ИХЛОС
(2-ҚИСМ)
Инсон баъзан ҳашаматли қаср қуради. Баъзан салқин мевазор боғларни барпо қилади. Аслида, у қурилган ҳашаматли қаср ва мевазор боғлар бу дунё матоларидир. Агар инсон у ишлари билан ўша нарсалардан инсонлар фойдаланишини ирода қилса, бу у инсон учун чексиз савобларга сабаб бўлиши мумкин. Расулуллоҳ алайҳис-салом шундай дедилар:«Ким зулмсиз ва ҳаддидан ошмай бир бино қурса ёки боғ қилса, ҳамда улардан Аллоҳнинг битта бўлса ҳам махлуқотлари фойдаланаётган бўлса, бу унинг учун доимий ажрли ишдир». (Имом Аҳмад ривояти). Ва яна: «Мусулмоннинг эккан дарахти мевасидан ёки экинидан бирор қуш ёки бирор киши еса, бу унинг учун садақадир» (Имом Муслим ривояти).
Тўғри ният ва улуғ мақсад ҳамроҳ бўлган кўнгил тусаган ҳаловатлар ҳам Аллоҳга яқин қиладиган ибодатларга айланиши мумкин. Масалан, инсон ўз иффатини муҳофаза қилиб ҳамда дини шаънини эҳтиёт қилиб аёлига яқинлик қилса, шу ишда ҳам инсон учун ажр бордир.
Шунингдек, Аллоҳга яқин қиладиган ишни яхши ният билан кишининг таомланиши ҳамда аёли ва фарзандларини таомлантириши киши учун савобли иш бўлади.
Расулуллоҳ алайҳис-салом Саъд бин Аби Ваққосга шундай деганлар: «Аллоҳнинг розилигини ирода қилиб берган нафақанг ва ҳатто аёлингга берган ҳар бир луқманг учун ҳам савоб оласан»(Имом Бухорий ривояти). Пайғамбар (с.а.в.)дедилар: «Ўзингни, фарзандингни, аёлингни ва ҳатто қўл остингдаги хизматкорингни таомлантиришинг бўлар ҳаммаси сен учун садақадир». (Имом Аҳмад ривояти)
Ҳақ гапни айтганда, модомики кишининг нияти тўғри бўлар экан, унинг Аллоҳга таслим бўлиши, ухлаши, уйғоқ юриши ва ҳар қандай ҳаракат-ҳолатлари Аллоҳ ризоси учун босилган дастлабки қадамлар, деб ҳисобланади.
Инсон баъзан мол-дунёси озлигидан ёки саломатлиги ночорлигидан гўзал амалларни қилишдан ожиз бўлиб қолади. Лекин инсоннинг дилидаги нарсалардан бохабар бўлган Аллоҳ яхши амални қилишга ҳарис бўлган инсонни солиҳ амалларни қилгувчилар даражасига, Аллоҳ йўлида саъйи-ҳаракат килишга рағбат қилганларни мужоҳидлар даражасига кўтариб қўяди. Чунки уларнинг ният мақсадлари шароитларига қараганда кучлироқ эди. Қийин ғазотларнинг бирида шундай воқеа содир бўлган экан: Кофирларга қарши бўлган жангларда Расулуллоҳ билан бирга қатнашиш ва Аллоҳ йўлида ўз жонларини қурбон қилиш учун бир неча кишилар Расулуллоҳ ҳузурига келадилар. Расулуллоҳ уларни урушга жихозлай олмайдилар. Шунда улар урушга қатнаша олмаганликларидан ўкиниб қайтадилар. Сўнгра Аллоҳ улар хақида қуйидаги оятни нозил килади: «Сизга ғазотга миниб бориш учун ишлатиладиган бирон нарса топа олмаганлари учун ғамгин бўлишиб, кўзларидан ёш тўкишиб қайтиб кетган кишиларни- ҳам айблашга ҳеч қандай йўл йўқдир».
Ўшандай одамларнинг иймон-эътиқодларини ҳамда ўзларини Аллоҳ йўлида қурбон қилишларидек ишларини Аллоҳ эътиборга олмайди, деб ўйлайсизми? Албатта ундай эмас. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ ўзлари билан урушга кетаётган бир ҳарбийга шундай деганлар: «Мадинада узр сабабли қолган кишилар бизлар қаерда бўлмайлик улар биз билан биргадир». (Имом Бухорий ривояти).
Уларнинг Мадинада ноилож, соф ният билан қолганлари уларнинг «мужоҳидлар» савобига муяссар бўлишларига сабаб бўлди.
Соф ният инсонга яхши фазилатларни зиёда килади. Шунингдек ёмон ният инсонни «вайл» дўзахига тушиб қолишига сабаб бўлиб қолиши мумкин, агар инсон яхши амални қилган бўлса ҳам:
4. Бир «намозхонлар»га вайл бўлсинки.
5. Улар намозларини унутувчилардир.
6. Ундоқ кишилар риё қиладиганлардир.
7. Ва моъунни ман қиладиганлардир.
(Моъун: 4-7).
Риёкорлик билан ўқилган намоз бу жиноятдир. Чунки ихлос руҳи бўлмаган ҳар кандай нарса хосияти бўлмаган бир суратга ухшайди.
Закот ҳам худди шундай. Агар у Аллоҳ розилиги учун бўлса, Аллоҳ даргоҳида макбул бўлган бир ибодатдир. Акс ҳолда у ботил, арзимас ишдир:“Эй иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, молини Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам кишиларга риё учун нафақа қилганга ўхшаб, бекорга кетгазманг. У мисоли бир устини тупроқ босган силлиқ тошга ўхшайдир. Бас, кучли ёмғир ёқса, силлиқ бўлиб қолади. Касб қилганларидан ҳеч нарсага қодир бўлмаслар. Ва Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоятга бошламас”. (Бақара :264).
Чанг тупроқ билан ўралган тошда экин бўлмагани каби, бўм-бўш бўлган қалбдан ҳеч қандай наф йўқдир.
Унутмаслик керакки, ихлос бу жуда муҳим нарса ва унинг баракоти ҳам беҳисоб. Агар шундай ихлос андаккина бир амалга ҳам аралашиб қолса, у амал тоғлардан буюк амалга айланиб қолади. Шунингдек ихлос буюк амалга аралашмаса, у амаллар Аллоҳ даргоҳида чанг каби ҳеч қандай вазнга эга бўлмайди. Шунинг учун Расулуллоҳ алайхис-салом айтганлар: «Динингга ихлос қил! Шунда сенга озгина амал ҳам кифоя қилади!”. (Алҳоким ривояти).
Бундан маьлум бўладики, гўзал амаллар учун белгиланган ажрларнинг ўнтадан етти юзтагача ва ундан ҳам ортиқ берилиши бу қалбнинг тўрида жойлашган ихлосга боғлиқдир. У ихлос қанчалигининг сири эса ғайбларни билгувчи бўлган Зот Аллоҳгагина аёндир.