1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МАРДОНАВОР ОТА-БОБОЛАРИМИЗ ҲАҚИДА ДОИМ ДУОДАМИЗ

8-05-2020, 16:14 649 Ўқиш режими + -


Мардонавор ота-боболаримиз ҳақида доим дуодамиз

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Тинчлик – Аллоҳ таоло томонидан  ато этилган энг улуғ неъматлардан биридир. Дунё тарихига назар соларканмиз, ана шу неъматнинг завол топишини истаган тарихий  шахслар ва улар  сабабли миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритган урушлар бўлганини ўқиймиз. Шулардан бири 1941-1945 йиллардаги иккинчи жаҳон урушидир. Бизку уни ўқиймиз ёки турли филмлар орқали уни экран қаршисида ҳиссиётсиз томоша қилишимиз мумкин. Аммо ўз вақтида юртимиздан урушнинг қайноқ ўчоқларига жўнатилган  мард ота-боболаримиз фашистларга қарши ўз кўксиларини қалқон қилдилар. Ватан ҳимояси йўлида ёш жонларини қурбон қилдилар.

Тарихий манбаларга назар ташласак, уларнинг кўрсатган қаҳрамонликлари олдида лол қоламиз. Дарҳақиқат, улар  фронтнинг ҳар жабҳасида – пиёда аскарлар  сафларида бўлсин, танк полкларида  ёки ҳаво ҳужумларида бўлсин тарихда қоладиган жанг санъатлари-ю  юксак маҳорат ва қаҳрамонликларини  намоён этганлар.   

          Қуйида ЎзА расмий сайтининг  05.05.2020 санасида берилган қуйидаги маълумотларни сизларга тақдим этамиз:

          “Республикада 15 дивизия ва бригада тузилиб, уларда ўзбеклар салмоқли ўринни эгалладилар. Ўша ҳарбий қисмлардан ташқари ўн минглаб навқирон йигит ҳаракатдаги армия сафларига юборилди. Тошкентдаги ҳарбий билим юртлари фронт учун бир неча минг командир ва сиёсий ходимларни тайёрлади. Урушнинг дастлабки ойларида Тошкент шаҳрининг ўзидан 100 минг йигит ва қисман аёллар ҳарбий хизматга жалб қилинди. Айрим маълумотларга кўра, Ўзбекистондан бир миллион киши фронтга олинган. Бироқ бу рақам унчалик тўғри эмас, деб ҳисоблайман. Чунки Олмонияда тузилган “Туркистон легиони” 1 милён 800 минг кишини ўз ичига олган. Бу легионнинг раҳбарларидан бирининг сўзича, унинг таркибида тожик, қозоқ, туркман ва қирғизлардан ташқари ўзбеклар ҳам бўлган. Маълумки, жанг майдонларида ярим миллионга яқин ўзбек ҳалок бўлиб, қолган ярим миллиони ватанига қайтган. Бу икки рақам бир-бирига қўшилса, бир миллион бўлади. Энди “Туркистон легиони” дагилар ҳисобга олинса, жангга тортилган ўзбекларнинг сони анча ошиб кетади.
          Ўзбеклар Украина, Белоруссия, Москва, Сталинград, Кавказ, Қрим, Курск, Днепр, Марказий ва Жануби-
Шарқий Европадаги жангларда қатнашиб, Берлингача бордилар. Шунингдек, Япония билан урушда иштирок қилдилар, партизан урушларида мардонавор курашдилар.

Шу тариқа ўзбек халқи Иккинчи жаҳон урушида фашистларни тор-мор этишга молини ҳам, жонини ҳам тикди. Бамисоли топган битта нонини тўртга бўлиб, биттасини ўзига, қолганини бевосита фронтга, сўнг республикага кўчириб келтирилганларга, жангга кетганларнинг оилаларига, ҳарбий госпиталларга, фашистлардан озод қилинган ҳудудларнинг оч-ночор аҳолисига берди. Айни пайтда бир миллиондан ошиқ фарзандлари фашистларга қарши жангларда мардонавор курашди. Улардан бир неча юз минг киши ҳалок бўлди ва жароҳатланди. Айни пайтда ўзбеклардан тузилган “Ишчи батальон”лар Россия ва бошқа турли жойларда фронт учун фидокорона меҳнат қилдилар.

          Бевосита жангларда бутун иттифоқ миқёсида 27 млн. кишининг ёстиғи қуриган, бошқа талафотларни ҳам қўшганда 30 млн. киши нобуд бўлган”

         Фронт ортида деган термин ортида ҳам захматкаш ўзбек мусулмон халқинининг фидокорона   меҳнати, жонфидоликлар ётади. Фронт ортида қолган диёримиз аҳолиси мудофаанинг эҳтиёжларини таъминлашда куну-тун меҳнат қилишиб, ҳатто бор-будларини ҳам аяшмади. Сўзимизнинг тасдиғи сифатида юқорида келтирилган маълумотдан яна каттароқ иқтибос келтирамиз:

“Ўзбекистон мудофаанинг моддий эҳтиёжини таъминлашда ҳам нимаики зарур бўлса, барчасини аямай сарфлади. Чунончи, уруш йилларида аҳоли томонидан мудофаа жамғармасига 649,9 млн. сўм нақд пул, 4 млрд. 226 млн. сўм заём пули, 52,9 кг. олтин ва кумуш топширилди. Армияга 7 518 800 та гимнастёрка, 2 636 700 та пахталик, 2 221 200 та этик ва қўнжли ботинка юборилди. Енгил саноат вазирлиги корхоналари томонидан фронтга 246 918 700 сўмлик маҳсулот жўнатилган.

Республиканинг ҳар бир вилояти, шаҳар ва тумани жангчиларга ёрдам қўлларини чўзишди. Масалан, 1942 йилнинг бошларида Бухоро вилоятидан 4059 жуфт иссиқ кийим, 9380 жуфт жун пайпоқ ва қўлқоп, 5660 қалпоқ, 2750 шим, 3000 пўстин, 18,5 минг литр вино ва қуруқ мевалар олинди. 1943 йилнинг бошларида Ленинградга Андижон вилоятидан 7884 килограмм ун ва буғдой, 5496 килограмм ёрма буғдой, 1160 килограмм гуруч, 418 қўй, 8510 килограмм қуруқ мева, Қорақалпоғистондан 224916 сўм нақд пул, 21614 килограмм буғдой, 5819 килограмм гўшт, 3700 килограмм гуруч жўнатилди.”

Бундай рақамларни давом эттиришда албатта бир мақоланинг ҳажми  кичиклик қилади.

Диёримизнинг бирор бир вилоят аҳолиси йўқки, фронт учун муносиб хиссасини қўшмаган бўлса.

Ҳар қандай қийинчилик бўлмасин, халқимиз ўзини йўқотмади, сабрни ўзига маҳкам тутди. Айрим онахонларнинг турмуш ўртоқлари бедарак йўқолган деб айтилган бўлсада умрларининг охиригача бошқа турмуш қурмай  уни кутганлар.

              Биз ана шундай  фидокорларнинг авлодларимиз. Уларнинг кўпчилиги бугунги истиқлол кунларни   кўрмай ўтиб кетишди. Дуоларимизда доимо уларни йўқлаб, ҳақларига тиловат қилиб, савобларини уларнинг руҳларига бағишлаб турайлик. Ўтган азиз бандаларини Аллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин!

 

 

Рустам Қиличев