Мусулмоннинг хулқи (Иккинчи қисм)
ИЙМОН РУКНЛАРИ ВА ИСЛОМ АСОСЛАРИ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлиб юборилишларидаги асосий мақсадни Исломга қилган даъватларидаги ёрқин режаларини «Мен фақат гўзал ахлоқни камолига етказиш учун Пайғамбар қилиб юборилдим», (Имом Молик ривояти) деган ҳадислари билан ифода қилганлар.
Ушбу рисола тарихда ўз йўлини босиб ўтди. Муҳаммад алайҳис салом ўша рисола нурининг таралиши ва унинг атрофида одамлар тўпланиши учун озгина куч сарфламадилар.
Исломда фарз бўлган ибодатлар инсонни ақл бовар қилмайдиган нарсалар билан боғлайдиган мубҳам удумлардан эмас. Албатта, Ислом инсонга бирор маънога эга бўлмаган ҳаракат ва амалларни таклиф қилмайди, балки ўзини мусулмон ҳисоблаган кимсага Ислом буюрган фарз амаллар кунлик машғулотдир. Бу машғулотлар кишини хар қандай шароитда ҳам гўзал ахлоқда яшашга тайёрлаб қўяди.
Ислом буюрган фарз амаллар инсон ҳаётда касал бўлмай яшаши ва бадани кўркам бўлиши учун ошиқадиган бадан тарбия машғулотларига ўхшайди. Қуръони Карим ва Суннати Мутаҳҳаро ушбу ҳақиқатларни очиқ баён қилган. Масалан, бир кунда фарз қилинган беш вақт намозни олайлик. Аллоҳ намозни адо этишни буюрганда намознинг ҳикматини қуйидагича баён қилган: «(Эй Муҳаммад алайҳис салом) намозни тўкис адо қилинг, албатта намоз бўзуқлик ва ёмонликдан қайтарур».
(Анкабут:45).
Инсонни разилликлардан йироқ қилиш, ёмон иш ва гаплардан поклаш бу намоз ҳақиқатидир. Набий алайҳис-салом ривоят қилган ҳадиси қудсийда шундай дейилади: «Менинг адолатимни тан олган, махлуқотларим устидан мутакаббирлик қилмаган, гуноҳ ишда бардавом бўлмаган, бева аёлга ва мусибат тортган одамга раҳм-шавкат қилган кимсанинг намозини қабул қиламан”(Имом Баззор ривояти).
Фарз қилинган закот ҳам бой кишиларнинг чўнтакларидан олинадиган «солиқ» эмас, балки у ҳар хил табақадаги инсонлар орасида меҳрибонлик туйғуларини ўрнатиш, ўзаро улфатлик алоқаларни барпо этишдир.
Закот чиқаришдан бўлган мақсадни Қуръони Карим шундай баён қилади:
Уларнинг молларидан садақа ол. Бу билан уларни поклайсан, тозалайсан ва уларнинг ҳаққига дуо қил. Албатта, сенинг дуоинг улар учун сокинликдир. Аллоҳ эшитгуви ва билгувчи зотдир. (Тавба:103)
Инсонни нуқсон кирликларидан тозалаш ва жамиятни олий даражага кўтариш бу закотдан кўзда тутилган ҳикматдир.
Муҳаммад алайҳис-салом мусулмон киши сарфлаши керак бўлган «садақа» сўзи нималарга далолат қилишини ҳам кенг ёритиб айтиб ўтганлар: «Биродарингизга очиқ юз билан табассум қилишингиз, маъруф ишга буюриб, мункар-ёмон ишдан қайтаришингиз, йўлидан адашган кимсани ўз йўлига йўллаб қўйишингиз, йўлдан суяк, тикон каби инсонларга озор берадиган нарсаларни олиб ташлашингиз ва ўз идишингиздан биродарингиз идишига сув қўйиб беришингиз, бўлар ҳаммаси сиз учун садақадир”(Имом Бухорий ривояти). Бу таълимотлар бир неча асрлар саҳро шароитида қизиққонлик ва ўзаро душманликда яшаб ўтган арабларни жоҳилият зулматидан улуғ мақсадларга етаклаган Исломий таълимотлардир.
