1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ШУКР-НЕЪМАТЛАР БАРОКАТИ

14-05-2020, 18:43 562 Ўқиш режими + -



ШУКР-НЕЪМАТЛАР БАРОКАТИ

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

             Инсон ўзига берилган неъматларни санаб адоғига ета олмайди. Дарҳақиқат, бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир” ("Наҳл" сураси, 18-оят). Мана шундай неъматлар берилган инсон албатта, бу неъматларнинг шукронасини қилиши лозим бўлади. 

                                                       Хўш, шукр нима?

“Шукр” сўзи ўзбек тилига араб тилидан кирган сўздир.   Бу сўз ҳақида “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да: “ Шукр (арабча)-мақтов; миннатдор(чи)лик, ташаккур[1]” деб изоҳ берилади. Улуғларимизнинг айтишича, инсон ўзига берилган барча неъматларни Аллоҳ таолодан деб билиб, Ундан миннатдор бўлиши ва шунга мос ҳолда амал қилиши   шукр дейилади. 

Инсон шукр қилиш билан берилган неъматни баракали бўлишига эришади. Барака туфайли неъмат зиёда ва бардавом бўлади.  Аллоҳ таоло шундай дейди “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг” ("Иброҳим" сураси, 7-оят).

“Тафсири ирфон”да бу оят ҳақида шундай дейилади: “ Шукр” сўзи аслида миннатдор бўлиш, раҳмат айтиш маъноларида бўлиб, неъматларни ёлғиз Аллоҳ таолодан деб билиш ва У рози бўладиган тарзда сарфлашни англатади. Аллоҳ таоло бандаларига беҳисоб неъматларни ато этиб қўйган. Ҳаммамиз энг афзал неъматлар ичидамиз. Нафасимизнинг кириб-чиқиб тургани, танамизнинг соғлиги, юртимизнинг тинчлиги, етарли озуғимиз ва кийим-кечагимизнинг борлиги, ҳаво ва сувнинг мавжудлиги, фарзандлар бериб қўйилгани-буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг улуғ инъомидир. У моддий ва маънавий неъматларни мукаммал бериб қўйган.  Бунинг эвазига эса биздан фақат бир нарсани-Ўзига итоат қилишимизни, неъматларига шукр айтишимизни талаб қилади, холос [2]”

Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: “Албатта,  неъмат шукр ила улангандир. Шукр эса зиёдага боғлангандир.  Уларнинг иккиси бир жойга жойлаштирилгандир. Бандадан шукр узилмаганча Аллоҳ таолодан зиёда қилиш узилмайди”(Имом Байҳақий ривояти).

            Юртимизда ҳозирги кунда муборак Рамазон ойи давом этмоқда.Аллоҳ таолога  Рамазон ойини рўза қилиб бергани учун ҳам шукр қилишимиз лозим. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “ Рамазон ойида инсонларга ҳидоят бўлган ҳамда ҳидоят ва фурқоннинг очиқ баўорати бўлиб Қуръон туширилган. Ким бу ойга етса рўза тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бошқа кунлари сонини тўлдирсин. Аллоҳ сизларга осонликни истайди, қийинчиликни хоҳламайди. Шунинг учун саноқни бут қилинглар ва ҳидоят қилгани учун Аллоҳни улуғланглар, шоядки шукрли (бандалардан) бўлсангизлар” (Бақара сураси, 184-оят).  Рамазон мағфират, ҳидоят, барака ойидир. Бу ойда Аллоҳ учун сахарлик қилиб, кун бўйи ейиш-ичишдан, шаҳвоний яқинликдан тийилсак Рамазон рўзасининг шукронасини адо  қилган бўламиз. Мана масалан, Рамазон ойида сахарлик учун уйғонишимиз Рамазон рўзасининг шукронаси бўлса, сахарлик қилишимиз эса баракани қўлга киритишимиздир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай дейдилар: “ Сахарлик қилинглар, сахарликда барака бордир” (Имом Бухорий ривояти).  

Бугунги кунда  ер юзидаги халқларига коронавирус хасталиги синов сифатида келди. Мана шу синов даврида Аллоҳ учун сабр қилсак, соғ-саломат эканлигимизга шукр қилсак, иншааллоҳ, яқин кунларда Аллоҳ таоло бу балони бошимиздан аритади.  

Ҳофиз Шерозий ҳазратлари шундай ёзган эканлар:

Ногоҳон ғам келса сенга, ўзни тут, бўлма тажанг,

Шукр қилғил, токи баттарроғига бўлма дучор.

Сен ишонгил, ғам ема, сабр айла.  Э дил оқибат,

Шомдан тонг, кечадан кундуз келур, қишдан баҳор.

    Аллоҳ таолога кўп шукр қилишлик фазилатдир. Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Албатта, қиёмат куни Аллоҳ таборака ва таолонинг энг афзал бандалари кўп ҳамд айтувчилардир” (Ибн Ҳиббон, Ибн Можа ривояти).

Хулоса қилиб айтамизки, Аллоҳ таоло берган неъматларга шукрона қилиш неъматнинг баракасини зиёда қилади.  Шу сабабли барчаларимизни неъматларга шукр қиладиганлардан бўлишимизга муваффақ қилсин. 

Эгамберди Сатторов.

Қарши шаҳар Маҳаллот масжиди имоми  

 

 


[1] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 5-жилд. 606-бет

[2] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. “Тафсири ирфон”. Шарқ НМАК. Т. 2019. 518-519-бетлар.