1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МАЗҲАБСИЗЛИК-ПУЧ ДАЪВО

15-05-2020, 10:31 510 Ўқиш режими + -



МАЗҲАБСИЗЛИК-ПУЧ ДАЪВО


Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Бугунги кунда Ислом ниқоби остида мазҳабсизликка чақирувчи тоифалар пайдо бўлди. Мазҳабсизликни даъво қилувчиларнинг даъволарига кўра, Исломда суннийликдаги тўрт фиқҳий мазҳабнинг бирига эргашиш шарт эмасмиш. Агар мусулмон бирор шаръий масалада улардан бирининг йўлини тутса, у кўр-кўрона тақлид қилгани учун хатокор, мутаассиб ва диндан ажралган фирқа ва гуруҳлардаги шахслар каби адашганлардан бўлар эмиш. Бу тоифа кишилари фиқҳий мазҳабларга эргашиш ёки бирор-бир мужтаҳид имомга эргашиш Аллоҳни қўйиб, уларни рабб қилиб олишдир, деган иддаони илгари суришади. Афсус, улар ҳар бир мусулмон якка тартибда “ижтиҳод” қилаверадиган бўлса, мазҳабларнинг сони тўртта эмас, мингтадан ҳам кўпайиб кетишини тан олишмайди.

Ислом уммати илмий салоҳият жиҳатидан икки тоифага бўлинади: биринчиси –мужтаҳид, иккинчиси – муқаллидлардир. Киши мужтаҳид деб эътибор қилиниши учун қуйидаги илмларни тўлиқ эгаллаган бўлиши шарт:  

1. Қуръон ва тафсир илмлари. 

2. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари илми. 

3. Салафларнинг қавллари, ижмоъ ва ихтилофлари илми.

 4. Усулул фиқҳ илми.

 5. Луғат илми. 

6. Қиёс илми.

Жумҳур (кўпчилик) уламолар наздида мужтаҳидлар беш даражали бўлади: 

1-даража. Мустақил мужтаҳид. Бу мужтаҳидда ижтиҳод шартлари мукаммал бўлиб, ўзи учун мустақил равишда усулул-фиқҳ (фиқҳий қоидалар)ни тузади. Тўрт фиқҳий мазҳаб соҳиблари бўлмиш Имом Аъзам, Имом Молик, Имом Шофеий ва Имом Аҳмад мазкур даражага тегишли. 

2-даража. Мутлақ мужтаҳид (мустақил бўлмаган, эркин мужтаҳид). Бундай мужтаҳидда ҳам мустақил мужтаҳидда бўлгани каби ижтиҳод шартлари топилади. Аммо ўзи учун фиқҳий қоидаларни ижод этмайди (тузмайди). Балки ижтиҳодда фиқҳий мазҳаб имомларидан бирининг йўлидан боради. Бу табақага фиқҳий мазҳаб имомларининг хос шогирдлари киради. Мисол учун: Ҳанафий мужтаҳидлардан Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммад ва Имом Зуфарлар; Моликий мужтаҳидлардан Имом Абдураҳмон ибн Қосим, Имом Ашҳаб, Имом Асад ибн Фурот Тунисийлар; Шофеий мужтаҳидлардан Имом Юсуф Ибн Яҳё Бувайтий ва Имом Исмоил Ибн Яҳёлар; ҳанбалий мужтаҳидлардан Имом Абу Бакр Асрам ва Имом Абу Бакр Маррузий кабилар.

Ислом уламоларининг хулосаларига кўра, ҳижратнинг тўртинчи асридан сўнг чиққан мужтаҳидлар ушбу даражаларга ета олмаганлар, яъни юқорида санаб ўтилган 1- ва 2-даражадаги мужтаҳидлар чиқмаган.

3-даража. Муқаййад мужтаҳид. 4-даража. Таржийҳ мужтаҳид. 5-даража. Фатво мужтаҳиди. 

Юқорида зикр қилинган сифатларнинг биронтасига эга бўлмаган мўмин-мусулмонларга “муқаллид”лар табақасига киради.

Муқаллид бу – мужтаҳид бўлмаган шахс бўлиб, мужтаҳид имомларнинг бирига эргашиши лозим. Чунки у ҳукм чиқаришдаги далилларни топиш ёки аниқлашга қодир эмас. 

Имом Аҳмад : “Ким динда тақлид йўқ деса, Аллоҳ ва Унинг Расули олдида фосиқдир. Унинг сўзи Сунна ва солиҳ салафлар қарашларини рад қилишдир”, деганлар.

Ҳозирги даврда Абу Ҳанифа, Шофеий, Молик ва Аҳмад ибн Ҳанбалга ўхшаш мужтаҳидлар йўқлигига ҳамма уламолар иттифоқ қилганлар. Мужтаҳидлик даъвосини қилган ёки қилаётган ёхуд фалончи мужтаҳид деб айтаётган аҳли илм йўқ. Бундай бўлиши жуда ҳам қийин. Аммо мазҳаб ичида ва янги пайдо бўлган масалаларни ҳал қилиш ёки янги фатволарда ижтиҳодлар содир бўлиб турибди.

