НАРХ-НАВОНИ СУНЪИЙ ОШИРИШ - ҲАРОМ
Президентимиз жорий йилнинг 18-март куни маҳалла ва оила масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳар бир раҳбар бозорларга бориб, нарх-навонинг сунъий равишда оширилишига йўл қўймаслик, юзага келган муаммоларни бартараф этиш, бунда энг аввало, фуқароларимиз бу ишларга ўзлари амалда гувоҳ бўлиши лозимлиги юзасидан аниқ топшириқ берган эди.
Сир эмаски, интернет ва ижтимоий тармоқларда коронавирус инфексиясининг аниқланиши оқибатида одамлар озиқ-овқат ва бошқа зарурий ашёларни ҳарид қилишга тушиб кетгани, бундай вазиятдан унумли фойдаланишни кўзлаган “уддабурон тадбиркорлар” томонидан нарх-навонинг сунъий равишда ошириш ҳоллари юзага келаётгани ҳақида турли хабарлар тарқалди. Хўш, бундай вақтда мусулмон киши қандай йўл тутиши керак? Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул маҳфуз)да (ёзилган)дир” (Ҳуд сураси, 6-оят). Бир неча киши Салама ибн Динор роҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурига келиб шундай дейишди: Эй Абу Ҳозим, нархларни кўтарилиб кетганини кўрмаяпсизми?! У киши: Бу сизни нега ғамга солади? Арзончиликда бизга ризқ берган Зот қимматчиликда ҳам ризқ беради, дея жавоб бердилар.
Тонг отиши билан паррандалар ҳаттоки чивинлар ҳам ўз инларидан чиқади. Ейишга ҳеч вақоси йўқ бўлса-да, хотиржамлик билан уча бошлайди. Чунки улар ризқ Аллоҳдан эканини билади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Агар сиз Аллоҳга чинакам таваккал қилолганингизда эди, эрталаб инидан оч қорин билан чиқиб кетиб, кечки пайт тўқ қорин билан қайтиб келган қуш каби ризқлантирилар эдингиз” (Имом Термизий ривояти).
Бугун халқнинг бошига келган бу оғир синовли кунлардан фойдаланиб қолиб, нархни сунъий ошириб фойда кўраман, дейиш — молни ҳаром йўл билан ейишга киради. Бировнинг мол-мулкини ҳаром йўл билан ейиш бу дунёда турли бало-офатларга, охиратда дўзах азобларига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бизни бундан огоҳлантириб: “Эй мўминлар! Бир-бирингизнинг молингизни ноҳақ йўллар билан еманг. Ўзганинг молини фақат рози бўлиб савдо қилиш билан олгач, ейишингиз мумкин” (Нисо сураси, 29-оят), деган.
Савдода ҳаром қилинган ишлардан бири эҳтикор (монополия)дир. Маъмар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким эҳтикор қилса, ўша хатокордир», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. «Эҳтикор» луғатда «ушлаб туриш» деган маънони англатади. Шариатда эса сотиб олинган нарсанинг нархини ошириш учун уни қасддан сотмай, ушлаб туришга «эҳтикор» дейилади. Уламоларимиз халқ оммасининг эҳтиёжи кўпроқ тушадиган нарсалар, хусусан, озиқ-овқатнинг эҳтикорига алоҳида, бошқа нарсаларнинг эҳтикорига алоҳида қараганлар. Биринчисини мутлақо мумкин эмас, десалар, иккинчисини қимматчилик вақтида мумкин эмас, деганлар. Эҳтикорни шариатимиз ҳаром қилган. Эҳтикор — нархни сунъий ошириш дегани. Нархни сунъий оширишда ким жабр кўради — халқ жабр кўради. Эҳтикорни динимиз ҳаром деди. Қуръонда Фиръавнни Аллоҳ таоло хато қилди, деб зикр қилади. Эҳтикор қилган одам — хато қилган одам, дейди Қуръон. Эҳтикор қилган кишини Пайғамбар алайҳиссалом ҳам ҳатокор демоқда, ўзини илоҳликка даъво қилган Фиръавнни ҳам Аллох таоло хатокор демоқда. Бу ердаги икки хато бир мақомга қўйилмоқда. Бундан келиб чиқадики эҳтикор қилиш ўта разил ишлардан бири экан.
Уламоларимиз – фирибгарлик, қаллоблик, тарозидан уриш, судхўрлик, зўравонлик, қароқчилик, монополия қилиб олиш, нархни сунъий равишда ошириш каби барча иллатларни шариатга хилоф бўлган ҳаром амаллардан деганлар.
Ислом дини инсонлар ўртасидаги муносабаталарда адолатли, инсофли, ҳалол бўлишни талаб этади. Булар орасида савдо-сотиқ ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳ савдони ҳалол, рибони ҳаром қилди” дея марҳамат қилган. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом бир ҳадисларида шундай деганларки, «ким бир мусулмон биродарининг дунёвий қийинчилигини кетказишда ёрдам берса, Аллоҳ қиёматда унинг қийинчилигини кетказишда ёрдам беради».
Азиз юртдошлар, мўмин биродарлар! Бу коинотда қайси бир мавжудот борки, Аллоҳ унинг ризқини унутиб қўйган бўлса... Ҳазрати инсон эса ана шу мавжудотларнинг энг улуғи экан, қандай қилиб унинг ризқи Яратган назаридан тушиб қолиши мумкин! Ахир буни Роббимиз зиммасига олган бўлса-ю, биз эса нархларни сунъий ошириб гуноҳга ботиш билан овора бўлсак.
Мақсуд Махсумов
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси