ЎЗАРО ҲАМЖИҲАТ БЎЛАЙЛИК
Бисмиллаҳир роҳманр роҳийм
Тарихдан маьлумки, башарият шу кунгача жуда кўп синовларни бошидан ўтказган. Жумладан халқимиз, ота - боболаримиз ҳам дахшатли босқинчиликлар, қатағон йиллари, вабо, очарчилик ва мустақилликнинг илк йилларидаги воқеалар сингари барча синовларни мардоновор сабр ва оқиллик билан енгиб ўтган халқимиз, бугун бутун дунё аҳлини ташвишга солиб қўйган коронавирус инфекциясига дуч келди. Ушбу касаллик ҳам инсоният учун мана шу синовлардан бири бўлди. Бу синов пайтида эса инсоннинг асл қиёфаси қандайлиги кўринади. Мана шу синовли кунларда барчамиз ҳамжиҳат бўлиб, ақл заковат билан, ёрдамга мухтож инсонларни қўллаб қувватлаб, биргаликда ҳаракат қилсак, Яратганнинг Ўзи бизга мададкор бўлади. Аллоҳ таоло Қасос сураси 77-оятида шундай марҳамат қилади:
«Ва Аллоҳ таоло сенга берган нарса билан охиратни изла, дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилгани каби сен ҳам яхшилик қил».
Ҳалол, пок, молу дунё Аллоҳнинг бандасига берган ҳадяси ва яхшилигидир. Ўша илоҳий неьматдан баҳраманд бўлган хар бир банда, бошқа одамларга ҳам яхшилик қилиши керак. Турли сабабларга кўра ноқулай иқтисодий ҳолатларга тушиб қолган биродарларига ёрдам бериши, бева-бечора, фақир мискинларнинг ҳолидан хабар олиши, ёрдамга мухтож кишиларга хайру-эҳсон қилиши шундай яхшиликлар қаторига киради. Бундай хайрли амалларни қилишимиз ўзимиз учун ҳам дунёю охиратда манфаатли амаллардандир. Динимиз таълимотларига кўра,
мухтож инсонларга ёрдам қўлини чўзишлик кишини жаннатга киритадиган амаллардан экан. Сўфий Оллоҳёр бобомиз ўзларининг байтларида
«Кўнгил олмоқ ҳама ишдин зиёда,
«На хожат Макка қилмоқлик ирода»
деб кўнгли ярим инсонларни кўнглини олишни Маккаи Мукаррамани зиёрат қилиш билан баробар қўймоқдалар. Алишер Навоий бобомиз эса:
«Одамий эрсанг демагил одамий,
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами»
яьни, халқни ғам ташвишига шерик бўлмаган, елкасида халқни ғами билан яшамаган инсонларни одамлар сафига қўшма демоқдалар.
Азизлар, юртимизни халқимизни бошига келган синовли кунларда барчамиз хамжиҳатликда, бир бирларимизга ёрдам қўлини чўзсак, иншааллоҳ, Яратган Роббимиз бизни ҳам бахтли саодатли бандалар қаторида қилажак!
Мухтаров Фазлиддин
Шаҳрисабз шаҳар бош имом хатиби