1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ХУДКУШЛИК-УЛКАН ГУНОҲ

15-05-2020, 11:17 706 Ўқиш режими + -



ХУДКУШЛИК-УЛКАН ГУНОҲ

 

               Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 

     Маълумки, Ислом дини тинчлик, инсонлар ўртасида меҳр-мурувват, ўзаро ҳурмат ва инсоний фазилатларни тарғиб қилувчи диндир. Унинг таълимотида ер юзини обод қилиш, эзгу-солиҳ амаллар билан машғул бўлиш, ато этилган неъматлардан фойдаланиб, Аллоҳга шукрона келтириш улкан савобларга сабаб бўлувчи солиҳ амаллар ҳисобланади. Аксинча, ер юзида фисқу фасод қилиш, ноҳақ қон тўкиш, қолаверса, ўз жонига қасд қилиш кабилар қораланиб, улар оғир гуноҳлар эканлиги таъкидланади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсоннинг шаънини баён қилиб: 

“Биз одамзотни азизу мукаррам қилиб яратдик ҳамда уларни сувда ҳам, қуруқликда ҳам юрадиган қилиб қўйдик. Уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқ ато этиб, уларни бошқа ҳамма махлуқотдан афзал этдик” (Исро сураси, 70-оят) – деб марҳамат қилган. Мазкур оят инсоннинг қадру қиймати нечоғли баланд эканлигини очиқ-ойдин кўрсатади. Парвардигор одамзотга шунчалик мурувват кўрсатган экан, инсон бу неъматнинг қадрига етмоғи, унинг шукрини адо этмоғи, қолаверса, ўша мақом ва даражага мос тарзда ҳаёт кечирмоғи лозим бўлади.

Инсониятни икки дунё саодатига элтувчи Ислом динининг асослари бўлмиш Қуръони карим оятлари ҳамда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида инсоннинг ҳаётига ноҳақ тажовуз этиш, ўзини ўзи ўлдириш, бировнинг моли, ор-номуси, ақли ва эътиқодига зарар етказиш қатъиян ман этилади. Ҳаёт инсон учун берилган энг қадрли омонатдир. Шунингдек, у Аллоҳ таоло томонидан инсонга топширилган имконият ва масъулиятдир. Инсон бу неъматни асраб авайлаши, унга хиёнат қилмаслиги лозим, акс ҳолда энг оғир жиноятга қўл урган, ўз зиммасига катта гуноҳ орттирган бўлади. 

Ўзини-ўзи ўлдириш бу – шахс томонидан ҳаётий фаолиятини қасддан тўхтатишликдир. Шариат нуқтаи-назаридан бу ҳаракат қаттиқ қораланиб, Парвардигор томонидан берилган ҳаётга тажовуз қилишдек гуноҳи кабира ҳисобланади.Қуръони каримда инсонни ўзининг яшаш ҳуқуқига тажовуз қилишидан ман этилиб: 

“Ўз қўлингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламангизлар (Бақара сураси, 195-оят)”– дейилган.

Аллоҳ таоло   “Нисо”сурасида: “Бир-бирларингизни ўлдирмангиз!”, деб айтган.

Аллоҳ таоло Қуръони карим “Нисо” сурасининг 93-оятида қуйидагича марҳамат қилади: “Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир”. 

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам ўз ҳадиси шарифларида ўз-ўзини ўлдириш ҳаром эканлиги, бундай ишни қилган кишига охиратда қаттиқ азоблар бор эканлиги ҳақида айтиб ўтганлар. Жумладан, бир ҳадисда:

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзини бирор нарса сабабидан ўлдирган шахс, албатта жаҳаннамда абадий, доимий азобланади”, – деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким ўзини тоғдан ташласа ва ўзини ўлдирса, у жаҳаннам ўтида абадий, доимий йиқилиб азобланади. Кимки заҳар ичиб, ўзига суиқасд қилса, жаҳаннам ўтида қўлидаги заҳарни ичиб абадий, доимий азобланади. Ким ўзини темир билан ўлдирса, жаҳаннам ўтида темирини қорнига уриб абадий, доимий азобланади” (Имом Бухорий ривояти). 

Жундуб ибн Абдуллoҳ рoзияллoҳу анҳу ривoят қиладилар: «Пайғамбар сoллаллoҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизлардан илгари ўтганлардан бир киши жарoҳатланди. Бeсабрлик қилиб пичoқ oлди-да, қўл(тoмири)ни кeсиб ташлади ва кўп ўтмай, қoн йўқoтиб, вафoт этди. Аллoҳ: «Бандам жoнига қасд этди, унга жаннатни ҳарoм қилдим», дeди.

Ўз-ўзини ўлдириш нақадар оғир гуноҳ эканини шундан ҳам билиш мумкинки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ишни қилган кишига жаноза намозини ўқимаганлар. Шунга кўра, исломий манбаларда ўз-ўзини ўлдирган кишига масжид имоми жаноза намози ўқиши дуруст эмас, дейилган. Бугунги кунда ўзларини гўёки мусулмонлардек кўрсатиб, одамларни динга “даъват” қилиб юрган, асл мақсадлари эса, жангарилик ва ноҳақ одам ўлдиришдан ўзга нарса бўлмаган кимсаларни бутун жаҳон кўрмоқда. Ҳозирга келиб буларнинг фаолиятига ҳар томонлама нуқта қўйилганда, улар ўзларини мужоҳид деб эълон қилиб, ўлсак шаҳид бўламиз, деб айюҳаннос соладилар. Аслида эса бу Ислом динига мутлақо зиддир.

Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, асосан 15 ёшдан 29 ёшгача бўлган шахслар ўз жонига қасд қилар экан. Шунингдек, 70 дан ошган қариялар ҳам бу дунёдан ўз жонларига қасд қилган ҳолда кетишга мойил бўлишар экан. Эркаклар аёлларга нисбатан уч баробар кўп ўз жонига қасд қилишади. Ҳар тўртдан битта ўз жонига қасд қилиш ҳолати қашшоқ ва ривожланиш йўлига ўтган мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади. 

Исломда нафақат ўз жонига қасд қилишдан, балки мусулмон шахснинг ўлимни орзу қилишидан ҳам қайтарилади. Пайғамбар с.а.в. ҳадисларида: "Ҳеч бирингиз ўлимни орзу қила кўрмасин" деб айтганлар.

Аллоҳ таоло бизларга берган умрни баракотли қилсин ва уни манфаатли ишларда ўтказишимизга муваффақ қилсин! Ўзи бизларни бундай оғир гуноҳдан сақласин!

 

 

Бозоров Зайниддин

Китоб туман Шайхон жоме масжид

Имом-хатиби