1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

РАМАЗОН ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

22-05-2020, 11:06 846 Ўқиш режими + -


РАМАЗОН ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!
 
       Аллоҳ таолога беадад шукроналар бўлсинки, муборак Рамазон ойи рўзасини тугатиб, ҳайит байрами кунларига соғ-саломатликда, тинчликда этиб келдик.
     Бу қутлуғ кунларда эл-юртнинг камоли, халқимизнинг бахт-саодати, мустаҳкам имон-эътиқоди яна бир бор намоён бўлиши табиий. Аллоҳнинг инояти ила тинч ва обод юртда барчамиз мана шундай улуғ айёмда бир-бирларимизни сидқидилдан муборакбод этиш шарафига муяссар бўлиб турибмиз. Аллоҳ ҳузуридаги ойларнинг энг афзали, барака, раҳмат ва мағфират ойи бўлмиш муборак Рамазони шарифнинг ўттиз кунлик рўзасини мукаммал адо этишликни насиб этмоқда. Бу покланиш ойида қилган ибодатларимиз, тутган рўзаларимиз, хайрли амалларимиз, ўқилган хатми Қуръонларимизни, шунингдек, саҳар чоғида қилган дуо-ю илтижоларимизни Аллоҳ таоло ўз даргоҳида қабул айлаб, ўзининг туганмас ғайбиясидан кўпдан-кўп ажру савоблар ато қилсин.
     Маълумки, Рамазон ҳайити кунида барча мусулмонлар бир-бирларини муборакбод этиб, табаррук отахон-онахонларга узоқ умр, имон, ёшларга тавфиқу рушди ҳидоят тилашади. Қариндош-уруғларни, ёру биродарларни зиёрат қиладилар, ўз яқинлари ва беморларнинг ҳолидан хабар оладилар. Бу кунда шундай хайрли ишлар ҳар бир эзгу ниятли кишиларнинг қалб эҳтиёжига айланади. Бирор сабабга кўра аразлашган, гина-кудуратли таниш-билишлар ҳам ҳайит кунларида бир-бирларига қучоқ очадилар, ўзаро узр сўрашадилар.
     Бугун шуни рўй-рост тан олиш керакки, халқимизнинг асрий орзулари ушалган ушбу шодиёна кунларга осонликча этиб келганимиз йўқ. Неча йиллар мобайнида халқимиз, диний эътиқодидан, қадриятларидан мосуво бўлди, ҳақ-ҳуқуқлари топталди. Аллоҳга беҳисоб шукроналар бўлсин, мана, мустақилликка эришдик, миллий ва диний қадриятларимиз ўзимизга қайтди. Мусулмонларимиз ибодатларини эмин-эркин адо этадиган, диний таълимни бемалол оладиган бўлдилар. Кўплаб масжидлар янгидан очилди ва очилмоқда, минглаб мусулмонлар ҳаж ва умра қилиш имкониятига эга бўлдилар.
       Мусулмонларимиз бу ойни тоат-ибодат, тавба-тазарру, сабр-бардош, яхшилик ва меҳр-мурувват йўлида ўзаро мусобақалашишлар билан безашга ҳаракат қилишди. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг бизга кўрсатмалари шундай бўлган, ибратлари шундай бўлган: ўзлари бу ойда бошқаларга қараганда кўпроқ ибодат, эзгу, хайрли ишлар қилганлар.
       Бундан руҳланган мўмин-мусулмонларимиз бу ойда эҳсон-саховатларини ҳар қачонгидан ҳам кўпайтириб, катта савоблар олиш умидида эҳтиёжмандларга, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларга меҳр-мурувват, саҳоват кўрсатдилар.
     Алоҳида таъкидлашимиз керакки, бугунги мураккаб пандемия даврида ва Бухоро ва Сардобадаги табиий офатлардан жабр кўрганларга давлатимиз ва халқимизнинг бир бўлиб қилган хайрли ишлари, ўзбек халқининг меҳр-оқибатли, эзгу ишларда доим жипс, бағрикенг бўлган буюк халқ эканлигининг исботидир.
Рамазон рўзасидан олган тарбиямизнинг яна бир жиҳати шу бўлдики, бу ой бизларга бир-биримиз билан янада ахил, тотув бўлиб яшашни, бағрикенг бўлишни, фақат ўзимиз учун эмас, ўзгалар учун ҳам камарбаста, фидойи бўлишни ўргатди. Чунки юртимизда тинчлик осойишталик бардавом бўлишида, ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги юксалишида бу инсоний фазилатларнинг ўрни беқиёсдир.
