ТЕЖАМКОРЛИК
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Тежамкорлик ҳар бир мўмин –ммусулмон учун зарур бўлган хислатлаардан. Инсон тежамкор бўлмаса, Албатта исрофга йўл қўяди.
Халқимиз рўзғоридан орттирганини эҳсон қилишга шошилади. Лекин бу эҳсонлар жойига тушсагина, савоб оламиз, исрофга йўл қўйсак, аксинча, гуноҳкор бўлиб қолишимиз мумкин. Ҳолбуки, бугун баъзи ҳолатлардаги тангликларнинг асосий сабаби ҳам исрофдир.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Тадбирли бўлиш – ярим ризқ”, – деб марҳамат қилдилар. Барча ақли расо, идрокли кишиларга маълумдирки, ҳар қандай ишда ўртаҳоллик, мўътадиллик ва меъёр ҳамиша маъқулланиб келинган. Ҳаддан ошиш, исроф, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар эса ҳам ақлан ва ҳам шаръан қораланиб, улардан ҳазар қилишга буюрилган.
Аллоҳ таоло Ўзининг каломида бундай марҳамат қилади: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!”.
Суфёни Саврий бу ҳақда бундай деган: “Аллоҳ тоатидан бошқа нарса йўлида қилинган озгина нафақа исрофдир”.
Ушбу ҳикматга кўра тежамкорлик ибодат даражасига кўтарилган. Нафақа қилиш ва мол-дунёни сарфлашда ўртача йўлни ушлаган ва унга амал қилган инсонларни Аллоҳ таоло мадҳ этиб, бундай дейди: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир”.
Ҳадиси шарифларда ҳам исрофгарчиликдан қайтарилиб, тежамкорликка тарғиб ва ташвиқ этилади. Жумладан: “Бойликда ҳам, фақирликда ҳам, ибодатда ҳам мўътадиллик яхшидир”, – дейилади.
Тежамкорлик тўғрисида эса Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларида бундай марҳамат қилинади: “Тежамкор одам ҳеч қачон қашшоқлик кўрмайди”.
Демак, юқорида зикр этилган ояти карима ва ҳадиси шарифлар маъно-мазмунларидан огоҳ бўлиб ва ибрат олиб, ҳар-биримиз меъёрдан ташқари харажат қилишдан, исрофгарчиликка йўл қўйишдан сақланишимиз лозим бўлади. Чунки, исроф фақат марака-маросимларни тежамсиз ўтказишгина эмас, балки вақтни, умрни бепарво, бесамар ўтказиш ҳам катта исрофдир. Фойдасиз ишлар билан машғул бўлиш, куч-қувват ва салоҳиятни юрт манфаати йўлида ишлатмаслик, соғлик қадрига етмаслик кабилар ҳам исрофдир.
Д. Ҳамроев.
Касби туман “Султон мирҳайдар”
масжиди имом хатиби