1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ОИЛА МУҚАДДАСДИР (ТЎРТИНЧИ ҚИСМ)

2-05-2020, 12:17 691 Ўқиш режими + -

ОИЛА МУҚАДДАСДИР 
(ТЎРТИНЧИ ҚИСМ)
  

ОИЛАДА ФАРЗАНД ТУҒИЛДИ...
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасига фарзанд беришини айтган: «Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳ­га (хос)дир. (У) хоҳлаган нарсани яратур. Хоҳлаган ки­шисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур. Ёки уларга ўғиллар ва қиз­ларни қўшиб берур ва хоҳлаган кишисини фар­занд кўр­майдиган қилиб қўйгай. Албатта, У (бунинг ҳикматини) билувчи ва (ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) қодирдир» (Шўро, 49–50). Аллоҳнинг ушбу оятда айтилган қудрати инсо­ният ҳаётида ўз ҳақиқатини топган ва топмоқда. Оли Имрон сурасида «Албатта, Исонинг (отасиз туғилиш) мисоли, Аллоҳ наздида бамисоли Одам (алайҳиссалом) кабидирки, уни тупроқдан яратиб, сўнгра унга «Бўл!» деди, бас, (у) бўлди» (59), деб айтилга­ни каби, инсонни ота-онасиз ёки Исо (алайҳис­салом) каби отасиз яратишга Аллоҳ таоло қодир. Ёки Момо Ҳавони яратгани каби битта эркакдан, яъни аёл иштирокисиз ҳам инсонни ярата олади. Ёки ота ва она иштирокида одамларни дунёга келтириши ҳам Унинг қудратидан­дир. Ота ва она бор бўлатуриб, фарзанд бўлмаслиги ҳам бу қудратнинг улуғлигидандир. Аллоҳ тао­ло нимани хоҳласа, шу бўлишига шак-шубҳа йўқ. Ояти каримада айтилганидек, Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлага­нига фақат қизлар инъом этади, хоҳлаганига эса фақат ўғил фарзандлар ато этади, хоҳлаганига фарзандларни ара­лаш­ти­­риб беради ва хоҳлаганини бепушт қилиб қўяди. Фарзанд ато этиш Аллоҳ таолонинг ихтиёрида бўл­гани учун ҳатто пайғамбарларга ҳам бир хил жинсда ёки бир хил миқдорда фарзанд берилмаган. Масалан, Лут ва Шуайбларга (алайҳимуссалом) фақат қиз фар­занд­лар, Иброҳимга (алайҳиссалом) фақат ўғил фар­занд­лар, Му­ҳаммадга (алайҳиссалом) ҳам қиз, ҳам ўғил фарзанд­лар берган, Яҳё ва Исога (алайҳимуссалом) эса фарзанд­сиз бўлишларини ирода этган. Бу илоҳий тақсимот бандаларининг синови учундир. Бинобарин, бандасидан неъматга шукр ва мусибатга сабр матлубдир. Ибн Касир (раҳматуллоҳи алайҳ) айтадилар: «Аллоҳ таоло инсонни тўрт қисмдан иборат қилиб яратди: баъзилари фақат қиз фарзанд кўради; баъзилари фақат ўғил кўради; бошқалари ундан ҳам, бундан ҳам баҳ­раманд бўлади; баъзилари умуман фарзанд кўрмай­ди». Қози Байзовий айтдилар: «Юқорида келтирилган оятдан мақсад, фарзанд кўриш ё кўрмаслик Аллоҳ таолонинг амри эканини уқтиришдир. Чунки Парварди­гор қай­си банда фарзанд кўрса ёки кўрмаса, нима бўлишини яхшироқ билади. Қайси бандасига фарзанд бериш ё бермаслик Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлади». Янги турмуш қурган келин-куёвнинг энг эзгу орзуси фарзандли бўлишдир. Айниқса, улар илк фарзандларини ниҳоятда интизор, интиқлик билан кутишади. Мана, ниҳоят, орзулар ушалди, улуғ ниятлар рўёбга чиқди, Аллоҳ таоло ёш оилага фарзанди аржуманд ато этди. Улуғ муаллим Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ои­лада янги чақалоқ туғилганида нималар қилиш керак­лигини ҳадиси шарифларида батафсил кўрсатиб берганлар. Бу кўрсатмалар, жумладан, қуйидагилардан иборат. 