Рўза тутишни ҳам Ислом фарз қилган. Лекин рўзани Ислом инсонни вақтинча еб-ичишдан маҳрум қилиш, деб эмас, балки, нафснинг жирканч ва ёмон талпинишларидан озод қилиш учун қўйилган биринчи қадам, деб ҳисоблайди. Айнан шу маънони такрорлаб Расулуллоҳ алайҳис салом қуйидаги ҳадисни айтганлар: «Кимки ёлғон гапи ва гуноҳ ишини қўймас экан, унинг еб-ичмоғини тарк қилишлигида Аллоҳ учун ҳеч қандай ҳожат йўқдир»( Имом Бухорий ривояти).
«Рўза фақат еб-ичишдан сақланиш эмас, балки, лағв–беҳуда гаплардан сақланмоқликдир. Агар бирор киши сени сўкиб, сенга нисбатан нодонлик қилса, сен унга мен рўзадорман дегин» ( Ибни Хузайма ривояти).
Қуръони Карим ҳам рўзанинг ҳикматларини қуйидагича зикр қилган :
Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсаларингиз. (Бақара: 183).
Ислом йўл жиҳатидан қодир бўлган мусулмонга муқаддас жойларга бориб ҳаж ибодатини бажаришини фарз қилди. Муқаддас жойларга боришни баъзи инсонлар у хулқий маъноларга ҳеч боғлиқ бўлмаган шунчаки сафар деб ҳисоблайдилар ва уни бошқа динлардаги баъзи ибодатларга ўхшатадилар. Бу эса хато тушунчалардир. Аллоҳ ҳаж ибодати ҳақида қуйидагича дейди:
Ҳаж маьлум ойлардир. Кимки уларда ўзига ҳажни фарз қилса, ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқдир. Нима яхшилик қилсангиз, Аллоҳ уни биладир. Озуқа олинг, энг яхши озуқа тақводир. Менга тақво қилинг, эй ақл эгалари! (Бақара :197) .
Биз Ислом динида машҳур бўлган ибодатларнинг айримларига қисқача тўхталиб ўтдик. У ибодатлар Ислом динининг асосий рукнларидан ҳисобланган. Энди ўша ибодатларнинг динни хулқ билан боғлайдиган томонларини баён қилиб ўтамиз.
Албатта ибодатлар амалга оширилишларида бир- бирларидан катта фарқ қилсаларда, улар Расулуллоҳ алайҳис саломнинг: «Мен фақат гўзал ахлоқни камолига етказиш учун пайғамбар қилиб юборилдим», деб айтган ҳадислари ишора қилган ғояда дуч келадилар.
Намоз, рўза, закот, ҳаж ва шунга ўхшаш бошқа Исломий таълимотлар юксалиш поғоналари ва покланиш устунларидир. Зеро, ҳаёт шулар билан разилликлардан ҳимояланади ва яхшилик сари ривожланади. Шунинг учун ҳам бу ибодатларга Аллоҳ динида буюк мақом берилган. Агар инсон ўша ибодатлардан ақли ва қалбини поклайдиган ва Аллоҳ ҳамда бошқа инсонлар билан бўладиган алоқаларини ўнглайдиган нарсалар билан фойдаланиб олмаса у кўп нарсани қўлидан бой бериб, тубан кетган бўлади.
Аллоҳ «Тоҳа» сурасида шундай дейди:
Шубҳасиз, ким Роббига жиноятчи бўлган ҳолида келса, албатта, унга жаҳаннам бордир. У ерда у ўлиб ўлмас, яшаб яшамас. . Ким Унга мўмин ўлароқ, яхши амаллар қилган ҳолида келса, бас, ана ўшаларга олий даражалар.
Остидан анҳорлар оқиб турган адн жаннатлари бор. Унда абадий- қолурлар. Ана шу пок бўлганнинг мукофотидир. (74-76 оятлар)
Таржимон: Р.Усмонов
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили