1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҲАҚИҚИЙ БАХТЛИ БЎЛИШНИ ИСТАЙСИЗМИ (1-қисм)

3-12-2019, 15:48 594 Ўқиш режими + -
ҲАҚИҚИЙ БАХТЛИ  БЎЛИШНИ ИСТАЙСИЗМИ
(1-қисм)
  
 
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
 
Кўпгина инсонлар ўз ҳолатларидан, Аллоҳ таоло уларга тақсим қилган ризқу насибаларидан норози бўладилар. Кимдир бойликка эриша олмаганидан, кимдир амал курсисига ўтира олмаганидан, кимдир хотинидан, яна кимдир фарзандларидан норози, бўлар бўлмасга ҳар нарсадан кечаю кундуз қаҳру ғазабда бўлади. Бу тоифа инсонлар Аллоҳнинг берганига  рози бўлиш деган тушунчани на таъмини биладилар ва на лаззатини биладилар.
         Банданинг Аллоҳдан рози бўлиши банда учун руҳий хотиржамлик ва сокинлик бахш этиб, ҳаётига етган оз насибадан ҳам хурсанд бўлаверади. 
 Аммо Аллоҳнинг ўлчаб берган ризқ насибасидан норози бўлиш эса инсонга изтиробни, ҳиқду ҳасадни ва машаққатни зиёда қилаверади. Аллоҳ томонидан унга нимаики яхшилик берилса ундан кўпроқ берилишини истайверади. Ич ичидан унга камдек туюлаверади.
          Инсон ўз насибасидан ва ҳолатидан рози бўлиши жуда мақталган хислат бўлиб, бунинг учун қуйидаги ўн бир нарсага амал қилишимиз лозим бўлади:
1. Биз ўзимиздан ҳам кўра ҳолати оғирроқ, бошига ғам-ташвиш тушган, мусийбатга учраган кимсаларга назар солайлик. Шунда ўз ҳолатимиз бизга енгил кўриниб шукр қилишга ўтамиз. Шу ўринда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бизларга синовга учраган кишиларни кўриб қолганимизда секингина ичимизда унга эшиттирмай туриб: “Сенга келган балодан мени асраб офият берган Аллоҳга ҳамд сано бўлсин...” (Имом Суютий ривояти, Ал Жомеъ ас Сағир) деган дуони қилишимизни буюрган эканлар.
2. Биз ортимизга қараб ўтган умримизга пушаймон бўлмаслигимиз керак. Келгуси умримиз, гарчи у қанча қолган бўлмасин уни ғанимат билайлик. Чунки, амаллар сўнггисига қараб белгиланади. Ўтган умрга қуруқ ачинишнинг бир тийинлик қиймати йўқ. Агар ўтган умрда гуноҳи маъсиятлар борасида ачиниш бўлса, бу яхши. Чунки бундай ҳолатда киши тавба қилишга ҳамда аввалги гуноҳларини савоб ишлар қилиб ўчиришга ҳаракат қилади. Аммо дунёвий ишлардан бирортасига эриша олмагани учун пушаймон бўлиш инсонга фақат маҳзунлик ва ҳақиқий ютуқлардан маҳрумликни келтиради холос.
3. Дунёга алданиб қолмайлик. Кўпчилигимиз дунёни яхши кўрамиз, уни маҳкам ушлаймиз, ундан тўйишга интиламиз. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Уларга дунё ҳаётининг мисолини келтир. У, Биз осмондан туширган сувга ўхшайди. Унинг сабаби ила ер набототлари аралашиб чиқди. Бас, хашакка айланиб, уни шамол учириб кетди. Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир бўлган зотдир” (Каҳф сураси, 45- оят) деб, марҳамат қилинган.
            Бу дунёдан кимлар ўтмади дейсиз. Ҳаммалари бир сиқим тупроққа айландилар. Дунё улардан бизларга қолди. Бизларни ҳам шундан бошқа нарса кутаётгани йўқ. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу бундай деган эканлар: “Аллоҳ дунёни сизларга охиратни исташларингиз учун берди, унга суянишларингиз учун эмас. Дунё фоний, охират эса боқийдир. Фоний дунё сизларни такаббур қилиб қўймасин, охиратдан тўсиб ҳам қўймасин. Фонийдан қолган боқийни танланг. Дунё кесилган нарсадир. Албатта қайтиш Аллоҳнинг ҳузуригадир”.


Давоми бор...
Рустам Қиличев