1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУҚАДДАС ОИЛА (12-ҚИСМ)

18-05-2020, 10:34 616 Ўқиш режими + -


МУҚАДДАС ОИЛА
(12-ҚИСМ)

ҲАҚЛАРГА РИОЯ ҚИЛИШ 

(2-қисм)

Ота-онага оқ бўлиш – катта гуноҳ. Оқ бўлиш “бўйсунмаслик”, “қарши чиқиш”, “озор бериш”, “осий бўлиш” ва ҳақини адо қилмаслик деган маъноларни англатади. Ҳақини адо қилиш дегани ота-она ғазабланганида, фарзанд унга тик қарамаслигидир. Гарчанд ўғил ҳақ-у, ота ноҳақ бўлганида ҳам. Ота-онанинг фарзанддаги ҳақи улуғ, уларнинг айтган­ларини қи­лиш вожиб, бироқ улар амри Аллоҳнинг амрига тескари бўлмаслиги керак. Аллоҳга маъсият бўладиган ишда махлуққа, яъни ота-онага, каттаю кичикка итоат қилин­майди. Айтайлик, ота фарзандига ичкилик олиб келиб бер, деб буюради. Аллоҳ ичкиликни ҳаром қил­ган. Фарзанд чиройли муомала билан уни рад қилишга ҳақли. Ва шунга ўхшаш бошқа Аллоҳ қайтар­ган нарсаларда ҳам ота­нинг истагини бажармаса, фарзанд гуноҳкор бўлмайди. Ота-онага оқ бўлиш фарзанднинг Аллоҳ қайтарган йўлларга кириб, эл-юрт олдида уларнинг юзини ер­га қа­ратиш, берган тузларига норози қилишдир. Қа­риган чоғида едирмай, ичирмай, кийинтирмай, хўрлаб қў­йиш­дир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам) оқ бўлишдан огоҳлантирганлар ва унинг оқи­батларини баён қилиб, охиратда савол-жавоби қаттиқ бўлишини айтганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Бакрдан (рози­яллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам): “Сиз­лар­га катта гуноҳ­ларнинг энг кат­таси хабарини берай­ми?” дедилар. Биз: “Ҳа, ё Аллоҳнинг расули”, дедик. Расу­лул­лоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга ширк кел­тириш, ота-онага оқ бўлиш, – ёнбошлаган ҳолда эди­лар ўтириб олиб, – ёлғон сўзлаш ва ёлғон гувоҳлик бериш...” деб такрор-такрор айтавердилар. Биз у ки­шини: “Қани тўхтасалар эди!” дедик. Имом Аҳмад ва Насоий, Баззоз ва Ҳоким Аб­дул­лоҳ ибн Амрдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қила­дилар: Расу­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уч тоифа ки­шига Аллоҳ жаннатни ҳаром қилди: доимий ҳамр (ароқ) ичувчига, ота-онага оқ бўлган фарзандга ва ўз аҳлига ахлоқсизликни ўргатган даюсга”, дедилар. Имом Бухорий ва Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Амрдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Ра­су­лул­лоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Катта гуноҳ­лардан бири киши ўз отасини сўкмоғидир”, дедилар. Бир киши: “Эй Аллоҳнинг расули, киши ўз отасини ҳам сўкадими?” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳа, бир киши иккинчи бир кишининг ота­сини сўкади, шунда у бу кишининг отасини ёки онасини сўкади, у бунинг онасини сўкади”, дедилар. Ҳоким Абу Бакрдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар қандай гу­ноҳнинг (жазосини) Аллоҳ хоҳиши ила қиё­матгача кечиктиради. Фақат ота-онага оқ бў­лишнинг (жазосини) ўли­шидан олдин, ҳаётлигида ўз эга­сига беради”, дедилар. Яъни, ота-онага оқ бўлган ки­ши бунинг жазосини то тирик экан, бу дунёдаёқ олади. Имом Аҳмад Муоз ибн Жабалдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Менга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўнта сўзни васият қилиб: “Аллоҳга ширк келтирма, агар ўлдирилсанг ҳам, куйдирилсанг ҳам, ота-онангга оқ бўлма, агар уйдан кетишингга буюрсалар ҳам...” дедилар». Асбаҳоний Абу Аббосдан, у киши Авом ибн Ҳушабдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Бир қишлоққа келдим. Ёнида қабристон бор эди. Аср вақтидан сўнг қаб­ристондаги бир қабр очилди ва ундан эшак бошли бир одам чиқди. Ва уч марта эшак­дай ҳангради. Сўнгра қабрга кирди ва қабр ёпилди. Шу пайт бир кампир ип йигириб ўтирарди. Ёнимдаги одам кампирни кўрсатиб: – У унинг онаси, – деди. Мен воқеани сўрадим. «У ароқ ичиб маст бўларди. Уйга келганида онаси: “Эй ўғлим, Аллоҳдан қўрққин, қачонгача ичасан?” дер эди. Шунда у онасига: “Мунча эшакдай ҳанграйсиз?” дер эди. Бас, ажали етиб, аср вақтида вафот этди. Энди ҳар куни аср вақ­тида қабр ёрилади ва уч марта эшакдай ҳанграйди, сўнгра қабр ёпилади», деди. Қаранг, фарзанд ота-онасини нима деб ҳақорат­ла­са, ўзи ўша нарсага айланиб қолар экан... Бу ниҳоятда таъсирли ривоятни фарзандлар даврасида ўқиб, тадаббур қи­линса, фойдаси катта бўлади. Фарзандлар ёшлигиданоқ ота-она ҳақларини ўйлай бошлайди. Ислом таълимотида кўрсатилганидек, фарзанд ота-она ҳақларини чиройли қоим қилса, у нафақат ўзини, яшаб турган жамиятининг ҳам ҳақини адо этган бўлади. Чунки отаона ҳурматини ўрнига қўйиш бу ижтимоий масаладир. Қайси оилада, қайси маҳаллада бу тарбия яхши йўлга қўйилар экан, ўша оила, ўша маҳалла гуллаб яшнайди. Бу эса охир-оқибат жамиятнинг равнақ топишига олиб келади. Ота-она рози – Худо рози, деган ҳикматнинг қиммати ҳам шунда. Ота-онанинг розилигини олишга интилиш фази­лати барча фазилатларнинг негизи, борлиқдаги ҳар қан­дай ҳақ-ҳуқуқларнинг келиб чиқадиган асосидир. Ота-оналар, бола тарбияси билан шуғулланаётган тарбиячилар фарзандларга қуйидаги одатларни синг­диришлари мақ­садга мувофиқ: 

