Хайру саховатга чорлагай Ислом
Одамлар қалбидан меҳр сўнганда,
Сунбул шохларига зоғлар қўнганда,
Қондошлар бир-бирин пойин йўнганда,
Меҳр – муҳаббатга чорлагай Ислом.
Етим – есирларнинг кўзлари гирён,
Бева- бечоралар ҳар ерда сарсон,
Мискин, фақирларга айлангиз эҳсон,
Хайру саховатга чорлагай Ислом.
Оиланг сен учун муқаддас гўша,
Асло узилмасин боғланган реша,
Аҳдга вафодор бўл, қалб мисли шиша,
Вафо, садоқатга чорлагай Ислом.
Гуноҳ ишлар асли умр заволи,
Бир кун тутар унинг ҳайфу уволи,
Ҳаром ишнинг асло йўқ истиқболи,
Бахту саодатга чорлагай Ислом.
Кўнглинг очиқ бўлсин, қалбинг мусаффо,
Тилингда тиловат, дилингда зиё,
Аҳли донишларга бўлгин маҳлиё,
Фазлу маърифатга чорлагай Ислом.
Юзингда нур бўлсин ва шарми ҳаё,
Андиша, орият кўксингда жило,
Ота – онангдан ол энг аввал дуо,
Одоб, латофатга чорлагай Ислом.
Бировнинг ҳаққин еб қийналмас виждон,
Уларнинг ёнида улфати шайтон,
Ёмонлар қисмати Аллоҳга аён,
Инсоф, диёнатга чорлагай Ислом.
Қалбингда разолат чодирин қурса,
Кўксингда адоват тухми ниш урса,
Шайтон қўлларингдан етаклаб юрса,
Иймон – эътиқодга чорлагай Ислом.
Ҳақ йўлин ихтиёр айлагин мудом,
Дилингда зикр эт бир эзгу калом,
Жаннат боғларида оларсан ором,
Нури ҳақиқатга чорлагай Ислом.
Борига шукур қил, ризқинг унади,
Аллоҳ берганига мўмин кўнади,
Ҳасад тиғи билан қалбни йўнади,
Сабру қаноатга чорлагай Ислом.
Яхшилар, зикр этинг калому “Қуръон”,
Унинг шуъласидан ёришсин жаҳон,
Аллоҳ ҳақлигига келтиринг иймон,
Абад ҳаловатга чорлагай Ислом.
Расуллуллоҳ сўзин унутманг асло,
Аллоҳ буюк эрур, ягона, танҳо,
Берган неъматига айтинг шукрулло,
Файзу фароғатга чорлагай Ислом.
Зуҳра Ҳамроева
Тил ва адабиёт ўқитувчиси.