ФАРЗАНД ХУРСАНДЧИЛИГИ
Энг аввало, бола туғилиши билан хурсандчилик қи­линиб, биринчи навбатда унинг отасидан суюнчи олинади. Чунки ота биринчи бўлиб фарзандли бўл­ганини эшитса, унга нисбатан меҳри ошади. Агар бир кишига хотини туққани ҳақида хушхабар етказилса, фарзандни Аллоҳ таоло инъом этган улуғ неъмат деб билиши, дарҳол Аллоҳга ҳамд айтиши суннатдир. Аллоҳ таоло Иброҳимга (алайҳиссалом) хушхабар бериб, бундай дейди: «Иброҳимга элчиларимиз (фарзандли бўли­ши ҳақида) хушхабар келтирдилар ва «Салом!» дедилар. У ҳам «Салом!» деди-да, ҳеч қанча вақт ўт­май, бир бузоқ (гўштининг) кабобини келтирди. Унга (таомга) қўл чўзмаганини кўргач, (Иброҳим) улардан ётсиради ва улардан қаттиқ қўрқиб кетди. (Улар) дедилар: «Қўрқма! Биз Лут (қавми)га юборил­ганмиз». Хотини (Сора) турган эди, кулиб юборди. Унга Исҳоқ (номли фарзанд) ва Исҳоқнинг орқасидан Яъқуб (исмли набира беришимиз) ҳақида хушхабар бердик» (Ҳуд, 69–71). Бошқа оятда Закариёга (алайҳиссалом) хушхабар беради:  «Сўнгра, масжидда туриб намоз ўқиётганида, фаришталар унга нидо қилиб, дедилар: «Аллоҳ сенга Яҳё (исмли фарзанд) хушхабарини бермоқдаким, у Аллоҳнинг сўзини тасдиқ этадиган, (ўз қавмига) пешво бўлиб, (шаҳватлардан) ўзини тиядиган солиҳ пайғамбарлардан (бўлур)» (Оли Имрон, 39). Марям сурасида эса:  «(Аллоҳ айтди): «Эй Закариё! Биз сенга бир фарзанд хушхабарини берурмиз; унинг исми Яҳё бўлиб, илгари унга бирор (кимсани) ҳамном қилган эмасмиз», дейилган (7). Фарзанднинг туғилиши нафақат унинг ота-онаси, балки барча қариндош-уруғлар, яқинлар учун ҳам чинакам қувончли ҳодисадир. Шунинг учун у туғилган заҳоти Аллоҳга мақтов ва шукроналар айтиб, бу ҳақда ҳаммага маълум қилинади. Бошқалар ота-онани янги меҳмон билан қутлашади, унга узоқ умр, сиҳат-офият ва эзгу тилак­лар тилашади. Сийрат китобларида айтилишича, туғилган бола боис хурсандчилик қилиш лозим. Абу Бакр ибн Мунзир айтади: Ҳасан Басрийнинг олдига бир киши келиб, унинг ҳузурида ҳозиргина фарзандли бўлган кишини кўради. Ҳасан Басрий унга: «Бола муборак бўлсин! Уни берган Аллоҳга шукр қил, яхшилик билан сийлабди», дейди. Айниқса,қиз бола туғилганида кўпроқ хурсанд бўли­шингиз лозим. Чунки қиз фарзанд ўша хонадонга яхшилик ва масъудлик олиб келади, хотиннинг бара­котлиси илк фарзанди қиз бўлганидир. Баъзилар фақат ўғил кўришни исташади, қиз бола туғилганида эса севиниш ўрнига ҳафсалалари пир бў­либ, ҳатто хотинларини айблашгача боришади. Бу мутлақо нотўғридир. Аксинча, агар қиз фарзанд туғилса, ота-она зиёдароқ хурсанд бўлиши зарур. Аллоҳ таоло бундай марҳамат этган:  «…Хоҳлаган кишига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишига ўғилларни ҳадя этур...» (Шўро, 49). Қуръони каримда қиз боланинг ўғил боладан олдин зикр этилиши ҳам қиз фарзанднинг ўғилга нисбатан баракали ва фазилатли эканига ишорадир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Би­рин­чи фарзанди қиз бола бўлгани аёлнинг баракот­ли, бахтли ва шарофатли эканига далолатдир». 
