Хотира ва қадрлаш куни
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Маълумки, мамлакатимизда ҳар йили “ Хотира ва қадрлаш куни” ни ўтганлар хотирасини ёдга олиш, кекса инсонларни қадрлаш сифатида нишонланади.
Ислом дини ўтганларни эслаш ва уларнинг ҳаққига Аллоҳ таолодан мағфират сўраб дуо қилишлик бордир. Бу ҳақда “ Қурони Карим”да шундай дейилади:
“Улардан кейин ( дунёга) келган зотлар айтурлар: “ Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Сен раҳмли ва меҳрибон зотдирсан”. (Ҳашр сураси, 10-оят).
Ўтган кишиларни доим яхши сифатларини эслаш лозим, аммо улардан ўтган баъзи бир хато-камчиликларни хотирлашдан сақланиш лозим. Бу ҳақда ҳадисда шундай дейилади: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар” (Термизий ривояти).
Инсон ўтган аждодларни эсласак, уларнинг ҳаққига дуо қилсак, буни кўриб турган фарзандларимиз бундан яхши ибрат оладилар. Бу ҳақда шоир шундай дейди:
Бу садо жондан келур, инсон эшит,
Эй тирик юрган, тирик қадрига ет.
Эсласин руҳимни авлодим десанг,
Ўтган аждодингни сен ҳам ҳурмат эт.
“Хотира ва қадрлаш куни”да кекса онахон ва онахонларни, кекса ва муҳтож кишиларнинг ҳолидан хабар олинади. Аммо бугунги кундаги пандемия ва карантин шароитида уларнинг уйига бориб хабар ола олмасакда умрларига хайри барака тилаб, уйимиздан туриб дуоларимизда эслаб қўйилса ҳам айни муддао бўлади.
Кекса ва муҳтож кишиларни қадрлаш жамият кишилари ўртасида оқибатли бўлиш, инсонларнинг бир-бирлари билан ҳамдард бўлишлари каби инсоний фазилатларини юзага чиқаради.
Р. АКБАРОВ