1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИСРОФ – САХИЙЛИК ЭМАС!

24-12-2019, 16:23 870 Ўқиш режими + -

ИСРОФ – САХИЙЛИК ЭМАС!

 
                   Маълумки, Яратган дунё аҳлига, жумладан инсон оламига бир қанча неъматларни ато этиб, уларни берилган неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, исрофга йўл қўймасликка чақиради. Бу борада Қуръони каримда: “...Шунингдек, еб-ичинглар, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исров қилувчиларни севмагай” (Аъроф сураси, 31-оят).
Айни пайтда ҳадиси шарифда: “Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга берилманглар” деб марҳамат қилинган.
Лекин, минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунга келиб аксарият холларда исрофдан сақланиш эътибордан четда қолмоқда. Айтишимиз мумкинки, исроф моҳияти шуни ифода этадики, исроф бўлаётган неъмат хоҳ унинг баҳоси қиммат ёки арзон, нодир ёки сероб бўлишидан қатъий назар мақсадсиз истеъмол этиш исроф маъносини ифода этади.
Халқимиз тўй, турли муносабатлар билан ўтказиладиган маросимларни, шодиёналарни яхши кўради. Умри давомида меҳнат қилиб фарзанди учун тўй-ҳашамларига деб маблағ сарфлайди. Назар солсангиз, бу каби меҳр-мурувват таҳсинга лойиқ. Аммо, ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун бўлиш, тўй ва маросимларини бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали қиламан деб фарзандларининг бахтини ўйламай бир қанча исроф ишлар (сон-саноқсиз автоулов, бир неча юз нафар кишилар, бир қанча ҳофизларни жалб қилиш ва ҳоказо )га қўл уриб, натижада кўнгилсизликларга учраш эса ачинарли ҳол.
Шариатимизда хурсандчилик муносабати билан дастурхон ёзиб таом бериш маросими-тўй дейилади. Пайғамбаримиз (соллолоҳу алайҳи васаллам) Зайнаб бинти Жаҳш онамизга уйланган вақтлари пайғамбарлик даврига тўғри келиб бир қўй сўйиб тўй қилганлар. Бу тўйнинг хабари тарих саҳифасида қолди. Қуръони Каримнинг йигирма уч ўрнида исрофдан қайтарилган. Бироқ, бизлар Ислом дини белгилаб берган маросимлардан тўйни ажратиб олиб, барча моддий жамғармаларни қадрига етмасдан, сарфлаб юбормоқдамиз, аслида пешона тери билан топилган ҳалол мол фарзандлар келажаги, рўзғор, ота-она дуоси учун сарф этилса шариатга мувофиқ, яшаб турган жамиятимиз одобига, халқимиз удумига муносиб бўлар эди. Кундалик ҳаёт тарзимиз яхши, иллатсиз ўтар эди. Бу маблағларни кўпроқ фарзандларимизни илм олишига сарф этсак улар ҳам ўтган боболаридек буюк инсонлар бўлиб етишадилар.
Бир донишманд айтганидек, “саховатли бўл, аммо исроф қилма, тежамкор бўл, лекин бахил бўлма”. Исроф сахийлик эмас, тежамкорлик бахиллик эмас. Тежамкор киши пулини керагидан ортиқча сарфламайди. Пулини фақат ҳаёти, рўзғори, эҳтиёжи учун зарур бўлган нарсаларга харжлайди. Тежаган киши асло фақир бўлмайди, балки икки дунё саодатига эришишини таъкидлаб, муборак ҳадисларда “Иқтисод қилган киши фақир бўлмайди”, деб марҳамат қилинган экан. Айнан шу маънода Абу Ҳанифа (р.ҳ): “Хайр (яхшилик) ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир”, деганлар.
Муқаддас динимиз таьлимотлари бўйича мол – дунё Парвардигори олам томонидан инсонларга берилган неъматлардан бири сифатида қаралади ва дунё ҳаётидаги зийнатлардан бўлиб ҳисобланади. Аввало, Яратган зот бандаларга ихтиёридаги мол – дунёларини ҳалол меҳнат ва касблар орқали топишга амр қилган, қолаверса ҳалол йўл билан топилган мол-мулкни беҳудага сарфламаслик, ўз ўрнида фойдали ишларга йўналтиришни буюрган.
Улуғ юртдошимиз Абу Лайс Самарқандий (р.а.) шундай дейдилар: Одамлар тўрт тоифадир; 1) сахий, 2) бахил, 3) исрофгар, 4) тежамкор. Сахий инсон дунёдаги насибасини охират учун сақлаб қўйган киши, бахил дунёда ҳам охиратда ҳам насибасини қолдирмаган, исрофгар охират насибасини дунёда ишлатган киши, тежамкор эса, дунё ва охиратдаги насибасини олган кишидир.
