РАМАЗОН РЎЗАСИНИНГ ФОЙДАЛАРИ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Рўза араб тилида “Сиём” дейилади. Луғатда бир нарсадан ўзини тиймоқликни англатади.
Шариат истилоҳида эса, “Тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзини тиймоқликдир”.
Рамазон ойи рўзасини тутиш иккинчи ҳижрий санада фарз қилинган.
Рамазон рўзасининг инсон учун фойдалари:
1.Рўза тутган кишининг тақвоси ортади.
2.Рўза сабабли рўзадорнинг соғлиғи яхшиланади.
3.Рўза инсоннинг ҳавои нафсини синдиради.
4.Рўзадор шайтонга қаҳр кўрсатади.
5.Рўзадорнинг қалби мусаффо бўлади.
6.Гуноҳлари мағфират қилинади.
7.Фаришталар сифати билан сифатланади.
8.Сабр-бардошли кишига айланади.
9.Рўза сабабли раҳм-шафқат сифатлари ортиб боради.
Бу айтилган нарсалар рўзанинг бу дунёдаги баъзи бир фойдалари. Рўзанинг охиратдаги фойдалари жуда ҳам кўп бўлиб, баъзиларини ўрганиб чиқамиз.
Аллоҳ таоло:
“ Эй иймон келтирганлар, сизларга ҳам, худди сиздан олдин ўтганларга фарз қилинганидек, рўза фарз қилинди, шоядки, тақво қилсангиз”. деб марҳамат қилди. (Бақара: 183-оят)
Аллоҳ таоло рўза ҳақидаги оятнинг охирида : “Шоядки тақво қилсангиз” деган.
Аллоҳнинг “Шоядки” дегани “Албатта, албатта” маъносидадир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким Рамазон рўзасини иймон ила савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур”, дедилар”.
Яна у кишидан ривоят қилинади;
“Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам:
“ Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен-Ўзим берурман, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки урушмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот ила қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг ҳузурида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандчилик бордир. У иккисини ҳам яшагай . Қачон ифтор қилса, хурсанд бўлгай ва роббисига мулоқот бўлганда, рўзаси ила хурсанд бўлгай”, дедилар”.
Шундай экан рўзадор киши яна бир бор хушёр тортиши, бу ибодатга эътиборли бўлиши, кундузлари рўза, кечалари бедор бўлиши ҳамда савобли ишларни кўпайтириши лозим.
Ҳикоя
Рамазон ойи кунларининг бирида, бошқа дин вакили (бир яҳудий) ўз фарзандини бозорда халойиқ ўртасида калтаклаб юборади, бу ҳолатга гувоҳ бўлганлар, болангнинг ҳеч ёмон иш қилганини кўрмадик, нега уни жазоладинг? дейишди. Шунда ҳалига Яҳудий ; “Бу мусулмонларни ҳурмат қилмаганлиги учун, рамазон ойида рўзадорларнинг кўз ўнгида, таом истеъмол қилди. Холбуки мусулмон кишилар ҳозир оч қолиб, лаблари сувсизликдан қуриб турибди” деган экан.
Қаранг, ўзга дин вакили Рамазони шарифни қанчалак ҳурматнини юқори қўймоқда. Аслида, уни ҳурматлашда биз мусулмонлар бошқалардан кўра пешқадам бўлишимиз лозим.
Абу Ҳурайра р а дан ривоят қилинади:
“Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам:
“ Қачон рамазон келса, жаннат эшиклари очилур, дўзах эшиклари ёпилур ва шайтонлар кишанланур”, дедилар”. Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам:
“Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, Райён, деб номланур. Қиёмат куни рўзадорлар кирурлар, улардан бошқа бирортаси кирмас.
“Рўзадор қаерда?” деюрлар. Улар ундан кирурлар. Қачон уларнинг охиргиси кирса, у бекитилур. Ундан бошқа ҳеч ким кирмас”, дедилар”.
Рўзанинг ўхшаши йўқлигини шундан ҳам биламизки, рўза тутишни бошлаган кишининг эътиқодида, муомаласида, юриш туришида ийжобий ўзгариш сезилади ҳатто буни рўзадорнинг ўзи ҳам сезади. Шунинг учун ҳам мўмин-мусулмонлар рамазон келишини сабрсизлик билан кутишади. Унинг кириб келиши қалбларда сурур ва хурсанчиликни пайдо қилади.
М. Қамаров
Қарши шаҳар Наво жомеъ
масжиди имом хатиби