"РАВОТ" МАСЖИДИ
1624
1-05-2020, 13:31
942
Ўқиш режими
+
-
"РАВОТ" МАСЖИДИ
“Равот” масжиди Китоб тумани Тупчоқ МФЙ, Равот қишлоғидадир. Равот қишлоғи туман маркази Китоб шаҳридан 19 км узоқликда жойлашган.
Равот қишлоғи ҳақида “Ўзбекистон топонимларининг изоҳли луғати” китобида: “ Равот–барча тумалардаги қишлоқ, айрим тумандаги гузар, тепа. Равот-работ- арабча сўз бўлиб, 8-9 асрларда форс, тожик, ўзбек тилларига ўзлашган. Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида карвонсарой, мусофирхона. Ўзга юртдан келган кишилар истиқомат қиладиган сарой работ аталган. Навоий асарларида работ-карвонсарой, мусофирхона. Ўзбекистонда работлар шаҳар ташқарисида қурилган. 17-18 асрларда эса йирик аҳоли пунктлари ёнида, бозор атрофида ва савдо йўлларидаги бекатларда қурилган. 19 асрда тўртбурчак шаклида қурилган битта дарвозаси бўлган қўрғонлар работ деб аталган. Равот сўзининг қўрғон маъноси ҳам бўлган[1]” дейилади.
1997 йилда халқ ҳашари билан Равот қишлоғида масжид қурилди. Масжид қишлоқнинг номи билан “Равот” масжиди деб аталди. “Равот” масжиди 2004 йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги томонидан рўйхатга олинди ва ўзининг расмий фаолиятини бошлади.
“Равот” масжидининг тарҳи тўғри тўртбурчак шаклида бўлиб, унинг эни ва бўйи 9,5Х 7,5 метрни ташкил қилади. Масжид девори синчли.бўлиб, унинг томи текис ёпилган. Масжид ичи ўртасида битта устун бор. Масжиднинг икки табақали учта кириш эшиги бўлиб, масжиднинг икки тарафи айвон қилинган.
Масжид ҳовлисида мевали ва манзарали дарахтлар бор.
2006 йилда масжиднинг ич томони таъмирланади
2015 йилда масжиднинг том қисми таъмирланди.
2018-2019 йилларда масжид ва унинг айвони таъмирланди.
2015 йилда масжидда янги таҳоратхона қурилди. Унда таҳорат қилиш учун ҳамма қулайликлар яратилган.
“Равот” жомеъ масжидига Искана, Тупчоқ, Жайрахона ва Такия қишлоқларидаги фуқаролар ҳам ўз ибодатларини амалга ошириш учун келадилар.
Ҳозирги кунда масжидда фуқароларнинг ибодат қилишлари учун барча шароитлар мавжуд. Масжид халқимизнинг диний эҳтиёжларини қондириш йўлида фаолият кўрсатиб келмоқда.
Р. Акбаров.
[1] Нафсов. Т. Ўзбекистон топонимларининг изоҳли луғати. Т. Ўқитувчи нашриёти. 1988. 150-бет.