СИНОВЛИ КУНЛАРДА ҲАМЖИҲАТЛИК ЗАРУР
Бисмиллаҳир роҳманир роҳиймАзал-азалдан метин иродали, заҳматкаш халқимиз ўзининг сабр-бардоши, ўзаро ҳамжиҳатлиги, якдиллиги билан не-не машаққатли кунларни бошидан ўтказганмаган дейсиз. Ота-боболаримиз яхши ва ёмон кунларда қўлни қўлга бериб, ҳар қандай қийинчиликларни мардонавор енгиб келганлар.Дарвоқе, ҳаётда инсон доимо синовда бўлади. Гоҳ яхши ҳолатлар билан, гоҳо машаққат ва қийинчиликлар билан. Буларнин гбарчасида инсондан доимо сабрли бўлишт алабэтилади. Мусибат ва фалокатлар коронавирус каби турли касалликлар каби банданинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган нарсаларга тоқатли бўлиш банданинг юксак сабрли экани аломатидир.Ҳар бир иш Аллоҳнинг изни билан содир бўлади. Касаллик ва бошқа хатарларнинг келиши ҳам шулар жумласидан. Инсон ўзига ёки ўзгаларга зарар келтирадиган сабаблардан узоқ бўлишга буюрилган. Бундай вазиятда ҳиссиётга берилиш билан иш битмайди, соҳа мутахассисларининг сўзларига қулоқ солиш керак. Чунки вазиятни улар бошқалардан кўра яхшироқ билади, хатарни олдиндан кўриб, ҳисқилади. Кўпга келган ҳозирги синовли кунларни енгиш, ҳар қандай бало-қазодан юртимизни, халқимизни омон сақлаш учун одамлар бир-бирига елкадош бўлиши, бирдамликга интилиши умуминсоний фазилатдир.Бутун дунё коронавирус деган офат билан курашаётган бугунги шароитда халқимиз бир-бирларини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашмоқда, юксак инсонийлик намуналарини кўрсатмоқда. Яратганга шукрки, қийналганларни ҳеч ким ёлғизлатиб қўяётгани йўқ, саховатли ва меҳрли инсонлар имкони борича ёрдам қўлини узатмоқда.Бугунги синовли кунлар барчамиздан ҳамжиҳатликни, сабр-тоқатни, сахийликни ҳар қачонгиданда кўпроқ талаб қилмоқда. Шундай экан, ҳозирда амалда бўлган карантин қоидаларига амал қилган холда, энг аввало, ўз соғлигимиз ҳақида қайғуриш, оила аъзоларимиз ва атрофимиздагиларнинг манфаати йўлида янада жипслашиш айни вақтдаги асосий вазифамиз бўлмоғи лозимдир.Очарчилик, юпунчилик, қаҳатчилик жуда кучли бўлган бир даврларда ҳам халқимиз орасида меҳру оқибатнинг йўқолмаганига гувоҳ бўласиз. Мамлакатимизда етарли даражада озиқ-овқат заҳираси мавжуд, хавотир ёки ваҳимага тушишга ҳеч қандай асос йўқ, дея мутахассисларимиз ҳамда масъуллар бонг ураётган бугунги тўкинчилик замонида янада аҳилроқ, янада инсонпарварроқ бўлишимиз мақсадга мувофиқдир. Айни пайтда биздан талаб қилинаётгани фақат аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, кўрсатмаларга сўзсиз риоя қилиш эканлигини унутмаслик керак.Инсоният тарихида, шу жумладан, юртимиз ҳаётида ўзига хос давр ҳукм сурмоқда. Сабр ва хотиржамлик − оқил банданинг доимий ҳамроҳларидир. Чунки, оқил киши ҳар қандай қийинчиликнинг интиҳоси борлигини билади. Шундай экан, бугунги синовли кунларда ватани, оиласи, болалари учун қайғуришни ҳаётининг мазмуни деб биладиган матонатли халқимиз юксак сабр ва матонат намунасини кўрсатиб, ягона олий мақсадимиз бўлиб турган — муаммодан беталофат қутулиб олиш, синовни енгиш йўлида бирлашиб, ўзаро тушуниш ва сабрли бўлиши керак бўлган даврдир. Бу давр ичида биз ҳуда-беҳуда ваҳимага, сохта таъсирга берилмасдан, юксак фаросатли бўлишимиз, онгли қарорлар қабул қилишимиз, мутахассислар томонидан берилаётган барча тавсияларга ҳам ўзимиз ва яқинларимиз манфаати учун, ҳам умуминсоний қадриятлар юзасидан муносиб жавоб қайтара олишимиз лозим.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Абу Ҳурайра р. а. ривоят қилган ҳадиси муборакда: “Кучли мўмин кучсиз мўминдан яхши ва Аллоҳга маҳбуброқдир. Барида ҳам яхшилик бор. Ўзингга наф берадиган нарсада ҳарис бўл. Аллоҳдан кўмак сўра, ожиз бўлма. Гар сенга бир мусибат етса “Агарда ундай қилганимда, ундай-бундай бўларди дема. Лекин Аллоҳнинг қадари, У Зот нимани хоҳласа қилади, дегин. Чунки, “Агарда” шайтоннинг амалига йўл очур” дедилар.Ҳадиси шарифдан ҳам маьлум бўляптики, кучли мўмин бўлишимиз лозим. Куч деб фақат жисм кучи эмас, танимиздаги ирода кучи ҳам назарда тутилмоқда.Маҳмуд Замахшарий айтадилар: Ҳушёр ва заковатли одам улдурки, унинг фикр доираси кенг, узоқни яқиндек кўра оладиган ғафлат уйқусидан йироқ, балки ҳамиша фикру зикри билан уйғоқ, махфий ишоратдан ҳам ўзига хулоса чиқара ола биладиган, сўқир кўздан ҳам ёш оқиза оладиган бўлур.Аллоҳ Таъоло: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилманг!” (Моида сураси, 2-оят), деган. Ушбу карантин чораларига амал қилиш яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишдир. Шунингдек, бунда шариат буюрганидек аввал Аллоҳ субҳанаҳу ват аъолога таваккал қилиб, кейин сабабларни ушлаш ҳам бор. Касалликка қарши туриш, ундан ҳимояланиш, эҳтиёт чораларини кўриш шаръан талаб қилинган ишлардандир. Аксинча, сабабларни тарк қилиб, ўзини ҳалокатга қўйиш, ноўрин таваккалчилик қилиш шаръан тақиқланган ишлардандир.Қуръони Карим, сўзсиз, инсонларга кўрсатма, нур, эслатма, саодат калити этиб юборилган. Қуйидаги оятлар киши ҳаётининг мушкул паллаларида ёрдам беради ва синовларни сабот билан енгишига, чиройли сабр қилишига кўмаклашади. “Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ сураси 6-оят). Демак, юқоридаги каби бало-офатлар тарқалганда бандалар янада ибодат, зикру тасбеҳга, истиғфорга зўр беришлари, доимо дуо қилиб, Аллоҳ таолодан офият сўрашлари керак бўлади. Аллоҳ таоло дунёдаги мўмин-мусулмонларни, жумладан юртдошларимизни турли бало-офатлардан паноҳида асрасин! Х. Хонимов
Деҳқонобод тумани “Тангаором”
жомеъ масжиди имом хатиби