ЭМИЗИШ (РАЗОЪ)
Янги туғилган чақалоқнинг эмиши (разоъ) ўтмишда ҳам, ҳозирда ҳам энг долзарб масалалардан бўлиб кел­япти. Яқин ўтмишимизда кўпчилик эмизишнинг, она сутининг ҳикматидан бехабарликда, бу муҳим ишга эътиборсиз бўлиб қолган эди. Туғруқхоналарда сути кам оналарнинг болалари сути кўп бошқа оналар сути ёки сунъий озиқлар билан боқилар эди. Сут берган онанинг кимлиги номаълум қоларди. Мустақил бўлганимиздан кейин бу нотўғри ишга барҳам берилди. «Разоъ» сўзининг маъноси «сут эмиш»дир. Шариат­да разоъ дейилгани­­да боланинг бошқа аёл кўкрагидан икки ёшгача сут эмиши ва бунинг ҳукмлари билан боғлиқ масалалар тушунилади. Чақалоқ икки ёшгача онасидан бошқа аёлни эмса ёки унинг сути ичирилса, разоъ ҳукми собит бўлади. Бунда сут миқдорининг фарқи йўқ, бир томчи сут кирса ҳам разоъ собит бўлади. Разоъ ҳукмига кўра, бегона аёл сутини эмган болага ўша аёл она, аёлнинг эри ота ҳукмида бўлади. Сут эмган бола шу эр-хотиннинг асл фарзанд­ларидек, уларнинг ўз фарзанд­лари эса бу болага маҳрам ҳисобланади. Сут эмган бола ўғил ёки қиз бўли­шидан қатъи назар, шу маҳрамларига никоҳланиши мут­лақо мумкин эмас. Ҳалол ва ҳаром масаласида эмикдошликка ҳам алоҳида эътибор берилади. Шариатимиз оналарга бир неча вазифаларни юклай­ди. Жумладан, улар фарзанд соғлом ўсиши учун уни таркибида барча зарур моддаларни мужассам­лаштирган она сутидан маҳрум қилмасликлари зарур. Чунончи, Қуръони каримда янги туғилган фарзанднинг онадаги ҳақи бундай баён қилинади: «Оналар болаларини тўла икки йил эми­задилар...» (Бақара, 233). Ояти каримада чақалоқни икки ёшигача она сути билан эмизиш нақадар фойдали эканига ишорат этил­моқда. Лекин шариат бўйича она эмизишга мажбур қилинмай­ди, бунга бошқа эмизадиган аёлларни ёллаш ҳам мумкин. Бу одат арабларда кенг тарқалган эди. Муҳаммад (алайҳиссалом) оналари тирик бўлатуриб, Саъд қабила­сига мансуб Ҳалима исмли аёлга эмизди­рилганлари, тарбиясига берилганлари Ислом тарихидан маълум. Сут она ёллашда унинг соғлом, серсут, хулқи ва одоби намунали, ўзи ақлли бўлишига алоҳида эътибор бериш керак, чунки эмизувчи аёлнинг феъл-атворидаги иллат ва фазилатлар болага ҳам кўчиши аниқланган. Уламолар ўртасида «Она ўз фарзандини эмизишга мажбурми ёки мажбур эмасми?» деган масала ҳам бор. Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ): «Агар бола онасидан бошқани эммаса ёки онасидан бошқа эмизадиган аёл бўлмаса ёхуд ота бошқа эмизадиган аёлга бериш учун ижара маблағига эга бўлмаса, она болани эмизишга мажбур қилинади», деганлар. Чунки эмиш боланинг нафа­қаси ҳисобланиб, унга кетадиган барча нафақа отанинг бур­чидир. Бу масалада ҳам аёлнинг эрки, озодлиги, шахсий ҳуқуқи эътиборга олингани ва туққан онаси «мен боламни эмизмайман» деса, уни айблаш ноўрин экани билинади. Имом Молик (раҳматуллоҳи алайҳ) эса: «Туққан она боласини эмизишга мажбурдир», дейдилар. Аммо баъзи оналар ҳам бор, сути камлиги, қомати бузилиши, иши кўплиги каби сабабларни баҳона қилиб, боласини эмизиш ўрнига сунъий сут ва бўтқалар билан боқишни афзал кўришади. Табиатдаги ҳеч нарса она сути ўрнини босолмайди, буни замонавий тиббиёт ҳам исботлаган. Ҳадиси шарифда: «Бола учун она сутидан яхшироқ озуқа йўқ», дейилган. Халқимизнинг ўзига хос бир гўзал фазилати ва хусусияти бор – ҳеч бир она боласини сабабсиз, узрсиз эмизишдан бош тортмайди. Дарҳақиқат, зарурат бўл­ма­ган тақдирда муддатидан олдин она сутидан бошқа сут ёки маҳсу­лот билан боқишга ўтиш боланинг соғлом, бар­ка­мол ўсишига салбий таъсир этишини замонавий тиббиёт таъкидлайди. 
