ОИЛА МУҚАДДАСДИР
(БЕШИНЧИ ҚИСМ)
ЧИРОЙЛИ ИСМ ҚЎЙИШ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Болага чиройли исм қўйиш ота-онанинг фарзанд олдидаги масъулиятларидан ҳисобланади. Ислом тарихида бўлиб ўтган ажойиб ҳодисалардан хабардор ҳар бир отаона қандай шароитда бўлмасин, фарзандига чиройли, маъноси ҳам гўзал исм қўйишга ҳаракат қилади. Зеро, исм ўз эгасининг хулқ-атворига, ҳатто тақдирига ҳам таъсир қилиши айтилган. Қиёмат куни ҳар бир инсон ўз исми билан чақирилади. Абу Дардодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Батаҳқиқ, қиёмат куни сизлар ўз исмларингиз ва оталарингиз исмлари билан чақириласизлар. Бас, (шундоқ экан) исмларингизни гўзаллаштиринг!» Бола туғилганида кўпинча ота-оналар унга қандай исм қўйишга ўйланиб қолишади. Лекин кўп бош қотирмай, маъноси ғализ, тумтароқ исмларни қўйиб юборишади. Шу қўйиладиган исм бола билан нафақат фоний дунёда, балки қиёматда, жаннат ё дўзаҳда ҳам бирга бўлади. Бу мавзуга алоқадор ҳадисларда айтилади: Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Дарҳақиқат, Аллоҳ таолога энг ёқадиган исмларингиз “Абдуллоҳ” ва “Абдурроҳман”», дедилар. Ҳадисда исм қандай бўлиши кераклиги очиқ баён қилинган. Киши ўзининг Аллоҳ таолога суюкли эканини билдирмоқчи бўлса, «Абду…» билан бошланадиган исмларни қўйсин, чунки бундай исмлар инсон Аллоҳ таолонинг қули эканини ҳамиша билдириб туради. Бошқа бир ҳадисда бундай келган Абу Ваҳб айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Пайғамбарларнинг исмларини олинглар, Аллоҳ таолога энг ёқадиган исмлар “Абдуллоҳ” ва “Абдурроҳман”дир, энг садоқатлиси “Ҳорис” ва “Ҳаммам”дир, энг ёмони “Ҳарб” (уруш) ва “Мурра” (аччиқ)дир».
Ўғил болаларга пайғамбарларнинг (алайҳимуссалом) муборак исмларини қўйиш ҳам мақсадга мувофиқ саналади. Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) исмларидан «Муҳаммад», «Аҳмад» кабиларни қўйиш фазилатлидир, аммо у кишининг кунялари билан «Абулқосим» деб исм қўйиш жоиз эмас. Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) ёмон ва хунук исмларни ўзгартиришга буюрганлар. Масалан, ҳазрат Умарнинг (розияллоҳу анҳу) қизлари Осия (гуноҳкор) исмини Жамила (чиройли, гўзал) деб ўзгартирганлар. Ҳадисларда яна у зотнинг «Ҳарб» (уруш), «Мурра» (аччиқ) каби хунук исмларни яхшисига алмаштиришни буюрганлари нақл қилинган. Шу ўринда Умар ибн Ҳаттоб (розияллоҳу анҳу) даврларида бўлиб ўтган ажойиб воқеани эсга олиб ўтиш фойдадан холи эмас. Умар ибн Ҳаттоб ҳузурларига бир киши келиб, ўғлини оқ қилганини айтди. Умар (розияллоҳу анҳу) ўғлини чақиртириб, отаси оқ қилганини билдиргач, отасининг ҳақларига риоя қилмагани учун унга танбеҳ бердилар. Шунда у йигит: «Эй мўминлар амири, отанинг устида боланинг ҳақлари йўқми?» деди. «Бор», деб жавоб қилдилар ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу). «Улар қайсилар?» деди йигит. «Ота боласига яхши она топиши, чиройли исм қўйиши ва Қуръонни ўргатишидир», деди ҳазрат Умар. «Бўлмаса, отам ҳеч нарса қилгани йўқ экан-да. Онам бир мажусий қўлида қора ишчи бўлиб ишлаяпти. Исмим Хунфусо (гўнг титадиган қўнғиз маъносини англатади). Қуръоннинг эса бирон ҳарфини билмайман, отам ўргатмади», деди йигит. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу) йигитнинг отасига: «Олдимга келиб ўғлингни оқ қилмоқчи бўлдинг, ваҳоланки, у сени оқ қилиши керак экан-ку! У гуноҳ қилишидан олдин сен гуноҳ қилибсан», дедилар. Фарзандга яхши исм қўйганидан кейин уни чала-ярим қилмай, тўлиқ ва гўзал талаффуз қилиш лозим. Афсус, баъзи оилаларда исмни қисқартириб чақириш одат тусига кирган. Масалан, «Абдуллоҳ»ни (Аллоҳнинг бандаси) «Абди», «Абдул» дейишади, бу иш исм эгасига ҳам, Парвардигорга ҳам катта ҳурматсизликдир.