Мужтаҳид Абдуллоҳ ибн Ваҳб айтадилар: “Мен 360 та уламони учратдим. Агар имом Молик ва Имом Лайс бўлмаганда уларнинг илмларида адашиб кетардим”. Имом Моликнинг шогирди бўлган, моликия мазҳабининг мужтаҳиди ибн Ваҳб бу сўзлари билан айтмоқчики, ҳадисларни тушуниш ва унга эргашишда имом Молик тушунча бермаганда адашар экан. Яна у айтади: “Ҳадис илмлари, агар фиқҳ илми бўлмаса, адаштиради”.

Имом Таҳовий, ибн Сурайж, ал-Қудурий, ас-Сарахсий, ал-Жувайний, ал-Ғаззолий, ан-Нававий ва кўплаб мужтаҳид уламолар тўрт мазҳабдан бирига эргашганлар. Ваҳоланки, улар “илм денгизлари” дея эътироф этилган зотлар бўлиб, бугунги кунимизгача барча мусулмонлар уларнинг илмларидан фойдаланиб келмоқдалар.

Замонамизнинг машҳур алломаларидан доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Мазҳабсизлик ислом шариатига таҳдид соладиган хатарли бидъатдир”, – деган.

Ҳаракат тарафдорларининг даъвосича, Исломда унга эътиқод қилувчи шахс учун суннийликдаги тўрт ёки ундан бошқа фиқҳий мазҳабларнинг бирига эргашишлик шарт қилинмаган. Агар мусулмон шахс, бирор шаръий масалада улардан бирининг йўлини ўзига лозим тутса, у кўр-кўрона тақлид қилгани учун хатокор мутаассиб ва динидан ажралган фирқа ва гуруҳлардаги шахслар каби адашади.  

Мазкур тоифага кирувчи шахслар исломга амал қилишнинг асосида фақатгина Китоб (Қуръон) ва   сунна туриши лозимлигини таъкидлашади. Уларнинг фикрича, бу икки манба хатолардан холи. Аммо фиқҳий мазҳабларга эргашиш эса, китоб ва сунна таълимотидан кўра, кўпроқ шахслар ижтиҳод (фикр)ларига тақлид қилиниши билан тавсифланади. Бу эса, хатога йўл қўйиш ва нуқсонлардан холи бўлишни тўлиқ кафолатлай олмайди. Қолаверса, исломдаги фиқҳий мазҳаблар ҳижрий III асрдан сўнг пайдо бўлганлиги эътиборидан, бидъат ишлардан саналиб, сунна таълимотига кўра ҳар бир динга киритилган янгилик шубҳасиз залолатга маҳкумдир. Саҳобаи-киромларнинг барчаси ҳам Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳнинг суннатигагина мурожаат қилганлар. Улар бирор-бир масалада Қуръон ва суннадан далил тополмай қолгандагина ижтиҳодга қўл урганлар. Бу эса, асосий эътибор қаратиладиган ва эргашиладиган ҳолат. Шунинг учун ҳам мазҳаб тутиш ёки бирор-бир мужтаҳид имомга тақлид қилиш Аллоҳни қўйиб уларни Рабби қилиб олиш, дея баҳоланган.

Ўзларини ислом динининг фидойилари деб эълон қилаётган бу тоифа тарафдорлари Қуръон ва сунна турганда фиқҳий мазҳабларга эргашиш айнан мусулмонлар ўртасида ихтилофлар пайдо бўлишига замин яратилиши ва бу уларнинг бирлигига раҳна туғдираётганлиги жар солинмоқда. 

Аслидачи?! 

Аслида, мазҳабсизлик даъвосини ёйишнинг ўзи ихтилоф манбаи бўлиб, Ислом дини, хусусан мусулмонлар бирлигига улкан таҳдид туғдирадиган омил эканлигига шубҳа йўқ. Улар ўзларини мазҳабсиз деб даъво қиладилару, аслида ўзлари ҳам намоз ва бошқа ибодатларда ўша тўртта машҳур мазҳаб имомларидан бирига эргашади.

Мазҳабдан юз ўгириш салафи солиҳ йўлидан юз ўгириш бўлиб, адашишга олиб боради. Бу билан   мазҳабни инкор қилувчилар ўзига хос ҳукм олиш йўлини “ихтиро” қилган бўлишади. Бу ҳол, ўз навбатида, янги мазҳабни даъво қилишдир. Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан ҳар ким ўзбошича янги ҳукм чиқариши мусулмонларни куфрда айблаш, мусулмонлар қонини тўкишни ҳалол ҳисоблаш, боғийлик (яъни, қайси жойда бўлишидан қатъи назар, ҳукуматга қарши чиқиш), даҳшат солиш, обод жойларни вайрон қилиш, фитна қўзғаш каби динимизда ман қилинган ишларга олиб бормоқда. Шунинг учун ҳам замонамизнинг машҳур алломаларидан доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Мазҳабсизлик  ислом шариатига таҳдид соладиган хатарли бидъатдир”. деганлар.


 

Бозоров Зайниддин

 

Китоб туман Шайхон 

жоме масжид  имом-хатиби