ИСРОФДАН САҚЛАНАЙЛИК
Ислом яхшилик динидир. У доимо кишиларни яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтаради. Кишиларни инсонийликка чақириб, разолатни рад этади. Одоб-ахлоқ, руҳий-маънавий поклик ва равнаққа чорлайди. Шунингдек, ҳалол ишлашга, ҳаётни гўзал ўтказишга ундайди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Исрофгарлар шайтоннинг биродаридирлар», деб огоҳлантиради.Хайр-еҳсонлар қилиш мустаҳаб амал, уни шариат таълимотларига мувофиқ ҳолда ўтказиш керак. Акс холда, савобдан маҳрум бўлинади. Аммо оила аҳлларига нафақа фарз амаллардан ҳисобланади. Бинобарин, тўй қиламан деб оиланинг ризқини қийиш айни хатодир. Бордию, мен юрт ошини еганман, маҳаллага ош бермасликка номус қиламан, деб бошқалардан қарз олиб ёки олмасдан ҳам эҳсон қиладиган бўлса, бу иши айни гуноҳдир. Қуръони Каримда ҳам айтилган: “Аллоҳ таоло сизлар учун бу динда ҳаргиз қийинчилик яратмади” ва яна: “Аллоҳ таоло ҳеч бир бандага қўлидан келмайдиган ишларни буюрмайди”. Бу борада Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бир муборак ҳадисларида шундай марҳамат қилганлар:
“Эй умматларим, енглар, ичинглар, садақа-еҳсон қилинглар, лекин уларга исроф ва такаббурлик аралашмасин”.Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак ҳадисларида: „Хоҳ бойликда, хоҳ фақирликда, хоҳ ибодатда бўлсин, ўртаҳол бўлиш қандай ҳам чиройли”; “Тадбиркорлик тирикчиликнинг ярим илмига тенгдир”, деганлар. Тадбир – ақл-идрок, билим ва тажрибага суянган ҳолда тўғри, оқилона иш юритиш, демакдир. Инсон тадбир ила ўзи, оиласи ва қариндошларининг, ҳатто жамиятининг келгуси ҳаётий режаларини пухта белгилаши мумкин. Иқтисодий соҳада эса, тадбир беҳуда исрофдан сақланиш , сарф-харажатларни камайтириб, тежамкорлик қоидаларига риоя этишдир.Кези келганда шу нарсани айтиб ўтиш жоизки, тўй баҳонаси билан қудалар ўртасида айирбошланадиган қўша-қўша тоғоралар, сарупо-суруғлар ҳам миллатнинг моддий ва маънавий қашшоқланишига сабаб бўлмоқда. Кимўзарга қилинадиган қатор-қатор машиналардан ёш келин-куёвларга бирон-бир маънавий наф борми? Бўлса ҳам, улар ғурур ва туғёнга олиб боради, холос. Буларнинг ўрнига, муҳтарам мусулмонлар, ўша маблағларни фарзандларимизнинг илм олишларига ва рўзғорга зарур буюмларга сарф этайлик. Биз ўзимизни Аллоҳнинг бандалари ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматлари деб билсак, мазкур оят ва ҳадисларга амал қилган ҳолда ҳаётимизда исрофнинг барча турига чек қўйишимиз лозим. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Роббига) жуда ношукурдир” (Иброҳим-34). Инсонларга шунча неъматларни ато этиб қўйган Аллоҳ таоло уларни бу неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, асло исрофга йўл қўймасликка чақиради. Жумладан, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Енглар, ичинглар, исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай” (Аъроф, 31- оят), - деб амр қилмоқда. Шунингдек, яна: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-еҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлоқо йўл қўйманг!” (Исро-26). Демак, силаи раҳм, хайр-еҳсон ва турли садақаларни беришда ҳам меъёрдан ташқари харажат қилиш, исрофгарчиликка йўл қўйиш Аллоҳ томонидан ҳам ман этилган. Хусусан, тўй ва бошқа маракалардаги исрофгарчиликлар ортиқча дабдабага, риёкорликка, манманликка, кимўзарга, ўзаро ҳасадга, имкони йўқларнинг кўнгли ўксишига олиб келади. Пайғамбаримиз Мухаммад алайҳиссалом ўз ҳадисларида марҳамат қиладиларки: “Ким ҳаётда тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқликка тушмайди.” Яна бир ҳадисда: “Исрофгар жаннатга кирмайди”-деб исрофдан қаттиқ қайтарганлар. Ҳамма ишда меъёр ва мўтадиллик бўлгани яхши. Менга бойлик бериб қўйилди деб, уни ҳар томонга сочавериш, айниқса Аллоҳ ҳаром қилган ишларга сарфлаш гуноҳ эшикларини очиб қўяди. Бунинг ўрнига ёрдамга муҳтож кишиларга кўмак бериш, талабаларнинг ўқиш шартнома пулларини тўлашга кўмаклашиш, қарзини тўла олмаётган кишиларга ёрдамлашиш ҳам ўзига, ҳам жамиятга манфаат келтирган катта савобли иш бўлади. Исрофгарчиликнинг барча кўринишларига барҳам бериш ҳар бир фуқоронинг вазифасидир.
Мардонов Ҳайрулло
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси