Лоқайдлик-ёмон иллат
Бисмиллаҳир роҳманр роҳийм
Ислом дини тинчлик ва осойишталикка ундовчи диндир. Инсонларни тинчлик, ҳамжихатлик ва сергак бўлишга чақиради. Динимиз таълимотига кўра ер юзида осойишталик ва хотиржамлик ўрнатиш, кишиларнинг бир бирига меҳр мурувватли бўлишини таъминлаш улуғ ишлардан саналган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
"Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга итоат қилинг ва ўзларингиздан бўлган иш эгаларига итоат қилинг". (Нисо сураси, 59 оят)
Халқимизда шундай ибора борки, амри подшоҳ вожиб. Айтмоқчимизки, бугунги таҳликали, синовли дамда ҳар бир инсон у дини, миллати ва ирқидан қатъий назар узаро ҳамжатликда, жипс бўлиб, юқоридаги ояти каримага амал қилган ҳолда қонунчилигимиз ва раҳбариятни талабларига риоя қилиб яшаш бугунги кунда энг муҳимдир.
Бугунги мураккаб замонда халқимиз аввало ўзлари қолаверса ўсиб келаётган ёш авлодни онгини тинчликни қадрлаш ва уни асраш ҳақида тасаввур уйғотиш ила тарбияламоқлари лозим.
Алишер Навоий бир мисраларида:
Низоеки, ҳар кимга масъумдир,
Хирад буйруғи ила мамнуъдир.
Вале, элга андин зарардур басе,
Анинг замнида шўру зарардур басе.
Яъни бирор низо ва баҳсиз ҳодиса ҳақида эшитган ҳар бир киши уни ақл ва тадбир билан бартараф этишга ҳаракат этишлари зарур. Чунки бу нарса халққа фақат зарардан бошқа нарса эмасдир.
Айни пайтда бутун дунёга рўй бераётган турли ноҳуш ҳодисалар барчамизни бирдек ҳушёр-огоҳликка ундайди. Ғофиллик, бефарқлик, лоқайдликни ташлаб огоҳликни кучайтириш - бу бугунги кунда жорий булаётган кўнгилсизликларни олдини олиш ва ундан сақланишни асосий омилидир.
Сир эмаски бутун дунё халқлари қатори бошимизга мусибат булиб турган пандемия, ёки бошқа фалокатли ҳолатлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
"Биз инсониятни турли нарсалар: қўркинч, очлик молу-жонларига, мева-чеваларига фалокат етказишлик билан синаймиз", дейди. (Бақара сураси, 155-оят)
Албатта синовда яшаётганимизни ҳар биримиз ақлан ҳис этишимиз, чиройли сабр билан мутасаддиларимизни кўрсатмаларига риоя қилиб турсак, ишонамизки Аллоҳ бу балоларни бошимиздан кўтаради.
Шуни ҳам айтишимиз лозимки, шунча балоларни кўриб, билиб туриб ҳам янада ўзларини разил хислатларини қўймасдан, карантин қоидаларига нисбатан беписандлик қилиб юрганлар ҳам йуқ эмас.
Ўтмишдаги донишмандларимиз "лоқайдлик"дек ёмон иллат фақат бошга кулфат келтиришини тайин қилганлар. Лоқайдликни қўйиб хушёрликни оладиган давр келди.
Ушбу қоидаларга амал қилсак динимиз ва давлатимизни кўрсатмаларига амал қилган бўламиз. Айтамизки, барча бирдек бу балоларни бошимиздан кўтарилишида ўз ҳиссаларини қўшмоқлари керак.
А.Қодиров
Китоб туман “Хожа Бухорий”
жоме масжид имом ноиби