"ШАЙХ СОБИР" МАСЖИДИ
“Шайх Собир” масжиди Китоб тумани Кўҳисор МФЙ юқори Жовиз қишлоғидир. Жовиз қишлоғи туман маркази Китоб шаҳридан 63 км масофада жойлашган. Жовиз қишлоғи аҳолиси тожик миллатига мансуб кишилардир. Жовиз қишлоғи ҳақида “Ўзбекистон топонимларининг изоҳли луғати” китобида: “Жовиз–Китоб туманидаги қишлоқ ( Паландара). Қадимий шакли-йағиз. 11-15 аср ёдгорликларида кўп қўлланилган. М. Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб (15 аср) асарларида йағыз йэр(кул ранг, бўз ер) бирикмаси учрайди. Хўжандийнинг “Латофатном” достонида ҳам ёғиз ер бирикмаси мавжуд. Қадимги туркий тилда йағыз сўзининг бир маъноси ер(земля), тусига кўра отнинг бир тури ҳам йағиз деб номланган. Ёғиз-ўзлаштирилмаган, бўз тупроқли ер. Шу сўзнинг қипчоқ шеваларига хос шакли жовиз-жоғиз-йоғиз. Жовиз-бўз ерда ташкил бўлган қишлоқ[1]” дейилади. Маълумотларга кўра, мана шу қишлоқда мулла Абдураҳмон бошчилигида уста Абдулҳаким ўз шогирдлари билан масжид қуради. 1980 йилда бу масжид уста Бегали ва уста Давлатлар томонидан таъмирланади. Мустақилликнинг дастлабки йилларида масжид таъмирланади. Масжид шу ерда яшаб ўтган Шайх Собир деган кишининг номи билан аталади. 1999 йилда масжид Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинади ва ўзининг расмий фаолиятини бошлайди.
“Шайх Собир” масжиднинг тарҳи мурабба шаклида бўлиб, унинг бўйи ва эни 12х12 метрни ташкил қилади. Масжиднинг икки томони айвон қилинган. Масжид ҳовлисида катта иккита чинор дарахти бор.
Ҳозирги кунда масжидда фуқароларнинг ибодат қилишлари учун барча шароитлар мавжуд. Масжид халқимизнинг диний эҳтиёжларини қондириш йўлида фаолият кўрсатиб келмоқда.


Р. Акбаров.
[1] Нафсов. Т. Ўзбекистон топонимларининг изоҳли луғати. Т. Ўқитувчи нашриёти. 1988. 74-75-бетлар.
.