ЗАКОТ-МОЛИЯВИЙ ИБОДАТ
БИСМИЛЛАҲИР-РОҲМАНИР-РОҲИЙМ
Закот Ислом динининг устунларидан бири бўлиб, уни адо қилишга катта эътибор берилади. Хўш, “закот” сўзи нима маънони англатади?
“Закот” сўзи луғатда “поклаш”, “улуғлаш” деган маъноларни англатади. Унинг истилоҳий маъноси эса қуйидагича: “Белгиланган моллардан маълум қисмини Аллоҳ таоло белгилаб берган мўайян тоифа кишиларга мулк қилиб бериш закот дейилади”.Закот-бу бадавлат мусулмонларнинг бойликлари ичидаги фақиру мискинларга берилиши шарт бўлган Аллоҳнинг ҳаққидир.
Ислом таълимотига кўра, инсонлар томонидан бериладиган садақа(хайру-эҳсон) икки хил бўлади. Уларнинг биринчиси берилиши жиҳатидан мажбурий садақа (хайру-эҳсон) ва иккинчиси эса ихтиёрий садақа (хайру-эҳсон)дир. Закот берилиши шарт бўлган мажбурий садақа (хайру-эҳсон)лар сирасига киради. Закот берилиши шарт бўлган мажбурий садақа бўлибгина қолмасдан, у молиявий ибодатдир. Закот берган кишининг моли покланади. Закот бериш туфайли молга барака киради ва мол кўпаяди.
Ислом шариатида закотнинг фарзлигини инкор қилган киши диндан чиқади. Аммо унинг фарзлигини эътироф этса-ю лекин амалда бажармаса гуноҳкор бўлади.
Закот –Исломнинг беш фарз арконларидан биридир. Унинг фарз эканлиги қуръон ва ҳадислар орқали собит бўлган. Аллоҳ таоло “Қуръони карим”да шундай марҳамат қилади:“(Эй мўминлар), намозни тўкис адо этинглар, закотни беринглар ва пайғамбарга итоат қилинглар. Шояд, раҳм қилинсангиз” ( Нур сураси, 56-оят). Ушбу оятнинг тафсири ҳақида “Тафсир ирфон”да: “Закот Қуръон оятлари ва Пайғамбаримиз (с.а.в.) суннатлари билан фарз бўлган мусулмонлар барча асрлар ва ўлкаларда закотнинг фарзлигига ижмоъ қилишган, яъни бир овоздан “закот фарз” деб айтишган. Закот масаласи фақат Аллоҳ таолонинг ягона Ўзига хос ишдир. Ким Аллоҳнинг таълимоти билан иш кўрса, ниятига етади. Аллоҳ таоло Ўзининг охирги дини-Исломда иқтисодий муаммоларни ҳал қилишнинг йўлларидан бири закот асосида бўлиши кераклигини кўрсатиб қўйган. Бугунги кун тили билан айтганимизда, закот иқтисодни ҳал қилиишдаги бир омил қилиб олинса, сўнгра унга бошқа исломий-иқтисодий омиллар қўшилса, иқтисодий масалда ўз ечимини осонгина топган бўлади[1]”
Абу Абдирраҳмон Абдиллаҳ бин Умар бин ал-Хаттоб (р.а) шундай дедилар: “Мен Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг шундай деганларни эшитганман: “Ислом беш нарсани устига қурилгандир:
-Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад(с.а.в.) Аллоҳнинг пайғамбари, деб шоҳидлик бермоқ;
-Намоз ўқимоқ;
-Закот бермоқ;
-Каъбатиллоҳга ҳажга бормоқ;
-Рамазон ойида рўза тутмоқ” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Ҳозир ўтиб бораётган муборак Рамазон ойларида закот бериш хайрли ишлардандир. Маълумки, моли нисобга етган ҳар бир киши бир йилда бир марта закот беради. Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Фатво ҳайъатининг 2020 йилги закот миқдори бўйича қарори қуйидагича бўлди:“Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати 1 грамм тиллонинг бугунги кундаги ўртача нархи 250000 (икки юз эллик минг) сўм эканини эътиборга олиб, милодий 2020 йил (ҳижрий 1441йил) учун закот ҳисобини (85 г. тиллодан) 21225000 (йигирма бир миллион саккиз юз эллик минг) сўм деб белгилади. Мазкур қийматнинг қирқдан бири (1/40), яъни закот учун чиқариладиган қисми 531 250 (беш юз ўттиз бир минг икки юз эллик) сўмга тенг бўлади. Шунга кўра, зарурий эҳтиёжидан ташқари бир йил давомида 21250000 (йигирма бир миллион икки юз эллик минг) сўмдан ортиқ маблағга эга бўлган мусулмон киши, жами маблағининг қирқдан бири (1/40) ни закот сифатида камбағал ва фақирларга бериши фарздир”.
Закот берган кишининг моли покланади, кўпаяди аммо ҳеч ҳам камаймайди. Бу ҳақда Пайғамбар (с.а.в.): “Уч муҳим нарса ҳақида сўзлаяпман, уни хотирангизда сақланглар:
Ушбу муборак Рамазон ойида бераётган закот, хайру-эҳсон ва садақаларимизни Аллоҳ таоло ижобат айлаб, ажру-савоблар ато қилсин.
Р.Усмонов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилоят вакили,
вилоят бош имом хатиби
[1]Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. Тафсири ирфон. “Шарқ” НАМАК. Т. 2019. 3-жилд. 640-бет.