
МУХТАСАРУЛ ВИҚОЯ МАТНИ (8-ҚИСМ)
МАЪДАНЛАР ЗАКОТИ
Тилло ёки унга ўхшаш маъданлар харож ва ушр еридан топилганда бешдан бири олинади. Қолгани маъдан топилган ер эгасиз бўлса, топиб олганга. Бўлмаса, ернинг эгасига. Ўз ҳовлисидан топиб олинган маъданда ҳеч нарса йўқ. Ўз еридан топгани ҳақида, икки хил
(Денгиздан олинувчи) луълуъ ва анбарда, шунингдек тоғдан топилган ферузада ҳеч нарса йўқ. Ислом белгиси бор дафийна худди тушиб қолган нарсага ўхшайди. Куфр белгиси бор дафийнадан бешдан бир олинади. Қолгани, ерэгасиз бўлса, топиб олганга. Бўлмаса, ерга аввалбошда ёзма равишда бўлган ҳужжатга асосан эгалик қилганга, яъни ўша ер фатҳ қилингач унга эгалик қилган кишигадир. (Сўнгра у ерни сотиб юборган бўлса ҳам).
Дорул ҳарб саҳросидан омонлик берилган одам топиб олган хазина унга бўлади. Агар у мазкур нарсани уларнинг ҳовлиларидан биридан топса, ҳовлининг эгасига қайтариб беради. Агар уларнинг кўмилган матоларини эгаси йўқ ердан топса, бешдан бирини беради ва қолганини ўзига бўлади.
АСАЛ ВА ЕРДАН ЧИҚҚАН ЗИРОАТЛАРНИНГ ЗАКОТИ
Ушрий ернинг ва тоғнинг асалидан ва оқин сув ёки ёмғир суғорган бўлса мевасидан, еридан чиққан нарсалардан - оз бўлса ҳам - ушр (ҳосилнинг ўндан бири) берилади. Аммо ўтин каби нарсаларда ушр йўқ. Агар катта пақир ёки чархпалак ила суғорилса ушрнинг ярми берилади. Ушр ажратишда зироат учун қилинган харажат чиқариб ташланмайди.
Осмон, булоқ ва қудуқ суви ушрийдир. Ажамлар қазиган анҳорларнинг суви харожийдир. Шунингдек, Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг наздиларида, тўрт анҳорнинг суви ҳам харожийдир, Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг наздиларида эмас. Араб ерлари, аҳли Исломни қабул қилиб уларнинг қўлида қолган ерлар ва куч билан фатҳ қилиниб лашкарларимиз орасида тақсимлаб берилган ерлар ва Басра ушрийдир. “Савод” (Ироқнинг қишлоқлари), куч билан фатҳ
қилинганидан сўнг ўз эгаларига қолдирилган ерлар ва ерлик аҳоли ила сулҳ тузилган ерлар харожийдир. Тирилтирилган ўлик ерлар яқинидаги ер эътиборида бўлади.
Харож ё муқосама харожи бўлади, у ҳосилнинг чорагига ёки шунга ўхшаш миқдорга солинади. Ҳосилнинг ярмига харож солиш тоқатнинг чегарасидир. Ёки муваззаф харож бўлади, у ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу Савод ерлари аҳлига солган харожга ўхшайди. У харож қуйидагича: сув етадиган ҳар бир жарийбга (“жарийб” ҳажмда 132 литр, оғирликда 104,448 кг) бир соъ буғдой ёки арпа ҳамда бир дирҳам, бир жарийб ҳўл мева боғига беш дирҳам. Бир жарийб токзор ёки дарахтлари бир-бирига туташган хурмозорга унинг икки баробари. Улардан бошқаларда ва бўстон учун тоқат етадиган харож белгиланади.
Ердан сув кесилиб қолса, ерни сув босса ёки зироатга офат етса, харож йўқдир. Ернинг эгаси уни ишловсиз қолдирса, харож вожиб бўлади. Агар ер эгаси Исломни қабул қилса ёки ерни мусулмон сотиб олса, харож қолаверади. Агар кофир мусулмоннинг ушрий ерини сотиб олса, харож солинади.
ЗАКОТНИНГ САРФ ҚИЛИНАДИГАН ЎРИНЛАРИ
Закотнинг сарф қилинадиган ўринлари: фақийр – нисоб миқдоридан кам моли бор инсон, мискин – ҳеч нарсаси йўқ инсон, закот омили, унга амалининг миқдорича берилади.
Мукотабга озод бўлиши учун, қарзидан ташқари моли нисобга етмайдиган қарздорга, Аллоҳнинг йўлидагиларга - Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг наздиларида ғазотдан (йўқсиллик сабабидан) узилиб қолганларга, Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг наздиларида ҳаждан (йўқсиллик сабабидан) узилиб қолганларга - ёрдам берилади. Шунингдек мусофирга, яъни моли бўлиб ўзи билан бирга бўлмаган кишига ёрдам берилади.
Закотни зикр қилинганларнинг барчасига ёки баъзисига мулк қилиб берилади. Орасида туғиш ва эр-хотинлик алоқаси борларга, ўзи қулига, баъзисини озод қилган қулига, бойга, Бойнинг қули ва кичик ёшдаги боласига, Бани Ҳошимга, уларнинг мавлоларига ва Зиммий закотдан берилмайди. Зиммийга закотдан бошқа садақаларни берса жоиз.
