1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ОММАВИЙ МАДАНИЯТ ТАЪСИРИГА ТУШИБ ҚОЛМАНГ!

24-12-2019, 15:58 918 Ўқиш режими + -

ОММАВИЙ МАДАНИЯТ ТАЪСИРИГА ТУШИБ ҚОЛМАНГ!

Маълумки, йигирма биринчи аср ёшлари глобаллашув жараёни шиддатли тус олган замонда яшамоқда. Уларга турли кўринишдаги ғоявий хуружлар хавф солмоқда. Бир томондан экстремистик руҳдаги оқимлар, бошқа томондан миссионерлар ва оломонча маданият тарғиботчилари ёш авлод онгига ўзларининг пуч ғоялари ва ақидаларини сингдириш, миллий ва диний қадриятларимиздан айиришга муттасил ҳаракат қилмоқдалар. Натижада, етарли даражада илмга эга бўлмаган баъзи ёшлар соф ислом таълимотидан оғишиб, уларнинг найрангларига алданиб қолмоқдалар. Яна баъзилари эса, Ғарб давлатларининг моддий тараққиёти гўёки уларнинг маданиятига асослангандек хаёл қилиб, кийинишда, ўзини тутишда, ҳатто фикрлашда ҳам миллийлик ва динийликка ёт усулларни маъқул кўрмоқда.
“Оммавий маданият” Ғарб оламида ўтган асримизнинг охирларида шакиллана бошлади. Уни Ғарбдa “популяр” ёҳуд қисқартирилган ҳолда, “поп-культура” - “оммавий маданият” деб номлашган.
Бунга “маданият” деб айтилсада, мазмуни, маъноси, нияти, мақсадига қаралганида “бу оммалашган маданият” ёки “оломонча маданият” том маънода маданият кушандаси ҳисобланади.
“Оммавий маданият” деган тушунчанинг келиб чиқиши ҳам ноаниқ, бирор миллатга ҳам дахли йўқ, айрим гуруҳлар томонидан ғаразли мақсадга йўналтирилган, инсониятни инқирозга бошлайдиган ғоялар мажмуи. Бугунги кунда “оммавий маданият” ниқоби остида орамизда ахлоқсизлик, беҳаёлик, уятсизлик, фаҳш, жангарилик, ёвузлик каби кўплаб иллатлар илдиз отаётир.
Бундай пайтда биз ўзимизнинг миллий қадриятларимиз, анъаналаримизни чуқур ўрганиб, уларни ҳаётга кенг татбиқ этсак, оммалаштирсак, шу тариқа “оммавий маданият”нинг жирканч моҳиятини очиб, ёшларимизнинг “оммавий маданият” иллатига қарши иммунитетини оширган, пирповардида бу иллатнинг кириб келаётган йўлини тўсган бўламиз.
Бугунги кунда инсоният ғоят чигал ва зиддиятли замонда яшаяпти. Бунинг устига, эзгу ғояларни турли ғаразли манфаатлар йўлида сохталаштиришга интилувчилар тобора кўпаймоқда. Оқибатда асл мақсадлар ниқобланиб, азалий қарашларнинг маъноси атайин чигаллаштирилмоқда.
“Оммавий маданият” энг аввало, юксак истеъдод ва ўлмас маънавий-ахлоқий ғоялар байроқдори бўлган мумтоз маданиятга, санъатга, унинг бойликларига қарши тиш-тирноғи билан курашиб, уни инкор этиб келяпти.
“Оммавий маданият” ёки “оломонча маданият”нинг яна бир кўринишларидан бири шуки, “поп-музиқа” ижрочилиги кўнгилочар мусиқа ниқоби остида оммавий васвасали, шайтоний талвасали, бадахлоқ рақслар, кўпинча охири жанжал, ур-йиқит, ваҳшийликларга бориб етадиган агрессив дискотека шоуларини уюштириш билан ажралиб туради. Яъни жазавали ритм, зарб, шовқин ушбу мусиқанинг қиёфасидир. Бу мусиқа тинглашга, қалбдан ҳузурланишга эмас, балки вужуд ҳаракатига, талвасали рақсга йўналтирилган.
Аслида, уларнинг саҳнада ўзларини безорилардай тутиши санъатни ва санъаткорликни ерга уради. Бу эса ҳайрон қоларли эмас: чунки асл санъатни ерга уриш – “Оммавий маданият”нинг дастурий, яъни ўз олдига мақсад қилиб қўйган вазифаларидан биридир. Албатта, халқимиз, жумладан, ёш авлод ғарб фан-техникаси, маданияти, адабиёту санъатининг илғор жиҳатларини инкор этмайди. Бироқ ғарбдаги тараққий парвар зиёлиларнинг ўзи “ғарбнинг муаммоси” сифатида баҳолаётган “оммавий маданият”нинг маънавий-ахлоқий тубанликларини ёшларимиз қанча тез англаса, шунча яхши.
Ҳар бир инсон ўз генетик келиб чиқиши билан ўз миллатининг, ота-боболарининг характерларини ўзида акс эттиради. Оммавий маданият таъсирига берилиб кетиш инсонни генетик хотирасини ишдан чиқариб уни ақлсиз мавжудотга айлантириб қўяди.
Шунингдек, глобаллашув жараёнида “Оммавий маданият” ўз гирдобига ёшларни тортиб олмасдан олдин, улар билан миллий урф-одатлар, тарихий қадриятларимиз руҳида таълим-тарбия ишларини жадаллаштиришимиз лозим.
Тарбия – жамиятнинг бош вазифаси. Шунинг учун бу масалани бир-икки тизим зиммасига юклаб қўйиш билангина ҳал этиб бўлмайди. Биринчидан, тарбия – она қорнида ҳомилани парвариш қилишдан бошланиб, инсон умрининг сўнгги дақиқасигача изчил давом этадиган умрлик вазифа. Иккинчидан, кишилик ҳаёти шундай мураккаб жараёнки, тарбия билан амалда жуда кўп соҳалар шуғулланади. Учинчидан, улардан битрортасини четлаб ўтиш ё иккинчи даражали деб ҳисоблаш кемтикликка сабаб бўлади, мукаммал инсонни тарбиялаш эса орзу бўлиб қолади, холос.
Шахбоз НИЗОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги масъул ходими