БОЛАНИНГ СОЧИНИ ОЛИШ
Бола туғилганидан кейин етти кун ўтгач, унинг сочи олиниб, ўлчанади, шу миқдорда фақирларга кумуш садақа қилиш суннат амал ҳисобланади. Бунинг икки ҳикмати бор. Биринчиси, боланинг соғлом ўсиши, куч-қувватга тўлиши, кўриш, ҳид билиш ва эшитиш каби сезги турлари мукаммал бўлиши учундир. Иккинчиси, ижтимоий ҳикмат бўлиб, жамиятда бола ўз ўрнини топиши, ижтимоий адолатнинг қарор топиши ва боланинг келажакда қўли очиқ бўлиши учундир. Имом Молик «Муватто» асарида бундай деган: «Фотима (розияллоҳу анҳо) Ҳасан ва Ҳусайн, Умму Гулсум ва Зайнабларнинг сочларини олиб, ўлчаб, шу миқдорда кумуш садақа қилганлар». Абдуллоҳ ибн Абу Бакрдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳасанга бир қўчқор сўйиб ақиқа қилдилар ва Фотимага: “Унинг сочини ол ва шу миқдорда садақа қил”, дедилар. Унинг вазни бир дирҳам ёки бир неча дирҳам миқдорида эди». Китобларда қиз боланинг сочини олдирмаслик кераклиги айтилган. Улуғларимиз қиз боланинг сочини ҳатто ёшлигида кесишдан ҳам қайтаришган.
АҚИҚА ҚИЛИШ
«Ақиқа» луғатда кесиш деган маънони англатади. У «аққа» сўзидан олинган бўлиб, шаръий истилоҳда чақалоқ туғилганининг еттинчи, ўн тўртинчи, йигирма биринчи куни ёки кейинроқ фарзанд шукронаси ва жонининг гарови сифатида қўй сўйиб қилинадиган «ақиқа»ни англатади. Арабларда янги туғилган чақалоқнинг бошидаги соч «ақиқа» дейилгани учун унинг сочи ҳам олинади. Ақиқа эваз, гаров бўлиб, болага етадиган бало, тузалмас касалликлар эвазига унинг номидан бирор жонлиқни сўйиб, садақа қилишдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Янги туғилган болага ақиқа қилинглар, қон оқизиб, азиятларини даф қилинглар» (Имом Бухорий ривояти). Бошқа ҳадисда: «Сунан» эгалари Самрадан ривоят қилишади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ақиқа болага гаровдир. Еттинчи куни қўй сўйилади, исм қўйилади ва сочи олинади”, дедилар». Ақиқанинг яна бир фазилати – туғилган чақалоқ ёшига тўлмасдан вафот этадиган бўлса, жаннат эркатойи бўлади. Яъни, қиёмат куни «онам жаннатга кирмаса, мен ҳам кирмайман», дейди. «Онанг кирди, энди жаннатга кир», дейилса, «отам кирмагунича кирмайман», деб туриб олади. Балоғатга етмай вафот этган болалар жаннатий ҳисобланишади. Ақиқанинг бир неча фойда ва ҳикматлари бор: 1. Жонлиқ сўйиш туфайли Аллоҳга яқинлик ҳосил қилинади. 2. Болани мусибат ва офатлардан асрайди, иншааллоҳ. 3. Болага гаров бўлади. 4. Мўминлар сони кўпайгани учун хурсандчилик пайдо қилади. 5. Янги туғилган болага қилинган зиёфат туфайли кишилар орасида меҳр-оқибат кучаяди. 6. Боланинг сочи миқдорида қилинган садақа сабабли жамиятда тенглик пайдо бўлади.
