликни эса белгиланган вақтигача кечиктириш суннатдир. Зеро, пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ яхши кўрадиган учта нарса бор, биринчиси ифторликни кун ботиши билан дарҳол қилиш, иккинчиси саҳарликни охирги вақтигача кечиктириш, учинчиси намозда бир қўлни иккинчи қўл устида қўйиб туриш”, - деганлар.
Рамазон рўзасининг ўзига хос одоб-ахлоқлари ҳам мавжуд. Шулардан биттаси, рўза тутган киши нафақат еб-ичишдан, балки барча маъсиятлардан ўзини асрамоғи зарурдир. Рамазон ойи келса пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг саховатлари янада зиёда бўлар экан. Сизу биз ҳам шу зотнинг умматлари эканмиз, у кишидан ўрнак олиб, Рамазон кунлари оиламизга, қариндош-уруғларимизга ва бева-бечораларга қўлимиздан келгунча моддий ҳамда маънавий кўмак берсак кўп савобларга мушарраф бўламиз. Имом Ғаззолий шундай деган экан: “Рўза тутиш жон учун закот, бадан учун риёзат, яхшилик учун даъват, инсон учун гуноҳлардан тийилиш ва жамият учун эса жиноятлардан сақланишдир”.
Рамазон ойи мусулмонларни хайру саховатли бўлишга, бир-бирларига меҳр-мурувват кўрсатишга ундайдиган ойдир. Бу ой давомида ҳам жисмонан ва ҳам руҳан чиниқиб, сабр ва шукр фазилатларини ўзимизда ҳосил қилишимиз лозимдир.
Яратган Роббимиздан тилакларимиз бисёр Рамазон ойининг шарофати билан Жонажон юртимизга доимий тинчлик-хотиржамлик, файзу барака, дастурхонларимизга тўкинлик берсин! Ёмон кўзлардан, турли бало-қазолардан Ўзи асрасин!
Музаффар Қосимов
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом билим юрти маънавий - маърифий
ишлар бўйича мудир ўринбосари