Бемор зиёрати
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳ таоло инсониятни беҳисоб неъматлар билан сийлаган. Улар орасида инсон учун энг бебоҳоларидан иккитаси сиҳат - саломатлик ва хотиржамликдир. Дарҳақиқат, бу икки неъматдан баҳраманд бўлиб турган инсон уларнинг қадрига етиши лозимдир. Лекин, халқимизда “Иссиқ жон, иситмасиз бўлмас” деган нақл бор. Албатта бу нақл бежиз айтилмаган. Зеро, хасталик гудакни ҳам, ёшни ҳам, кексани ҳам четлаб ўтмайди.
Солиҳ кишига беморликларнинг етиб туриши Аллоҳ таолонинг унга яхшиликни ирода қилгани белгисидир. Бундай кишилар учун офат ва беморликлар гуноҳларнинг каффоратидир. Ҳа, агар банда солиҳ бўлса-ю, бирор мусибат ёки хасталикка учраса, бу нарсалар унинг учун гуноҳларига каффорат ёки дарожатларининг кўтарилишига айланади. Агар осий бўлса, мусибат унинг учун ёмонликларини ювиш ва бу дунё бевафолигини эслатиш бўлади.
“Набий (с.а.в.): “Мусулмонга қай бир мусибат – ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришими етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилур”, дедилар”.
Беморни зиёрат қилиш эса динимиз кўрсатмаларида энг савобли амаллардан ҳисобланади. Бунга “Бемор биродарининг зиёратига борган мусулмон киши, то қайтиб келгунча, жаннат боғлари ичра сайр қилиб юрган бўлади”, дейилган ҳадис етарли далил бўлади.
Ривоят қилинишича, бир киши, Умми Дардо розияллоҳу анҳунинг олдига келиб, қалбининг қаттиқлигидан шикоят қилди. У киши овутдилар: “Унинг энг катта давоси касалларни бориб кўриш, жанозага қатнашиш ва қабристонни зиёрат қилиш”. У киши бир муддат шундай қилдилар ва қалби юмшаганини сезиб, ичида бир хурсандчилик тўйди, сўнг Умми Дардонинг олдига келиб: “Сизни Аллоҳ таоло мукофатласин”, деди.
Беморни кўргани бориш суннатдир. Бемор мусулмоннинг бошқа мусулмонлар устида ҳаққи бор. У ҳам бўлса, уларнинг беморни зиёрат қилиб, кўнгил сўрашлари, ҳаққига дуо қилиб кетишларидир.
Барча эзгу амаллар каби беморни зиёрат қилишни ҳам астойдил, ихлос билан адо этиш лозим. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в) шундай марҳамат қилганлар: “Бир одам бемор кишини фақат Аллоҳ таоло розилиги учун кўришга борса, Аллоҳ таоло у ҳақда шундай дейди: “Жуда яхши қилдинг. Боришинг ҳам чиройли бўлди. Жаннатда ўзинга бир манзил тайёрладинг”
Бормаслик хижолатли иш деб маломатдан қўрқиб хасталарнинг зиёратига боришда савоб йўқ. Чунки у атрофдагилардан уялганидан борди. Аллоҳ таоло ризосини топишни ният қилгани йўқ.
Исломда барча ишларнинг ўз одоби бўлганидек, беморларни зиёрат қилишнинг ҳам ўз одоблари бор. Уламоларимиз, беморни зиёрат қилишнинг ўзига яраша одоб ва қоидаларини шундай келтиришади:
1. Касал бўлган одамни бориб кўришнинг савоби ва фазилати жуда кўп. Беморни зиёрат қилиш, ундан ҳол-аҳвол сўраш, бирор етишмовчилиги бўлса, кўмаклашиб юбориш мусулмон киши зиммасидаги зарур вазифалардандир.
2. Касал кишининг зиёратига озроқ ҳадя олиб, салом билан кирилади, унга яқин иложи бўлса, бош томонида ўтириб, аҳволи сўралади.
3. Беморнинг бош-кўзи, манглайи, оёқ-қўлини силаб, ундан ҳазар қилмай, яхши сўзлар билан кўнгли кўтарилади, дард вақтинчалик эканини айтиб, тасалли беради.
4. Касал кўриш чоғида дард, беморлик Аллоҳнинг бир неъмати экани, бунинг шукронасига тавба-тазарруъ қилиш лозимлиги беморга тушунтирилади.
5. Хасталанган кишининг ҳузурига кирганда очиқ юз, хуш кўнгил, шафқат билан муомала қилинади, унинг юзига синчиклаб қаралмайди, кўп ва қаттиқ овозда гапирилмайди.
6. Бемор ётган жойга янги кийимда ҳам, шунингдек, кир, хунук, нопок кийимларда ҳам кириш мақбул эмас.
7. Унинг ҳузурида паст овозда, табассум билан гапирилади, “Кўнглингиз нима тилайди?” деб сўралади, агар у хоҳлаган нарсасини айтса ва бу унга зарар қилмаса, хоҳ ўзи, хоҳ яқинлари орқали топиб беришга ҳаракат қилинади.
8. Бемор ётган уйда кулиш, йиғлаш яхши эмас, ҳар хил кинояли, оғир ботадиган, кўнгилга келадиган сўзларни айтмаган маъқул.
9. Агар зарурати бўлмаса, касал кўргани кечқурун бормаган маъқул, чунки дард одатда кечга бориб кучайиб, беморнинг аҳволи танглашади ёки у чарчаб, оромга шайланган бўлади.
10. Касални толиқтириб қўймаслик учун унинг олдида узоқ ўтириш, хасталик ҳақида эзмаланиб гапириш, билмаган нарсасини дори сифатида тавсия қилиш ярамайди. Чунки, ҳадисда шундай дейилган: “Касални зиёрат қилишнинг энг афзали унинг ёнидан тезроқ туриб кетишдир.”
Ўзининг розилиги бўлса, бир оз ўтириб, кўнглини кўтарувчи ибратли ҳикоялар сўзлаб турилади. Гапи совуқ, эзма, бефаросат кишиларни беморнинг ёнига йўлатмаган маъқул.
11. Хасталикка чалинган киши ҳам ўз навбатида келганларга дарди ҳақида гапириб, ҳикоя қилавермаслиги, фақат сўралгандагина жавоб қайтариши керак. У дарди кучайганида, ўзига ўлим тиламай, Аллоҳдан шифо сўрайди ва шукрона айтади.
12. Беморнинг ҳузуридан тураётганда, унинг ҳаққига дуо қилиб, Аллоҳдан шифо сўралади ҳамда “Худо хоҳласа, тезда тузалиб кетасиз”, “Дард ҳам бир меҳмон, ҳали соғайиб, отдай бўлиб кетасиз” каби сўзлар билан тасалли берилади.
13. Бемордан ўзининг ҳаққига дуо қилишини сўрасин. Зеро, касал кишининг дуоси фаришталарнинг дуоси каби ижобатдир. Бундан ташқари яна беморнинг тузала бошлаганига ишора қилиш, самимий сўзлар билан унинг кўнглини кўтариш ҳам одоблардир.
Аллоҳ таоло беморларимизга мукаммал шифо берсин.
М. Қораев
Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом хатиби