Шу ўринда шариат жорий қилган баъзи зиёфатларнинг номларини маълумот учун келтириб ўтишни маъқул кўрдик: Қироҳ – ёз зиёфати. Туҳфа – меҳмон келса бериладиган зиёфат. Харс – туғруқдан кейин бериладиган зиёфат. Маъдаба – таклиф қилинганида бериладиган зиёфат. Валима – тўй зиёфати. Ақиқа – фарзанд туғилганидан кейин етти кун ўтиб бериладиган зиёфат. Ғадира – бола хатна қилинганида бериладиган зиёфат. Вазима – азадан сўнг бериладиган эҳсон. Нақиҳа – сафардан қайтганида бериладиган зиёфат. Вакира – иморат битганида бериладиган зиёфат. Шу ўринда бир нарсани айтиш керак, одамларнинг топиш-тутишлари ҳар хил бўлгани учун баъзилар ақиқа қилолмасликлари мумкин. Шу боис қурби етмайдиганлардан ақиқа соқит бўлади. Қўй ўрнига хўроз ёки бошқа жонлиқ сўйдираман деса, ақиқа ўрнига ўтмайди, чунки ҳадисда айтилган жонлиқнинг миқдори энг кам эътиборидадир. Яъни, ундан кичикроқ нарса ақиқа ҳукмига кирмайди. Чунки ақиқа қурбонликка ўхшаш бир амалдир. Ҳозирги пайтда айрим жойларда ўғил болаларга ақиқа қилинади-ю, аммо қизларга ақиқа қилишга унча аҳамият берилмайди. Бу иш нотўғри. Ҳолбуки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Боланинг офат ва касалликлардан омонда бўлиши ақиқага боғлиқдир», деганлар.
ЎҒИЛ БОЛАНИ ХАТНА ҚИЛИШ
«Хатна» деб луғатда терини кесишга айтилади. Шариат истилоҳида эса, бола закарининг учини кесишга айтилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу хусусда шундай марҳамат қилганлар Имом Аҳмад ўз «Муснад»ида Аммор ибн Ёсирдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Етти нарса фитратдандир: оғизни ғарғара қилиб чайиш, бурунни чайиш, мўйлабни қисқартириш, мисвок тутиш, тирноқларни олиш, қўлтиқлар тагини, киндик остини пок тутиш ва хатна қилиш», дедилар. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтдилар: «Хатна эркакларга суннатдир».
Хатнанинг зарари йўқ, аксинча, фойдаси бор, тиббиёт мутахассислари ҳам буни тавсия қилишади.
Фарзандга муносиб ота ва она танлаш, бола эмизиш, унинг қулоғига азон айтиб, исм қўйиш, сочини олиш, ақиқа қилиш масалаларининг умумий таснифотига китобимизнинг “Фарзандлик бурчи ва вазифалари” бобида ҳам қисқа тўхталиб ўтамиз.
ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ – МУҲИМ ИШ
Ислом таълимоти болалар зиммасига ҳам қатор вазифаларни юклайди. Отаоналарни ҳурмат қилиш ва уларга итоат этиш борасида бир қатор васият ва кўрсатмаларни баён этади. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади «Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: «Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро, 23–24). Ояти каримада «Уларга ёқимли сўз» дейилганида, ота-онани номи билан чақирмаслик, балки «отажон, онажон» каби сўзлар билан муомала қилиш, уларни ранжитмаслик, улар олдида ўзини хоксорлик билан тутиш кабиларни тушуниш керак (Насафий ва Хозин тафсир китоблари). Аллоҳ таоло бу ояти каримада ота-оналарга яхшилик қилишни юқори даражага кўтариб, бандаларни Ўзига қай даражада ибодат қилишга буюрса, ота-оналарга ҳам шу даражада яхшилик қилиш, уларнинг ҳурматларини жойига қўйишга амр этади. Қуръони каримнинг қайси бир оятида ота-оналарга яхшилик қилишнинг зикри келса, унинг ёнида, албатта, Аллоҳ таолога ибодат қилишга даъват, унга шукр айтиш ҳақида эслатма келади, яъни ота-онага ғамхўрлик қилиш амали Аллоҳ таолога имон келтириш ва унинг таълимотларига итоат этиш амалидан кейин таъкидланади. Бу каби оятлар бошқа сураларда ҳам келган: «Фақат Аллоҳгагина сиғинасиз, ота-онага яхшилик қиласиз...» (Бақара, 83). «Унга бирор нарсани шерик қилмангиз, ота-онага яхшилик қилингиз...» (Анъом, 151). «...Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз!..»(Нисо, 36). Яъни: «...Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтиш Менинг ҳузуримгадир» (Луқмон, 14). Юқоридаги ояти карималарда фарзандлар ёшми ёки каттами, доимо ота-онага яхшилик қилишга, уларнинг ҳузурларида ҳатто энг арзимас «уф» сўзини оғизга олмасликка даъват қилинади. Ислом таълимотида ёш авлоднинг жисмонан соғлом ва бақувват бўлиб улғайишига жиддий аҳамият берилган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Яъни, «Фарзандларингизга сузиш ва камон отишни, қизларга ип йигиришни ўргатинглар», деганлар (Байҳақий ривояти). Мамлакатимиз аҳолисининг 64 фоизини ёшлар ташкил этади. Уларнинг улғайиб, комил инсон бўлишлари учун давлатимиз барча зарур моддий ва маънавий шароитларни муҳайё қилди, спорт иншоотлари, дам олиш ва истироҳат масканларини барпо этиб, ёшлар ихтиёрига бериб қўйди. Маълумки, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида болаларнинг, айниқса, ўсмирларнинг соғлом ўсиб-улғайиши, илм олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун катта имконият ва шароитлар яратилмоқда. Олдин ҳам таъкидлаганимиздек,бу борада жамоат ташкилотларининг ҳам ўрни каттадир. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, «Соғлом авлод учун», «Болалар», «Меҳр нури», «Сен ёлғиз эмассан», «Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш», «Меҳр-шафқат ва саломатлик» ва «Мактаб таълими» каби жамғармалар алоҳида таҳсинга лойиқ фаолият олиб боришяпти. Шубҳасиз, ота-она, оила, маҳалла, мактаблар болалар тарбиясида муҳим аҳамият касб этади. Фарзандларимизни чиройли одоб-ахлоқ, яхши таълим-тарбия асосларида вояга етказиш давлат миқёсидаги долзарб масала экани ҳар биримизга яхши маълум. Фарзандларни ёшлик чоғларидан бошлаб илму маърифатга қизиқтириб, ўргатиб бориш лозим бўлади. Зеро, илму фаннинг қайси соҳасига бўлса ҳам қизиқиб, ўқибўрганиб, маълумот ҳосил қилган киши, албатта, ўзи, оиласи, халқи ва Ватани учун манфаат келтирадиган инсонлар қаторидан жой олади. Айниқса, таълим муассасаларида ўқишни тугатиб, ёзги таътилга чиққан фарзандларимизга эътиборли бўлишимиз лозим. Уларнинг илм ўрганишларига, қизиқарли дам олишларига қулай шароитлар яратиб берайлик.
Ота-оналар фарзандларини кўча-кўйда беҳуда тентираб, бўлмағур, ножўя хатти-ҳаракатлар қилишдан сақлаб, гўзал хулқ эгаси бўлишга чақиришсин. Одатда, оналар ўз болаларининг хато ва камчиликларини отасидан яширишга ҳаракат қиладилар. Айтсам уришади, боламга қаттиқ тегади деб, йўл қўйган хатолари, қўл урган майда-чуйда жиноятларини отасига айтмайдилар, оқибатда бола ўз вақтида танбеҳ олмаганидан кейин бора-бора каттароқ жиноятларни ҳам қўрқмасдан қилавериши мумкин. Шунинг учун фарзанднинг баркамол инсон бўлиб етишувида онанинг хизмати жуда зарур ва муҳимдир. Ота-она тарбиясининг аҳамияти ҳақида жаноб Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу ҳадиси шариф ворид бўлган: «Ҳар бир фарзанд мусулмон фитратида туғилади, лекин уни яҳудийга айлантириб юборадиган ҳам, насроний ёки мажусийга айлантириб юборадиган ҳам унинг ота-онасидир» (Имом Бухорий ривояти).
Фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, ўз тарихи, Ватани, она тилига, миллат улуғларига, муқаддас Ислом дини анъаналарига содиқ бўлиб қолишсин. Китоблардан ўрганилган маърифий илм қаторида оилада олинган ҳаёт илми ҳам уларга сув ва ҳаводек зарур. Илмли, одобли, фаросатли одам ҳаётда ўрнини топиб олади. Фарзандлари улғайган сари улар тақдирига ҳушёрроқ қараш, уларни юксак қадриятларимизнинг асл ва бақувват илдизларидан баҳраманд этиш, бугунги турмуш тарзимизга мос тарбия бериш ота-оналар зиммасидаги муҳим вазифалардан саналади. Кези келганида фарзандларимизнинг бирига айтилган насиҳат айни чоғда унинг ака-укаларига ҳам тегишли бўлиши, хонадондагиларнинг барчасига бирдай таъсир қилишини ўйлаб иш тутишимиз ва фарзандларимизнинг илм олишлари, касбҳунар эгаллашларига ҳамкор ва ҳамфикр бўлишимиз зарур. Шунингдек, уларни теваракатрофимизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга, ўзгаришларга дахлдорлик руҳида тарбиялашимиз, келажакка катта ишонч билан боқишга ўргатишимиз керак бўлади.
Хулоса қилиб айтсак, ёшларимизнинг ҳар томонлама комил, гўзал хулқли, мустақил фикр ва дунёқарашга эга, турли салбий одат, иллат ва таъсирлардан холи қилиб вояга етказишда жамоат ташкилотлари, ота-она, маҳалла фаоллари ва уламоларнинг ўрни беқиёсдир.
Давоми бор...
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Шайх Усмонхон Алимов нинг
“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан