1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИНСОНИЙЛИК МЕЗОНИ

24-12-2019, 16:14 708 Ўқиш режими + -
ИНСОНИЙЛИК МЕЗОНИ
             Инсоннинг ҳурмат қозониши, кишилар ўртасида обрў-эътибор топишида унинг гўзал хулқ-атвори муҳим роль ўйнайди. Ширинсуханлик, мулойимлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, кенгфеъллилик каби фазилатлар, инсон умрини безайди. Уни ҳам Аллоҳнинг ҳузурида, ҳам бандалар олдида суюкли қилади. Ана шундай гўзал фазилатлар борасида Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўмин-мусулмонларга ўрнак бўлдилар. Зеро, у зот шу вазифа билан вазифалантирилган эдилар. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай марҳамат қиладилар: “Мен гўзал ахлоқларни камолига етказиш учун юборилдим!”.
Муҳаммад (с.а.в) нинг ҳаётлари ҳар бир мўмин-мусулмон учун улкан тарбия мактабидир. У зоти шарифнинг ҳаёт йўлларини қунт билан ўрганиб чиққан ҳар бир инсон албатта, бунга амин бўлмай чораси йўқ. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй, иймон келтирганлар! Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб сураси, 21-оят) – деб, Муҳаммад (с.а.в)ни барча мўмин-мусулмонларга намуна бўлишга энг лойиқ зот эканликларини баён қилган.
Юмшоқ, ширин сўзли кишини барча яхши кўради, қўпол кишидан эса ўзини четга олади. Пайғамбаримиз (с.а.в) умматларини кўркам хулқли бўлишга чақириб бундай деганлар: “Қиёмат кунида мўъмин банданинг барча амаллари тарозуга қўйилганда энг тош босадиган амали яхши хулқдир, Аллоҳ таоло шармсиз, беҳаё сўз айтувчиларни ўзига дўст тумас”.
Пайғамбаримиз (с.а.в) бир куни саҳобаларидан: “Хўш, кимни энг кучли одам деб ўйлайсизлар?” – деб, сўрадилар. Саҳобалар: “Рақибини тезлик билан енгадиган, йиқитадиган киши энг кучли полвон бўлади”, деб жавоб бердилар. Шунда у зот (с.а.в): “Йўқ, ундай эмас, жаҳли чиққанда ғазабини ичига юта оладиган киши энг кучлидир”, дедилар.
Албатта, бу борада ҳам биз Пайғамбаримиз (с.а.в)дан ибрат олмоғимиз даркор. Афсуски, ҳозирги кунимиздаги баъзи кишилар қариндошлар билан силаи раҳм қилиш, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, ростгўйлик, инсоф, адолат каби фазилатларга ҳам беэътибор бўлиб қолмоқдалар. Баъзи бир кимсалар ўз ака-укалари билан сан-манга боришиб, ўртадаги қариндошчиликка чек қўйсалар, баъзи бировлар эса, қўни-қўшничилик ҳақларига риоя қилмай, уларга озор етказиб қўядилар. Баъзида кўча-кўйда ёшларнинг катталарга нисбатан ҳурматларини сақламаслиги кузатилмоқда. Албатта, булар мусулмонлар шаънига номуносиб бўлган ҳолатлардир.
Ҳикоя қилишларича, улуғлардан бирининг хизматкори хўжайинига таом келтираётиб, оёғи чалишиб, йиқилади ва қўлидаги таом гиламга тўкилади. Хўжайиннинг жаҳли чиқади. Шунда хизматкор: “Эй тақсирим, Аллоҳ таолонинг сўзини эсланг”, дейди. Аллоҳ нима деган? – сўрайди хўжайин. “Аллоҳ таоло “Ғазабни ютувчилар” – деган”, жавоб беради хизматкор. Шунда хўжайин, “Майли мен ҳам ғазабимни ичимга ютдим”, дейди. “Аллоҳ таоло яна: “Яхшилик қилувчиларни Аллоҳ севади”, деган” давом этади хизматкор. Шунда хўжайин: “Аллоҳ таоло учун сени озод қилдим”, деб хизматкорни қулликдан озод қилади ҳамда минг динор ҳадя беради.
Ушбу ҳикоятдан англашиладики, мўмин Аллоҳ таолонинг амрларини ўз ҳаётига тадбиқ эта олса, икки дунё саодатига эришади, иншааллоҳ.
Расулуллоҳ (с.а.в) Ислом динининг мазмун моҳиятини ўзларининг кундалик ҳаёт тарзлари, амаллари ва пурмаъно сўзлари орқали намоён қилиб берганлар. Шундай экан, Аллоҳ таолонинг ризосини истаган, дунё ва охиратининг фаровонлигини хоҳлаган ҳар бир мўмин-мусулмон киши Пайғамбар (а.с.)ни ўзи учун ибрат қилиб олмоғи лозим.
Аллоҳ таоло барчаларимизни гўзал хулқ соҳиби бўлмоқлигимизни насиб қилсин!
Бобур РАХМОНОВ,
Қарши шаҳар “Кўк гумбаз” жоме масжиди имом-ноиби.