     Ҳар миллатнинг ҳайити бор ва ҳар ҳайитнинг муносабати бор. Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага келган пайтларида уларнинг ўйин-кулги қилишадиган икки байрамлари бор эди. Бу байрамлар ҳақида улардан сўраганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ таоло сизларга буларни бунданам яхшилари; Қурбонлик ва фитр ҳайитларига алмаштириб берди». Демак, бу икки байрам мусулмонларнинг хусусиятларидан экан.
      Ҳофиз Абу Муҳаммад ибн Асокирнинг «Мусаннаф»ларида шундай келади: «(Фаришталар) айтадилар: «Сизларга буюрди, рўза тутдинглар. Роббингизга итоат этдинглар. Энди мукофотларингизни қабул қилинглар!». Бу ҳадисни муҳаддислар «Ҳайит – мукофотлаш куни» ҳадиси деб аташади.
     Аллоҳ таоло бу дунёдаги фараҳ ва суруримизни, охират кунида мазкур ҳадисда келган башорат билан алмаштирсин! Карамли Роббимиз ҳаммамизни розилик ва мағфират билан мукофотласин!
Ҳайитдан мақсад, кўнгилларга хушнудлик, нафсларга севинч, жисмга роҳат бағишлаш, дўстлар, яқинлар ўртасида муҳаббат, қариндошлар, қардошлар орасида меҳр ришталарини янгилаш, кишиларни бир-бирларига ёрдам ва саховат кўрсатишга чорлашдир.
       Одатда байрамларда жамият ахлоқи, истак ва майллари, урф-одатлари ҳар қачонгидан аниқроқ бўртиб кўринади. Шу боис, Рамазон ойи давомида бўлгани каби ҳайит арафасида ҳам меҳр-муҳаббат, саховат, ўзаро ёрдам бериш, ҳожатмандлар ҳолидан хабар олиш, кексаларни қадрлаш ва ҳурматларини жойига қўйиш, ота-оналарга ҳар қачонгидан кўра эътибор кўрсатиш, хулласи инсонлар ўртасида меҳр-оқибатни янада кучайтириш талаб этилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларининг ҳадиси шарифларида марҳамат қилганлар: “Бева ва мискинга ғамхўрлик қилувчи киши Аллоҳ таоло йўлида саъй-ҳаракат қилувчи ёки кечалари тоат-ибодат қилиб, кундузлари рўза тутувчи киши кабидир”.
     Ҳақ таолога беадад шукроналар бўлсинки, юртимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда. Бу тинчлик неъматининг қадрига этмоғимиз, уни асраб-авайлаш учун ҳар биримиз ҳаракат қилмоғимиз лозим. Чунки бу доруломон кунларга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади:“Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...”. Бизлар ҳам берилган неъматларнинг қадрига этиб, динимиз ривожига кўрсатилаётган шароит ва ғамхўрликларни Аллоҳнинг улуғ марҳамати деб қабул қилишимиз, бунинг шукронасини ҳамиша адо этишимиз лозим.
        Бу кун шоди ҳуррамлик айёми қутлуғ байрам экан, унинг шукрини адо этиш, ушбу муборак кунда ҳаммамизга ардоқли ота-оналаримиз, қавму қариндошларимиз, улуғларимиз зиёратига бориб, уларнинг дуоларини олиш, бетоб, эҳтиёжманд кишилар ҳолидан хабардор бўлиш, ёрдамга муҳтож кишилар кишиларга қўлдан келганича хайр-саҳоват кўрсатиш, бир-бирларимизни ҳайит билан муборакбод этиш, эски гина-кудуратларни унитиб, силаи раҳмни ва инсоний муносабатларни тиклаб олиш ва шу тариқа Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфиратига сазовор бўлиш ҳар бир мусулмоннинг байрам кунларидаги энг савобли амаллари саналади.
      Таъкидлаш лозимки хайрли ишларни бажариш ва қавму-қариндошларни ҳолидан хабар даврида карантин талабларига қатъий амал қилишимиз шарт. Чунки бу билан биз ўзимизни ва бошқаларни кўринмас балодан асраган бўламиз.
         Бу кунларни азага, хафагарчиликка айлантирмаслик керак. Ўтганларимизни эслаш, уларни руҳларини шод этиб дуойи хайрлар қилишимиз яхши амал, лекин булар ҳайит байрами шукуҳига таъсир қилмаслиги лозим. Аллоҳ таоло Рамазон ҳайитини барчаларимизга муборак қилсин! Байрамнинг шарофатидан Ватанимиз равнақи, халқимизнинг аҳил-иноқлиги, бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги янада мустаҳкам бўлишини ва икки дунё саодатини насиб айласин! 
 
 
Ўткир Ғузаров билим юрти мудири