Исроф деганда фақат маблағ ёки бойлик ва мол-мулкни ноўрин жойларга совуриш тушунилмайди, балки қимматли умри ва бебаҳо вақтини фойдасиз ўтказиш, куч қуввати салоҳиятини жамият ривожи учун эмас, балки фойдасиз нарсаларга йўллаш ҳам исрофдир. Ҳаётимиз учун зарур бўлган электр энергиясини тежаш, табиий газдан унумли фойдаланиш, ичимлик сувидан меъёрида фойдаланиш, қимматли вақтни беҳуда кетказиш каби фойдали ишларга сарфламаслик ҳам исрофнинг бир туридир. Исрофга йўл қўйиш Ислом динида улкан гуноҳлардан бири эканини яхши биламиз. Демак ҳар бир ишда тежамкор ва тадбирли бўлиш бурчимиздир.
Машаққатли меҳнат эвазига топилган мол мулкни беҳуда йўллар билан ноўрин жойларга сарфлаш ва исроф қилиш қаторига тўйлардаги қўша-қўша машиналар, ортиқча кийим кечаклар, қарзу ҳавола бўлиб тўйларни ўтказиш ҳам киради. Натижада ўзлари билмаган ва кутмаган ҳолда ғам-ғусса балосига мубтало бўлиб, дунё ва охиратларини бой берадилар. Ҳадиси — муборакда “Қарздорликдан сақланинглар, чунки у кечаси сизларга ғам-ғусса, кундузи эса хорлик бўлади” дейилган. Тўйларни исрофгарчиликка йўл қўймасдан ўртача ўтказиш матлубдир.
Ўрни келганда айтиб ўтайлик: тўй ҳаракати жараёни ҳам ёшлар тарбиясига, дунёқарашига таъсир этади. Бошқача айтсак, бу ҳам тарбиянинг бир тури. Шу боис ота-она тўй ҳаракатини бошлаганида аввало ўз имкониятини чамалаб кўриши ва шунга қараб маросимнинг даражасини, ўтказиш тартибини белгилаб олиши лозим.
Исроф” сўзи асли арабча бўлиб, “ҳисобсиз тарзда ишлатиш”, “ҳаддидан ошиш” каби маъноларни англатади. Исрофга йўл қўйган одам Аллоҳ белгилаб берган чегарадан чиқиб, У Зотнинг неъматларини ўрнига сарфламаган ёки ҳожатдан ташқари ишлатган бўлади. Тилимизда ушбу сўз “нест-нобуд қилиш”, увол қилиш”, “неъматни қадрламаслик” каби маъноларни англатади.
Тўй — эҳсоннинг бир шакли. Эҳсон эса пинҳона қилинганда Оллоҳга кўпроқ манзур бўлиши айтилади манбаларда. Шундай зотлар борки, уларнинг хайрли ишларини фақат Оллоҳ ва ўзларигина билган. Ҳар қандай дабдабали тўйнинг довруғи ҳам, нари борса, тўй эгасининг вафотигача эсланади.
Буюк адиб Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асарида: “Исроф қилиш — сахийлик эмас, ўринсиз совуришни ақлли одамлар сахийлик демас. Ҳалол молни куйдирганни девона дейдилар. Кимки халққа кўрсатиш учунгина эҳсон берса, у пасткаш. Тилагандан сўнг бериш ҳам саховатдан йироқ”, дейилади. Навоий наздида сўрамагунча бермайдиган, бировдан олиб, нопок йўллар билан давлат топиб, эҳсон қиладиган, муҳтожлигига эмас, мартабасига қараб муомала қиладиганодам сахий эмас.
Тўй — бизнинг шахсий ишимизгина эмас. Кўпдан кам бўлмай қабилида ўтказилган ҳашаматли тўйнинг оқибатлари туфайли кўнгилсизлик келиб чиқса, бу фақат шу оиланинг мусибати бўлиб қолмайди, балки кўпчиликка таъсир қилади. Оила — жамиятнинг бир бўғини. Унинг таназзули жамият, миллат таназзули, демак.
Бугунги кунда жамиятда кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланиш жараёни кетаётган бир пайтда тўйларни ҳам и ўзига хос қисқа муддатли хурсандчилик тарзида нишонлаш, турли бидъат хурофотлар ва исрофдан чекиниб, янгича, ихчам тус бериш, сарфланадиган ортиқча маблағларни тежаб, ёшларнинг келажагига йўналтириш вақти келди деб ўйлаймиз.
Кераксиз одатларнинг пайдо бўлуви ва изсиз йўқолуви сиз билан бизнинг онгимизга, виждонимизга боғлиқдир. Кибр ва манманлик, беҳуда ва бефойда ишлардан озгина чекинсак, олам-олам савобга эришамиз ва хонадонимизнинг чексиз саодатга етмоғини таъминлаймиз.

Муҳаммади ҚОРАЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги етакчи мутахассиси,
Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби.