1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҚАДРЛАГАН ҚАДР ТОПАДИ

7-05-2020, 13:09 529 Ўқиш режими + -

Қадрлаган қадр топади
 
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
            Инсон – ҳаёт гултожи. Яратганнинг инъоми – онгу тафаккурнинг фақатгина одамзодга берилгани мазкур ҳақиқатга яна бир 
далилдир. Ҳар бир инсон бу дунёда қанча умр кўрса ҳам азиздир. Айниқса, улуғ ёшга кирган инсонлар ҳар доим қадрланган, уларнинг дуолари қолганлар учун сув ва ҳаводек зарур бўлган. Кекса ёшли отахону онахонларнинг ҳурматини жойига қўйиш барчамизнинг инсоний бурчларимиздан биридир.    Қолаверса, ёши улуғларга ҳурмат-эътибор кўрсатиш — халқимизга хос эзгу фазилат.           
Халқимизнинг йиллар давомида турли чиғириқлардан ўтиб сайқалланиб келаётган пурмаъно сўзлари бисёр. Уларнинг барида ҳаёт ҳақиқатлари мужассам. Азалдан юртимизда қарияларни қадрлашга, уларнинг дуоларини олишга ката эътибор қаратиб келинган. Бу ҳақда турли ривоятлар, ибратомуз мақоллар аждодлардан авлодларга мерос бўлиб келяпти.
            Чиндан ҳам “Қариси бор уйнинг париси бўлади”. Улар қадрланган уйда барака, файз ҳукмронлик қилади. Эътибор қаратсангиз, кексалари эъзоз этилган хонадонларда чексиз муҳаббатни, ҳатто қўни-қўшнилар, маҳалла-кўй билан ўзаро оқибатни кўрасиз.
            Шу боис ҳар доим ҳукуматимиз томонидан кексаларни қадрлашга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Уларнинг ҳуқуқлари қонун химоясига олинган. Қолаверса, кексаларимиз учун давлатимиз томонидан турли имтиёзлар ташкил этилган бўлиб, уларнинг барида инсон омили муқаддас эканлиги намоён этилган.
Дарҳақиқат, эл-юрт манфаати йўлида фидокорлик кўрсатиб, бугун қарилик палласида турган ота-боболаримиз меҳнати ва жонбозлигини қадрлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш кенжа авлодларнинг шарафли бурчи, чуқур масъулиятидир. Муқаддас ўгитларимизда катталарга ирқи, миллати, динидан қатъий назар ҳамиша иззат кўрсатиш, улар ҳолидан хабардор бўлиш, меҳр-оқибат кўрсатишга буюрилган. Яна шуни таъкидлаш жоизки, катта ёшдаги кишиларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш юксак фазилат деб баҳоланиб келган. Шу маънода кўрсатилган ҳурмат эвазига инсон ўзи ҳам келажак ҳаётида эъзоз-эҳтиромга эга бўлиши муқаррарлиги таъкидланган. Зеро, ҳадиси шарифда “Ҳурмат  қилган кишига ҳурмат насиб бўлади” - дейилган.          
Шунингдек, 9-май куни юртимиз-да “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида байрам қилиб нишонланади. Ушбу байрам шарофати билан кекса отахону онахонларимиз халқимиз эъзозида бўлиб, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланади.
            Пайғамбар алайхиссалом “Одамларнинг қилган яхшилиги учун ташаккур айтмайдиган киши Аллох таолога хам шукрона айтмайди” дедилар (Бухорий ривояти). Хулоса шуки, бизлар ҳаётга келишимизга сабабчи бўлган ота- оналаримизни, нуроний бобо-момоларимизни чексиз ва беминнат хизматларини қадрлаб,   уларга ташаккурларимизни хизматларимиз орқали намоён қилиб боришимиз керак бўлади.
Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайси бир йигит кекса одамни кексалиги учун эҳтиром қилса, Аллоҳ таоло кекса бўлганида уни ҳурмат қиладиган одамни пешонасига (тақдиротида) ёзади”, дедилар.
Уламолар бу ҳадис кексаларни ҳурмат қиладиган йигитнинг умри узун бўлишига далолат қилади, дейдилар.
Баззоз ибн Аббос қилган ривоятда: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Барака сизларнинг ёши улуғларингизда”, бошқа бир ривоятда эса: “Яхшилик сизларнинг ёши улуғларингизда”, деб марҳамат қилганлар. Шунинг учун ҳам кекса кишиси бор хонадон баракали, нурли бўлади. 
            Кексалик нуронийлик демакдир. Ҳаёт аччиқ-чучугини тотган инсонда комиллик сифатлари намоён бўлади. Барчани бирдек тушуниш, сабр, юмшоқлик каби фазилатлар инсонда йиллар давомида шаклланади ва улуғ ёшда айни юксакликка кўтарилади.
Доно халқимиз бежизга катталарга ҳурматда, ёшларга иззатда бўлишга чақирмаган. Сиз ва бизнинг дуогўйларимиз бўлмиш кекса ва ёши улуғларни ҳурмат қилиш ва эъзозлаш ҳар биримизнинг бурчимиз ва динимиз одобларидандир. Чунки, қариялар биз босиб ўтмаган довонлар борасида тажрибага эга бўлишади ҳамда ақллари ва одоб – ахлоқлари камолотга етиб, ёшлик-бебошликнинг тезлик ва шошқалоқликлари тўхтаган бўлади. Ёши улуғлар билан кўпроқ суҳбатда бўлганларда виқор ва босиқлик ҳамда ҳамма нарсага ақл билан ёндошиш каби хислатлар шаклланади.
            Ёш фарзандлар агарда бобо, бувилар тарбиясида улғайган бўлсалар уларнинг таъсири остида фарзандлар тарбияли, босиқ ва вазмин бўладилар. Катта инсонлар даражасида фикрлайдилар ва ҳаракат қиладилар. 
            Бир йигит бобосига дерди: - "Бобожон, мен ҳам сизнинг ёшингизга етсам, дейман..." "Илоё, ниятингга ет, болам, узоқ яшай десанг, кексаларни ҳурмат қил..." деди бобоси. Ёш авлод турмуш синовларида тобланиб, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган, теран ақлли, улуғ кишилар кўмаги ва маслаҳатига доим эҳтиёж сезади. Меҳнатсевар, ҳалол-пок, диёнатли, эл иши учун фидойи инсон бўлиб улғайишни истаган ҳар бир ўғил-қиз кексалар ҳаётий тажрибасидан, албатта, фойдаланиши лозим. Шунинг учун орамизда катталарнинг борлиги улуғ неъматдир. 
            Ёши улуғларга ҳурмат бўлиш, уларнинг олдидан кесиб ўтмаслик, уларнинг гапини бўлмаслик, қўполлик қилмаслик, талашмаслик ва доимо итоатда бўлиш улар олдидаги бурчларимиздандир.
            Ҳар биримиз ўз ота-оналаримизни, кекса ёшдаги қўни-қўшнилар, қариндош уруғларимиз ҳолидан хабар олиб, уларга меҳр-оқибат кўрсатайлик. Зеро, бугун амалга оширилган ҳар қандай эзгу иш эртага ўз мевасини беради. Биздан, сиздан ўрнак олган ёш авлод келгусида ана шу меҳрни ўзимизга қайтарадилар. “Қадр кўрсатган қадр топади” деган халқимизнинг доно ҳикмати ҳам шуни таъкидлайди. 
 
Қораев Муҳаммади
                                     ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги
                                    вакили ўринбосари