Рўзанинг тарихи ҳақида
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳ таоло Қуръони каримда рўза ҳақида шундай марҳамат қилган:
”Эй, иймон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд(у сабабли) тақволи бўлсангиз. Саноқли кунларда. Бас, сизлардан кимки, бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардадир. Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса(лозим бўлганидан ортиқ фидя берса),ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир. (Бақара сураси 183-184) оятлар.
Мазкур ояти карималардан маълум бўладики, Аллоҳ таоло биздан олдин ўтган умматларга ҳам рўзани фарз қилган. Бу фарз амал ҳадиси шарифда ҳам ўз тасдиғини топган. Унда айтилишича, Аллоҳ аввал яҳудийларга рамазон ойи рўзасини тутишни буюрган. Улар рўза йилнинг энг иссиқ кунларига тўгри келгани учун, кўп ва қаттиқ қийналдик деб, бошқа ойга кўчирганлар. Нафслари Худои таоло буюргандек бирон нарса емасдан рўза тутишга бўйин сунмаган. Натижада гўшт каби емаклардан ўзларини тийиб рўза тутишга одатланганлар. Аллоҳ таоло кейинчалик насронийларга ҳам рамазон ойида шундай рўзадор бўлишни буюрган. Афсуски, улар ҳам рўза ойининг иссиқ кунларга тўғри келгани ва бошқа баҳоналар билан рўза ойи ва тартибларини ўзгартирганлар.
Бу ҳақда “Тафсири Жалолайн” муаллифи шундай деганлар: ҳазрати ибн Абу Ҳотим (р.а) ибн Умар (р.а)дан ривоят келтирадилар: у киши шундай деганлар: Рамазон ойи рўзасини Аллоҳ сизлардан олдинги умматларга ҳам фарз қилган эди. Баъзи олимлар наздида қандай бўлса ҳам рўза тутишни Худо буюрган,аммо вақтини ва миқдорини белгилаб бермаган эди деган. Рўза сўзининг маънолари ҳам шундан далолат беради. Шунинг учун Одам(а.с)га Байз кунлари, Мусо (а.с)нинг қавмларига эса ашуро кунлари рўза тутишни буюрди ва ҳакозо.
Мазкур китобда имом Совий: “уларнинг рўзасига ўхшаш” деб ўхшатиш келтирилишида, бизнинг рўзаларимиз ҳам уларнинг рўзаларига ўхшаб қийинчилик ва ўзига яраша машаққатлардан иборат эканлигига ишора қилиняпти”- деганлар.
Рамазон арабча “ар-ромад” деган сўздан олинган бўлиб, қуёш ҳароратини жуда қизиб қайнаб кетишини айтилади. ”Ар-рамдо” эса, қуёш оламни қиздириб ловвуллатиб қиздиришини айтилади. Мана шундай иссиқда қолиб кетган мол қўйларни иссиқ уриб нобуд бўлишини араблар “ромадатул ғанам” (чорванинг куюши) дейдилар.
Ана энди, рамазон дейилишига сабаб, бу ойда гуноҳлар куйдирилади, ёндириб йўқ қилиб юборилади. Уни ёндириб йўқ қиладиган нарса солиҳ амаллардир. Бу ҳақда имом Замахшарий ҳазратлари бундай деганлар: Ҳар бир ойни номлаш вақтида шу ойдаги бирор белги билан ёки ўзига хос нимарсалар билан аҳамият қилганлар. Рамазон ойи эса йилнинг энг иссиқ кунларига тўгри келган. Шунинг учун уни жуда иссиқ, жазирама маъносида рамазон деб атаганлар”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир куни Расуллоҳ (с.а.в) жума хутбасини ўқиш учун минбарга кўтарилаётганларида уч марта “омин”дедилар.Бу “омин”ларнинг сирини сўраганларида, жаноб Расуллоҳ(с.а.в): ”Минбарга чиқаётганимда биродарим Жаброил Амин (а.с) келдилар ва қулоғимга: “рамазонга соғ-саломат етиб келиб, имкониятлари бўла туриб, гуноҳларидан янги туғилган гўдакдек пок бўлмаган кишининг бурни ерга ишқалсин”, -дедилар. Мен “омин” дедим. Кейин “Ота-онасини ёки уларнинг бири ёши улуғликка етганда топса-ю, уларнинг хизматини қилиб,розилигини олмаган кишининг бурни ерга ишқалансин”. -дедилар, мен яна “омин” дедим. Кейин яна: “Сизнинг муборак номингизни эшитиб, саловат айтмаган кишининг бурни ерга ишқалсин”,-дедилар. Мен яна “омин” дедим”. (Шуъйаб Арноут ривояти)
“Бурни ерга ишқалсинни” маъносини: эртага кўп афсуслансин, надомат чексин, қиёмат кунида хижолатга қолсин деб таъвил қилиш мумкин.
Рамазонниг фазилатларини баён қилиб жаноб Расулуллоҳ (с.а.в) яна шундай деганлар: “Умматларим ҳар қайси ойда қилган бир яхши, солиҳ амали учун бир савоб олади. Аммо рамазонда эса Аллоҳ бири учун ўнтадан то етти юзгача ва ундан ортиқ қилиб беради.Фарз ибодатларнинг биттаси учун бошқа ойларда бажарган етмиш фарзнинг савоби, нафллари қўшимчалари учун эса бошқа ойларда бажарган фарзнинг савобини беради. Бу сабр ойи, сабрнинг эса самараси жаннатдир. Бу ой мўъминларни ризқларини зиёда этиладиган ойдир. Кимбу муборак рўза ойида бир рўзадорнинг ифтор ёки саҳарлик қилдирса, бир қул озод қилганнинг савобини топади ва гуноҳлари мағфират қилинади”. Шунинг учун бўлса керак бойлар шу ойда ўз закотларини берадилар, саховат пешалар эса денгиз каби тошиб, мехр ва саховатга мухтож кишиларга саховат кўрсатишга ошиқадилар.
Демак, биродарлар рамазондаги кун ва соатларни ғанимат билишимиз керак. Камчилик ва гунохларга каффорот бўладиган амалларга шошилишлигимиз керак ва бу ойдаги имтиёзларга ҳақли эга бўлишга интилмоғимиз лозим.
Аллоҳ таоло ҳаммамизни ушбу муборак ойнинг фазилатларидан баҳраманд қилсин. Омин.
Р.И.Райҳонов
Қарши шаҳар
“Қиличбек Қўрғонча”
жомеъ масжиди имом хатиби