1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҲАСАД-ҲАСАНОТЛАР КУШАНДАСИ

21-05-2020, 12:40 674 Ўқиш режими + -

ҲАСАД-ҲАСАНОТЛАР КУШАНДАСИ

Бисмиллаҳир роҳанир роҳийм

Халқимиз баъзан “Ҳасад билан эмас, ҳавас билан яшаш керак” деган иборани ишлатади. Дарҳақиқат, мўмин-мусулмон кишида ҳасад бўлмайди. Чунки Ислом дини ҳар бир мўмин-мусулмонни бошқа ҳасад қилишдан қайтаради. 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Бир-бирингиздан узилманглар, бир-бирингизга орқа ўгирманглар, нафрат-адоватда бўлманглар, ўзаро ҳасад қилманглар. Аллоҳнинг биродар бандалари бўлинглар. Мусулмон учун биродарини уч кундан ортиқ тарк қилиши ҳалол бўлмайди.”, дедилар”.

Ҳасад икки қисмга: ҳақиқий ва мажозийга бўлинади. Ҳақиқий ҳасад – Аллоҳ бир кишига берган бойлик, илм ёки бирор яхшиликни кўриб, унга ўзи эришмаса-да, нариги инсондан кетишини хоҳлашидир. Мазкур ҳасад саҳиҳ ва очиқ далиллар ҳамда уммат ижмосига кўра ҳаром қилинган. Мажозий ҳасадни ҳавас маьносида ҳам тушуниш мумкин. Ушбу маьнодаги ҳасадгўй бошқа кишилардаги неьмат улардан кетмаган ҳолда ўзида ҳам бўлишини истайди. Агар ҳасадгўй қилаётган нарсаси дунёвий ишлар учун бўлса, жоиз ва ухровий яьни ибодатларда бўлиши эса мустаҳабдир. Аллоҳ таьоло айтади: “Бас мусобақачилар шу (неьматлар) йўлида мусобақа қилсинлар!”. (Мутаффифун сураси, 26-оят).

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки нарсадан бошқасида ҳасад йўқ. (Бири) Аллоҳ таьоло бир кишига мол-дунё берган ва у кеча-ю куздузи уни инфоқ қилади. (Иккинчиси) Аллоҳ таьоло бир кишига Қурьонни берган ва у кеча-ю кундуз уни қоим қилади”, дедилар”.

Демак икки ҳолатда ҳавас маьносида ҳасад қилиш мумкин. Ҳадисда ҳасад қилиш мумкин бўлган икки ҳолат мисол тариқасида келтирилган бўлиб, ундан мутлоқ диний амаллар ирода этилган. Дунёвий ишларда ҳасад қилиш мубоҳ ҳисобланади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни тарғиб қилмаганлар.

Ҳасад қилинаётган кишига берилган неьмат Аллоҳ тарафидан берилган. Унга куйишдан нима наф?! Агар инсон мана шу ҳақиқатни англаб етса , ўртадаги ўзаро жанжаллар ҳам тугаб, ҳамма бир-бири билан биродар бўлган ҳолда яшайди. 

Абу Лайс Самарқандий бу борада шундай деганлар: “Уч кишининг дуоси ижобат қилинмайди:

1.Ҳаром егувчини.

2.Ғийбат қилгувчини.

3.Қалбида мусулмонларга нисбатан ҳасади ёки нафрати бўлган кишини”.

         Ҳасадда саккизта офат бордир:

  1. Тоатнинг фасоди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Ҳасаддан сақланинглар, чунки ҳасад яхшиликларни еб йўқ қилади, худди олов ўтинни еб юборганидек. Ҳасад куфрга олиб боради”
  2. Маьсият ишларга ундайди. Чунки ҳасад қилувчи, ғийбат қилиш, ёлғон гапириш, сўкиб сўзлаш одатидан хои бўлмайди.
  3. Шафоатдан маҳрум бўлиш. Абдуллоҳ ибн Бишр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳасадчи, чақимчи, коҳинлик қиладиган киши мендан эмасдир”. Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ояти каримани тиловат қилдилар: “Мўмин ва мўминаларга қилмаган гуноҳлари билан озор берадиган кимсалар бўҳтон ва аниқ гуноҳни ўзларига олган бўлурлар” (Аҳзоб сураси, 58-оят).
  4. Дўзахга киришига сабаб бўлади. Имом Дайламий  Ибн Умар ва Анас ибн Молик розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Олти нафар киши ҳисоб-китобсиз дўзахга киради. Улар:
    • Золим, мутакаббир амирлар – жабр (зулм) қилганликлари сабабли.
    • Бошлиқлар – кибрдари сабабли.
    • (Миллатчи) араблар – миллатчилик ва қабилачилик қилганлари сабабли.
    • Тижоратчилар – (тарози ва ўлчовда) хиёнатлари сабабли.
    • Қишлоқ аҳллари – жоҳилликлари сабабли.
    • Олимлар – ўзаро ҳасадлашиб бошқаларга зарар етказгани сабабли”.
      1. Инсонларга зарар бериши билан Аллоҳнинг ғазабига учрайди. Шунинг учун, Аллоҳ бизни шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ сўрашга буюргани каби, ҳасад қилувчининг ёмонлигидан ҳам паноҳ сўрашга буюрди.
      2. Фойдасиз ғам ва қийинчилик, шу билан бирга гуноҳкор бўлиш. Ибн Саммок айтади: “Ҳасад қилувчидан ёмонроқ одам йўқ, у мазлумга ўхшаган золимки, ҳар доим ғам унга ҳамроҳ, ақли эса уни нуқул адаштиради”.
      3. Қалби кўрлик, Аллоҳнинг ҳукмларини тушуна олмаслик. Абу Суфён розияллоҳу анҳу айтган экан: “Ҳасад қилувчи бўлмагин, шунда тез тушунадиган бўласан”.
      4. Маҳрумлик ва хорлик. Ҳасад қилувчи одам ҳеч қачон муродига етолмайди, душманига ғолиб ҳам бўлолмайди. Шунинг учун айтишди: “Ҳасадгўй ҳеч қачон саодатли бўлолмайди” (Тариқатул Муҳаммадийя).

А.Ганжиев

Ғузор тумани бош имоми