1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ДИНДАГИ МЎЪТАДИЛЛИК ЖАМОАТ ТИНЧЛИГИ ВА РАВНАҚИ ОМИЛИ

18-05-2020, 13:03 504 Ўқиш режими + -

 

Диндаги мўътадиллик жамоат тинчлиги ва равнақи омили

 

          Бугунги кунда моҳи Рамазон ойида яшаяпмиз. Мамлакатимизда коронавирус хасталигини олдини олиш учун карантин ҳолати эълон қилинган. Мана шу кунларда уйларимизда илм ўрганишимиз, қилган ва қилаётган амалларимиз ҳақида ўйлаб кўришимиз лозим бўлади.

 Инсон қиладиган амалларини ҳар томонлама ўйлаб, уни амалга оширади. Инсоннинг амаллари мўътадил бўлиши ҳар томонлама мақбул ҳисобланади.

         Ҳар бир инсон ўз амалларини маълум бир ўлчовлар асосида бажаради. Ана шу ўлчовлар амалларнинг қандай бўлишини белгилайди. Мўмин-мусулмон амалларининг ўлчови мўътадил бўлиши лозим. Мўътадиллик ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Шунингдек сизларни бошқа инсонлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингиздан гувоҳ бўлиши учун ўрта бир миллат қилдик” (Бақара сураси 143-оят).

Аллоҳ таоло бу умматга мўътадиллик сифатини неъмат қилиб берди ва мана шу сифат билан у умматларнинг энг яхшиси бўлди. Аллоҳ уларга шариатларнинг энг мукаммалини, йўлларнинг энг равшанини ва мажбуриятларнинг энг енгилини таклиф қилди. Аллоҳ таоло айтади: “Унинг ўзи (шу муқаддас дин учун) сизларни танлаб олди ва бу динда сизларга бирон хараж-танглик қилмади. Оталарингиз Иброҳимнинг динини (яъни, Исломни) ушлангиз! Токи (қиёмат кунида) Пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун, сизлар эса (барча динлардаги) одамлар устида гувоҳ бўлишингиз учун (Аллоҳнинг) ўзи сизларни илгариги мақаддас китобларида ҳам, мана шу Қуръонда ҳам мусулмонлар деб атади”. (Ҳаж сураси, 78-оят)

         Ҳукамолар “Ишларнинг энг яхшиси ўртачасидир” деб айтишган. Бунда бирорта диний амални бажаришда ҳаддан ошиш, оқибатида ўзига ва бошқаларга зарар етказиш Ислом динининг моҳиятига ёт ҳисобланади. Ибодатга мўътадилликдан ошган саҳобаларни Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир ишда – ҳоҳ у дунёвий бўлсин, ҳоҳ охират амали бўлсин, ўртача бўлишига чақирганлар.  Бир ҳадиси шарифда мўътадиллик ҳақида бундай дейилади: “Ким охиратни деб дунёсини унутса ёки дунёни деб охиратини унутса, яхшиларингиздан эмас”. Ҳадисдан маълум бўладики, дунё ва охират ишларида, дунёвий ишларда ва ибодат масалаларида мувозанатни сақлаш мусулмон инсон учун зарурий талабдир. Мана шу ҳолатни Аллоҳ таоло айтган “Шунингдек,  сизларни адодатли уммат қилдик”деган оятнинг маъносидир.    

Шу билан бир вақтда Ислом даъвати мулойимлик ва ҳалимликни ҳам талаб қилади. Аллоҳ таоло Мусо ва Ҳорун алайҳима саломларни Фиръавни олдига юборганда: “ Унга мулойим гапиринглар, шояд шунда гапингиздан таъсирланса ва қўрқса”, деган. Ислом инсонлар тарбиясини босқичма босқич бўлишини тақазо қилади. Ривоят қилинишича, Умар ибн Абдулазизга ўғиллари Абдулмалик: “Эй ота нима учун фармонларни зудлик билан амалга ошириб қўя-қолмайсиз? Қасамки, ҳақ йўлда мен ҳам сиз ҳам қозонда қайнасак парво қилмас эдим”, деди. Шунда Умар ўғилларига жавобан:  “Эй ўғлим шошилмагин Аллоҳ Қуръонда ароқни аввал икки марта ёмонлаган сўнгра учунчи мартасида уни ҳаром қилган. Мен одамларга ҳақиқатни бир йўла айтсам, улар бу ҳақиқатни моҳиятини тушунмай ҳаммалари инкор қилиб қўйишларидан қўрқаман. Натижада катта фитна пайдо бўлади” - деганлар.  

Инсоният тарихида фитналар доимо бўлиб келган. Бундай фитналар билан  тарихда эътиқоддан ғаразли сиёсий мақсадларда кўп бора фойдаланилган. Ўрта асрларда Европада “муқаддас ерларни озод этиш” ғояси билан христианлик ичида пайдо бўлган даъват билан Шарқ томонга амалга оширилган “салб юришлари”, кейинчалик амалга оширилган инквизициялар, реформацияга қарши ҳаракатлар, ислом дунёсида аввал ва ҳозир фаолияти кузатилаётган дин ниқобидаги экстремистик оқимларнинг мафкураси замирида мутаассиблик ётади. Мутаассиб киши фақат ўз фикр-мулоҳаза ва дунёқарашини тўғри деб билиб, бошқа қарашларга муросасиз бўлади. Унинг замирида бирор ботил ақида ёки дунёқарашга ўта берилганлик, бошқаларнинг фикрини асло инобатга олмаслик, инкор қилиш ва ҳамиша ўзини ҳақ деб билиш хусусияти мавжуд. Халқаро миқёсда бу тушунча “фанатизм” шаклида ҳам ишлатилади. Мутаассиб (фанат) киши кўр-кўрона хоҳ тўғри, хоҳ нотўғри бўлсин, ўзига маъқул бўлган бир фикрда маҳкам туриб, ўзининг фикрини ҳақ, бошқаларнинг фикрини ноҳақ деб ҳисоблаган ҳолда ўз қарашларини амалда намойиш қилишга ҳаракат қилади. Мутаассибликка берилган одамлар ва уларнинг гуруҳлари тарқатаётган ғоялар жамиятдаги тинчлик ва барқарорликка таҳдид ҳисобланади. 

Юқоридаги оят ва ҳадислардан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўлсак, мусулмон киши ўрта хол бўлиши, ўзига ва бошқаларга динни оғир қилиб эмас аксинча енгил қилиб кўрсатиши ва инсонларни диндан қочиши эмас, аксинча динни севиб ундаги бажарилиши лозим бўлган амалларни муҳаббат билан қилиши лозимлигини тушунтириш керак. Яратган эгам барчамизни ислом динига муҳаббатли қилсин ва тўғри йўлидан адаштирмасин.

 

М. Мукаррамов

Косон тумани бош имом-хатиби