ЧАҚАЛОҚ ҚУЛОҒИГА АЗОН АЙТИШ 
Янги туғилган чақалоқ оппоқ матога ўралади, чунки динимизда матоларнинг энг афзали оқ ранглиси экани айтилган. Тезда ўнг қулоғига азон, чап қулоғига такбир айтиш, Парвардигордан фарзандига ихлос ва эътиқод билан дунё ҳамда охират яхшиликларини сўраш лозим. Бу ҳақда ушбу ҳадис ворид бўлган: Абу Рофеъдан ривоят қилинади: «Мен Расулул­лоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Фотима ва Али­нинг ўғиллари Ҳасан туғилганида қулоқларига азон (ва такбир) айтганларини кўрдим». Бошқа ҳадисда бундай дейилади:  Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Ҳасан ибн Али туғилганида (ўнг) қулоғига азон айтиб, чап қулоғига такбир айтдилар».
Ҳасан ибн Алидан (розияллоҳу анҳу) ривоят қили­нади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) «Ким фарзандли бўлса, унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига так­бир айтса, унга уммус сибён зарар бермайди», де­ди­лар. Ҳадисдаги «уммус сибён» шайтон бўлиб, у болаларга зарар ё касаллик келтиришини муҳаддислар айтишган. Чақалоқ қулоғига азон билан такбир айтишдан мақсад, бола дунёда биринчи эшитадиган овоз ва сўз Аллоҳнинг муборак исми бўлишидир. Шунингдек, ушбу азон ва иқомат сабабидан бола турли бало ва дардлардан саломат қолади, унга шайтон таҳдид қилмайди. Чунки шайтон азон овозидан тумтарақай қочади.  
ТАҲНИК ҚИЛИШ
«Таҳник» дегани бирор ширинликни (масалан, хурмо) чайнаб ёки эзиб, оз миқдорда бармоққа олиб боланинг оғзига суриб қўйиш, дегани. Бизда бунга «танглай кўтариш», дейилади. Бундан мурод, боланинг биринчи бўлиб тотадиган нарсаси ширинлик бўлсин ва она кўк­рагига тезда ёпишсин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яшаган жойда машҳур ширинлик ва қувват берувчи мева хурмо бўлгани учун таҳник асосан шу мева билан қилинган. Абу Мусо (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Ўғлим туғил­­ганида уни кўтариб Пайғамбаримиз (алайҳис­салом) ҳузурларига бордим. У зот унга «Иброҳим» деб исм қўй­дилар, хурмо билан таҳник қилдилар. Барака тилаб дуо қилдилар ва менга узатдилар». Ҳадисдан кўриниб турибдики, фарзандга исм қў­йиш, таҳник қилиш, бола ҳақига яхшиликларни Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўраш яхши амаллардан экан. Бу ишларни илмли, тақволи, фазилатли кишилар­ амалга ошириши, айниқса муҳимдир.

Давоми бор...
 
 
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Шайх Усмонхон Алимов нинг
 “Оилада фарзанд тарбияси” китобидан