Закотни унга ҳақдор деб ўйлаган киш9ига бергач закотни олган киши ўзининг қули эканлиги аён бўлса, закотни қайтадан беради. Бошқа монеъликлар зоҳир бўлса, қайтадан бермайди. Ҳақдорга уни бир кун тиламчилик қилишдан беҳожат қиладиган миқдорда закот бериш мандубдир. Нисобни қарздор бўлмаган фақийрга бериш, закотни бошқа юртга кўчириш макруҳдир. Аммо, қариндошига ёки ўз юртининг аҳлидан кўра муҳтожроқ қавмга берса, макруҳ эмас.
ФИТР САДАҚАСИ
Фитр садақаси буғдойдан, ундан тайёрланадиган нарсалардан ва майиздан ярим соъ берилади. Хурмо ёки арпадан бир соъ берилади. Икки мун (ўлчов тури) буғдой берса ҳам жоиз.
ФИТРНИНГ ВОЖИБ БЎЛИШ ШАРТЛАРИ
Ҳур, мусулмон ва ўсмаса ҳам закот нисобига молик бўлган кишига фитр садақаси вожиб бўлади. Шундай нисоб ила унга садақа олиш ҳаром бўлади ва (қурбонлик ийдида) қурбонлик қилиш, яқинларига нафақа бериш вожиб бўлади. У фитр садақасини ўзидан, фақийр бўлган ёш боласидан, мулки бўлган ходимидан - агар у мудаббар, умму валад ёки кофир бўлса ҳам - беради.
Киши хотини, катта боласи, бой бўлган ёш боласидан фитр садақасини бермайди. Фитр садақаси бой бўлган ёш боланинг ўзининг молидан берилади. Шунингдек, ўзининг мукотаби, тижорат учун ушлаб турган қули, қочиб кетган қули, (Илло, у қайтганидан сўнг), шериклик қули ва шериклик қуллардан Муҳаммад ва Абу Юсуфга хилоф равишда, фитр садақасини бермайди.
Фитр садақасини бериш Ийди Фитрнинг тонги отиши билан вожиб бўлади. Уни вақтидан олдин бериш жоиз. Кейинга қолса ҳам, вожиблиги соқит бўлмайди.
РЎЗА КИТОБИ
Рўза субҳдан то қуёш ботгунча ният ила таом, шароб ва жинсий алоқани тарк қилишдир. Рамазон рўзасининг адоси шаръий наҳорнинг ярмидан аввал ният қилиш ва ниятда нафл рўза ниятини қилиш ёки мутлақ ният қилиш ёхуд бошқа вожиб рўза ниятини қилиш ила тўғри бўлади. Илло, сафарда ва беморликда (бошқа ният ила тутса) бўлмайди. Шунингдек, нафл ва муайян (кунли) назр рўза ҳам (нафл ёки мутлоқ ният ила) тўғри бўлади. Илло охирги ҳолатда (яъни, бошқа вожиб рўза нияти ила) бўлмайди.
Қазо, каффорат, мутлоқ назр рўзалар учун ниятни тунда қилиши ва уни таъйин қилиши шарт қилинган. Нафл рўза тутиш одати бўлган кунга шак куни мувофиқ келиб қолган киши ва хосслар учун шак куни рўза тутиш афзал. Улардан бошқалар наҳорнинг ярмидан сўнг оғизларини очиб юборадилар. Шак куни Рамазондан бошқа вожиб рўзани ният қилиш макруҳдир.
“Агар эртага Рамазон бўлса, рўза тутдим, бўлмаса йўқ”, деб рўзани ният қилса, рўзаси рўза бўлмайди. Рамазон рўзаси ва ундан бошқа рўзанинг ниятида тараддудга тушиш макруҳдир. Агар эртасига Рамазонлиги аён бўлса, рўза Рамазон рўзаси ўрнига ўтади. Бўлмаса, нафл бўлади.
Рўза тутиш ёки очиш ҳилолини ёлғиз ўзи кўрган киши унинг гапи рад қилинса ҳам рўза тутади. Агар тутмаса, қазосини тутади ва унга каффорот лозим бўлмайди.
Булутли кунда адолатли бир кишининг - қул ёки аёл бўлса ҳам - рўзани бошлаш ҳақидаги хабари қабул қилинади. Рўзадан чиқиш ҳақидаги хабарда, кун булутли бўлганда, гувоҳлар нисобини (икки эркак ёки бир эркак икки аёл) қоим қилиш, гувоҳлик лафзи лафзи ва адолат шарт бўлади. Даъвода шарт бўлмайди. Кун булутсиз бўлса, икки ҳолатда ҳам кўп кишиларнинг гувоҳлиги шартдир.
Икки одил кишининг қавли билан рўзани бошлаб ўттиз кун рўза тутилгандан кейин оғизни очиш ҳалол бўлади. Бир одил кишининг қавли билан эмас. Қурбон ҳайити (ой кўриш масаласида) рўзани тугатишдагидек.