РАМАЗОН НАФСНИ ТИЙИШ ОЙИ
1639
2-05-2020, 16:28
515
Ўқиш режими
+
-
РАМАЗОН НАФСНИ ТИЙИШ ОЙИ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Мана Рамазон ойининг дастлабки биринчи даҳаси ( ўн кунлиги) ўтиб бормоқда. Бу даҳада Аллоҳ таоло учун ейиш-ичишдан, шаҳвоний яқинликдан тийилмоқдамиз.
Aллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтади:
“Ким нафсининг истаклари билан туғёнга тушган ва дунё ҳаётини охират ҳаётидан устун қўйган бўлса, фақат жаҳаннамгина унинг учун жой бўлур. Ким Раббининг қудратидан қўрққан ва нафсоний ҳавойи хоҳишлардан қайтарган бўлса, фақат жаннатгина унинг учун жой бўлур” (Назиаат сураси 37-41-оят)
Демак, ояти каримадан кўриниб турипдики, инсон дунёда ҳалол-ҳаромни фарқламасдан, фақат нафснинг «қули» бўлиб қолса, у жаҳаннам аҳлидан, агар нафсини жиловлаб ақл билан иш юритса, уни албатта жаннат охирги манзили бўлиши маълумдир.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) буюрадилар: “Тўйгунча еб-ичиб, қалбларингизни ўлдирманг! Қалб бир ниҳолга ўхшайди”, -дедилар. Ниҳолга ошиқча сув берилганда қандай сарғайиб ўсишдан тўхтаса, худди шундай қалб ҳам ортиқча сувдан ўлади.
Нафснинг ҳавойи истакларига бўйсунган одам, агар у ҳукмдор бўлса, қул аҳволига тушади. Нафснинг ҳавойи ҳавасларига қарши бориб, сабр қилган одам еса, қул бўлса ҳам ҳукмдор бўлади.
Кимки меъдасини узлуксиз тўлатиб юрса, нафсини тиймаса, маънавият оламига киролмайди, ибодатнинг лаззатини ҳам тотимайди.
Aбу Бакр Сиддиқ (р.а.) “Мусулмон бўлганимдан бери Раббимга ибодат завқини олиш учун тўйгунча овқат емадим. Яна Раббимга етишиш иштиёқида қонгунча сув ичмадим. Чунки кўп еган одам кўп ибодат қилолмайди. Инсон бўғзига тиқилгунча овқат еса вужуди оғирлашади, кўзини уйқу босади! Aъзолари овора бўлиб қолади, кўп ибодат қилишни ният қилса ҳам бажаролмайди, қўлидан келадигани фақат уйқу бўлади” дейдилар.
Ҳазрати Aли (р.а): “Мен ва нафсим бир сурувнинг чўпонига ўхшаймиз. Чўпон сурувни бир томондан тўплайди, бир томондан сурув ёйилиб кетаверади. Ким нафсини ўлдириб, унинг истакларини тўхтатиб қола олса, раҳмат кафанига ўралади ва каромат тупроғига дафн етилади. Кимки қалбини ўлдириб, ундаги илоҳий ва инсоний туйғуларни ҳалок этса, лаънат кафанига тикилади ва азоб тупроғига дафн етилади”, дедилар.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, инсон доимо ўз нафси билан ҳар доим курашиб, уни ислоҳ қилиб бориши лозим, айниқса Рамазон ойларида.
A.Маллаев
Шаҳрисабз шаҳар «Кундузак» жоме масжиди имом хатиби