1. Гуноҳга сабаб бўлмаса, ота-онанинг буюрган­ларини албатта бажариш. 

2. Ота-онага мулойим сўзлаш. 

3. Уйга кирганларида, ҳурмати учун ўрнидан туриш. 

4. Ҳар тонг салом бериш, уйқудан олдин хайрли тун тилаш. 

5. Мол-мулкини сақлаш. 

6. Сўраган нарсасини бериш. 

7. Улардан маслаҳат сўраш. 

8. Ота-она ҳақига дуо ва истиғфор айтиш. 

9. Улар меҳмон кутишса, олдида мунтазир бўлиб туриш. 

10. Ота-она айтишини кутмай, уларни хурсанд қи­ла­диган ишларни бажариш. 

11. Отанинг олдида овозни баланд кўтармаслик. 

12. Гаплашаётганларида орага гап қўшмаслик. 

13. Рухсат беришмаса, уйдан чиқмаслик. 

14. Ухлаётганларида безовта қилмаслик. 

15. Ота-онадан аҳли аёлини ва фарзандларини устун (афзал) кўрмаслик. 

16. Ота-она нотўғри иш қилиб қўйсалар кечириш, кўр­масликка олиш. 

17. Кулгили гап бўлса ҳам, уларнинг ҳузурида ўзини тутиш. 

