Оқил фарзанд камоли
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Aввало бутун махлуқот-у мавжудотлар ичида сиз-у бизни инсон қилиб яратган Aллоҳ субҳанаҳу ва таалога ҳамд-у санолар бўлсин!
Бугун биз фарзанд камоли хусусида мушоҳада юритар эканмиз,фарзандларимизнинг жамиятдаги ўрни, вазифалари, ота-она олдидаги бурчлари ва уларнинг ҳаққини адо этиши, ватанини севиши, қалбида иймон, динимиз таълимотларини онггига сингдириш ҳар бир ота-онанинг бурчи ва вазифаси ҳисобланади . Бу эса аввало ота-онанинг ўзи тарбияли, иймонли,тафаккури кенг бўлишлигини тақазо етади.
Барчамизга маълумки, фарзанд инсон ҳаётининг мазмуни насл-насабини давом эттирувчи оиланинг мустаҳкам занжиридир.
Юртбошимизнинг ташаббуси билан ёшлар ва фарзандларимизнинг билимли ва маърифатли бўлиши учун 2019- йил 3-апрелида ёшлар маънавиятини юксалтириш, бўш вақтларидан унумли фойдаланиш ҳақида 5 та ташаббус ва жорий йилнинг 24-январидаги мурожаатномаси эълон қилинди. Мурожаатномада юртимиз ёшларига берилган имкониятлари, хотин-қизларимиз учун яратилаётган шароитлар юртимиз ёшларини руҳлантириб, юртига бўлган садоқатини янада юксалтирди.
Бинобарин, бугунги коронавирус пандемияси тарқалиб, юртимизда карантин чора-тадбирлари қўлланилгани сабабли ўқувчиларимиз уйда бўлиб қолганлари ҳаммамизга маълум. Аммо шунга қараймай, ёш авлоднинг билим олиш жараёни тўхтаб қолмаслик жиҳатидан масофавий онлайн тарзда билим олиш жорий этилди. Бу эса ҳукуматимизнинг ёш авлод таълим олишига қанчалар аҳамият бераётганига далолат қилади.
Шундай экан, биз ота- оналар ҳам фарзандларимиз таълим-тарбиясига алоҳида эътибор беришимиз, бунинг учун уларга имкон қадар барча шароитларни яратиб беришимиз лозим бўлади.
Aбдулла Авлоний бобомиз фарзанд тарбияси ҳақида шундай пурмаъно сўзларни келтирган: “Тарбия ё ҳаёт , ё мамот , ё нажот , ё фалокат ,ё ҳалокат ,ё саодатдир”- деганлар.
Дарҳақиқат , шундай экан ўстираётган оқил ва оқила фарзандларимиз хонадонимиз файзи , келажагини нурли ҳидоятга элтувчи ворислардан бўлишлигини Яратгандан сўраб қоламиз.
Чироқчи туман бош отинойиси:
Набийева Наргиза.