1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

"САНАМ" МАСЖИДИ

2-05-2020, 12:30 433 Ўқиш режими + -
                    "САНАМ"  МАСЖИДИ

“Санам” масжиди Китоб шаҳар Санам МФЙ Шодиёна кўчасидадир. Санам маҳалласи Китоб шаҳар марказидан 3 км узоқликда жойлашган.  Санам қишлоғи ҳақида “Қашқадарё қишлоқномаси” китобида: “ Санам-Китоб шаҳридаги маҳалла. 8-асрнинг 2-ярмида Муқанна қараргоҳини тоғ қалъасини, умуман тоғни Сана, Сом, Сиём деб аташган. Сўнгги уч маъно, келиб чиқиши жиҳатидан бир-бирига дахлдор.  Учала номга ҳам асос бўлган сўз тоғ, тош маъносини билдирган қадимий сўз бўлиши ҳақиқатдан йироқ эмас. Ҳозирги ўзбек тилидаги санам сўзи ва санам исми билан маҳалла ва тоғ/қалъа номи шаклдош бўлиб қолган. Араб тилидан ўтган санам тош, ёғоч ёки металдан инсон(асосан аёл) қиёфаси ясалган бут, ҳайкалча. Бут зийнатланиб ясалгани сабабли гўзал, нозанин, сулув(аёл) маъносига ҳам эга бўлган ва ана шу маъноларга асосланиб қизларга Санам исми қўйилиши лисоний, маърифий, руҳий одатга айланган. Тоғ, қалъани санам деб аташда тоғ культига амал қилинганлиги тахмин қилинади. Санам маҳалла номи тоғ/қалъа номидан олинган бўлиши мумкин[1]“ дейилади.  Қишлоқнинг номидан келиб чиқиб масжид “Санам”  деб аталган. 
“Санам” масжидининг биноси 1870-1880 йилларда халқ ҳашари билан қурилади. Кекса кишиларнинг айтишича, масжид қурилишида Исломов   Бобомуродбобо ва  Бобоев Оқсоққолбоболар бошчилик қилишган ва  унда Самарқанд вилоятининг Ургут туманидан келган устолар ишлаган. Ургутлик устолар томонидан масжидга нақшинкор безаклар берилган. Масжиднинг фаолияти  шўролар даврига қадар давом этади. Шўролар даврида масжид фаолияти тўхтатилиб, у хўжалик омборхонасига айлантирилади. 
Мустақилликнинг дастлабки йилида “Санам” масжиди таъмирланди.
1999 йилда масжид Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги томонидан рўйхатга олинди ва яна у фаолиятини бошлади.
2019 йилда “Санам” масжиди қайтадан қурилди. Масжиднинг тарҳи тўғри тўртбурчак шаклида бўлиб, унинг эни ва бўйи 20Х12 метрни ташкил қилади. Масжид томи гумбаз усулида ёпилган. Масжид девори пишиқ ғиштдан терилган. Масжиднинг икки табақали битта кириш эшиги бор. 
2017 йилда масжидда янги таҳоратхона қурилди. Унда таҳорат қилиш учун барча қулайликлар яратилган.
Ҳозирги кунда масжидда фуқароларнинг ибодат қилишлари учун барча шароитлар мавжуд. Масжид халқимизнинг диний эҳтиёжларини қондириш йўлида  фаолият кўрсатиб келмоқда.
 
Р. Акбаров. 
 
[1] Нафасов. Т. Қашқадарё қишлоқномаси. Т. “ Муҳаррир” нашриёти. 2009. 218-бет.