18. Улар яхши кўрадиган овқатни илиниш. 

19. Ота-онадан олдин таомга қўл чўзмаслик. 

20. Уларнинг олдида чўзилиб ётмаслик. 

21. Оёқ узатмаслик. 

22. Уйга улардан олдин кирмаслик, олдиларига тушиб юрмаслик. 

23. Чақирганларида тезлик билан жавоб бермоқ. 

24. Улар ҳаёт пайтларида ҳам, вафот этганларидан ке­йин ҳам дўстларини ҳурмат қилиш. 

25. Ота-онасининг ҳурматини қилмайдиган киши­лар билан дўстлашмаслик. 

26. Уларнинг ҳақларига дуо қилиш, вафот этган­ларидан кейин Аллоҳнинг қуйидаги каломини кўп айтиш: 

«...Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро, 24). 

Қариндошлар ҳақи Қариндошлар бир-бирларига насаб ва насл билан боғ­ланадиган кишилардир. Улар қуйидагилар: оталар, оналар, болалар, буви ва бувалар, ака-укалар, опа-син­гил­лар, амакилар, аммалар, аканинг болалари, опанинг болалари, тоғалар ва холалар, аммалар, сўнгра уларга яқин бўлган қариндошлар. Шариатимиз уларни икки сабабга кўра “раҳм” қарин­дошлар деб атайди. Биринчиси: “Раҳм” Аллоҳнинг роҳман сифатидан олинган. Абдураҳмон ибн Афвдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ таоло: “Мен Аллоҳ, Мен роҳман... раҳмни (бачадон) яратдим ва унга исмим­дан исм бердим, ким унга боғланса, уни (исмимга) боғ­лайман, ким ундан узилса, Мен (исмимдан) уни кесаман”, деди», дейдилар. Маълумки, “раҳм” – раҳмат, меҳрибонлик, муло­йим­лик, ҳалимлик каби сифатларнинг йиғиндисидир. Шунинг учун ҳам насаб жиҳатидан яқин бўлган ки­шиларга меҳрибон бўлиш, силаи раҳм қилиш вожибдир. Иккинчиси: “Қаробат” – яқинлик, қариндошлик ало­қаларини боғ­лашдан келиб чиққан. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фақат қариндошликни боғлашга чақириб, кесилишдан эса қайтарганлар. Шуб­ҳа­сиз, бу кўрсатмалар туғишганлар ўртасида қон­дош­лик, биро­дарликни мустаҳкамлашга ўргатади, ўзаро меҳрму­ҳаб­бат туйғуларини орттириб, инсонийлик фазилатларини юқори поғоналарга кўтаради. Жамият аъзоларида қон-қариндошлик, атрофидагиларга ҳавас ва меҳр билан қараш болаликданоқ шаклланиши ва у қалбларга чуқур илдиз отиши зарур. Токи бола улғай­га­нида қарин­дошларга силаи раҳм қиладиган, бошларига мусибат етганида далда берадиган бўлсин. Шундагина биз тар­бияда чиройли мақсадга эришган бўламиз. Қуръони каримда қариндошларга силаи раҳм қи­лиш­га буюрилган оятлар кўп. Масалан: 

«...Ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқа­сини узиш)дан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир» (Нисо, 1). 

«Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исроф­гар­чи­ликка мутлақо йўл қўйманг!» (Исро, 26). 

«Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани ше­рик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қарин­дош қўшнию бегона қўшнига ҳам (яхшилик қилинг)!» (Нисо, 36). 

«Аллоҳ билан аҳд боғлаганларидан кейин уни бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарса­лар­ни узадиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юра­диган кимсалар ҳам борки, улар учун (Аллоҳдан) лаънат бўлур ва улар учун нохуш диёр (жаҳаннам) бордир» (Раъд, 25). 

«Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошла­рингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта. Ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) “кар”, кўзларини “кўр” қилиб қўйгандир» (Муҳаммад, 22–23). 

 

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Шайх Усмонхон Алимов нинг
 “Оилада фарзанд тарбияси” китобидан