Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббати мусулмоннинг имонига чиндан ҳам озиқ бўлади. Агар мусулмон кишининг имони зиёда бўлса, Расулуллоҳга бўлган муҳаббати ҳам зиёда бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш – тоат ва қурбатдир. Дарҳақиқат, шариат Набий алайҳиссаломнинг муҳаббатини вожиботлардан санайди.
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нақадар гўзал ўрнак намунаси эканлинларини баён қилиб шундай дейди:
لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآَخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا
“(Эй, имон келтирганлар!)
Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир”. Ҳақиқатда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётнинг ҳамма жабҳаларида гўзал намуна ва ўрнакдирлар.
Бундан ташқари, Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни айнан хулқ жиҳатидан ҳам гўзал ўрнак эканликларини мақтаб:
وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ
“Албатта, сиз буюк хулқ узрадирсиз”,-деб марҳамат қилган
(Қалам сураси, 4- оят).Оиша онамиздан
“Пайғамбаримизнинг хулқлари қандай эди?”,-деб сўралганда: “Хулқлари Қуръон эди”,-деб жавоб берганлар.
Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят килинади: "Оиша розияллоҳу анҳодан: "Пайғамбар алайҳиссалом ўз аҳлларининг олдида нима қилар эдилар?", деб сўрадим. "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларининг хизматида бўлар эдилар. Агар намоз ҳозир бўлса намозга чиқардилар. Ул Зот каттазанг киши эмас эдилар. Балки кўпинча ўз ишларини ўзлари бажарардилар", дедилар.
Анас ибн Моликдан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирорталарингиз мени фарзандидан, ота-онасидан ва одамларнинг барчасидан кўра кўпроқ яхши кўрмагунча ҳақиқий мўмин бўлолмайди”, дедилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен Қиёмат куни одам боласининг улуғидирман. Устидан қабр биринчи ёриладиган шахс менман. Аввалги шафоатчи менман. Аввалги шафоат қилинувчи менман», дедилар” (
Имом Муслим ривояти).
Одоб ахлоқнинг динда қанчалик аҳамиятга эга эканлиги кўпгина ҳадисларда баён қилинган. Жумладан, Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Зарга шундай деганлар:
“Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳдан қўрқ! Ёмон иш қилган бўлсанг орқасидан уни ўчирадиган яхши иш қил ва инсонларга гўзал хулқ билан муомала қилгин!” (Имом Термизий ривояти).
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ҳақ бўла туриб жанжаллашмаган кишига жаннатнинг энг пастидан бир уй берилишига кафилман. Ҳазил қилаётган бўлса ҳам ёлғон гапирмаган кишига жаннатнинг ўртасидаги бир уйга кафилман. Хулқи гўзал бўлган кишига эса жаннатнинг энг юқорисидаги уйга кафилман,” дедилар. (Абу Довуд ривояти).
Муқаддас динимиз таълимотларида инсон чиройли ҳулқи орқали ҳаттоки ибодат қилган даражасига эга бўлишлиги таъкидланган. Оиша онамиздан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Киши гўзал хулқи билан кундузи рўзадор, кечаси бедор бўлганларнинг даражасига етади,” деганлар. (Абу Довуд ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, Ул зотга жон-у молларини фидо этиб, жонбозлик билан ардоқлашда, башар учун, шак шубҳасиз саҳобалар буюк намунадирлар.
Иймонимизнинг комиллиги У зотга бўлган муҳаббатимизга таъаллуқли бўлар экан, уламолар киши қалбида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам севгиси бор-йўқлигининг белгиси сифатида қуйидаги ўлчовни қўллашган:
1) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиёратлари муяссар бўлганида уни бой бериш дунёдаги бор нарсани бой беришдан оғир бўлиши;
2) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амрларига итоат этиб, ман қилган нарсаларидан сақланиш;
3) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилиш ва шариатларини ҳимоя қилиш.
Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳдан сўрашди: “Сиз қачондан бошлаб Айюб Аcсухтиёнийдан ҳадис эшитадиган бўлгансиз?” Имом Молик жавоб бердилар: “Мен илгари ҳеч ҳам ундан ҳадис тингламасдим. Лекин қачонки унинг ҳузурида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари зикр қилинса, у шунчалик йиғлардики, ҳатто унга раҳмим келарди. Мен уни Рассулуллоҳга шунчалик эҳтиромини кўриб ундан ҳадис тинглайдиган бўлдим!
Имом Моликдай зот ҳам дунё ишларида Набийга тақлид қилишда машҳур эди: Мадинаи мунавварада бирор марта уловга миниб юрмади, Равзада имомлик қилганида доимо паст овозда гапирди.
Машҳур салжуқий подшоҳлардан Маҳмуд Ғазнавий таҳорати йўқ пайтда Муҳаммад исмли ходимини исми билан чақирмай, “Ҳой ходим” деб чорларди.
Аҳмад Яссавий эса “Пайғамбар ёшидан кейин менинг бу тупроқ устида юришим ҳаромдир”, дея охирзамон Набийига садоқатини изҳор этиб, одамлардан узилди.
Салафи солиҳлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни вафотларидан кейин саҳобалар ул зотни ҳаётликларида улуғлаб, ҳурмат қилганларидек ҳурматлар эдилар. Ул зотнинг масжидларида ҳам овозларини баланд кўтармасдилар. Соиб ибн Язид раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қиладилар: “Масжидда тургандим, шунда бир киши менга тош отди, қарасам, Умар ибн Хаттоб экан. У менга: “Бор, ана у иккиласини олдимга олиб кел!”, деди. Мен уларни олиб келдим. Умар уларга: “Кимсизлар ёки қаердансизлар?”, деб сўради. Улар: “Тоиф аҳлиданмиз.”, дейишди. Шунда Умар ибн Хаттоб: “Агар шу шаҳар аҳлидан бўлганингизда албатта сизларни жазолар эдим! Расулуллоҳнинг масжидида овозингизни кўтарасизларми?!!!”, деди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қирқ ёшида пайғамбар бўлган бўлсалар, ўша қирқ яшаргача ўтган ҳаёти ҳам ибрат. Чақалоқлигидаги воқеалар катта бир мактаб. Ҳаммаси таълим-тарбияга, ахлоқу одобга чақирадиган ажойиб бир дарсликлардан иборатдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда биз бандаларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишимиз таълимотини бериб, бундай хитоб қилади:
إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا
“
Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўъминлар! (сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтинг!” (
Аҳзоб,56)
“Салавот” сўзи – дуо, раҳмат, улуғлаш ва мақташ маъноларини билдиради. “Салом” сўзи эса – барча бало ва офатлардан омонда бўлиш демакдир.
Аллоҳ таолодан бўладиган салавот ва салом – раҳмат ва мақтов маъносида. Фаришталардан бўладиган салавот ва саломлар эса – истиғфор ва дуо маъносидадир.
Юқорида келтирилган ояти каримада оламлар Раббиси ва яратувчиси бўлмиш Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишга буюрмоқда. Бу эса Пайғамбаримизнинг мартабалари ҳамда у зотга нисбатан салавот ва саломларнинг ўрни нақадар олий эканидан далолатдир.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: "
Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўнта салавот айтади (яъни, ўнта гуноҳини мағфират қилади)".
Абу Толҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:"
Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хурсанд ҳолда келдилар. Биз: "Юзингизда хурсандчиликни кўряпмиз! (нима бўлди?), дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Менинг олдимга фаришта (Жаброил алайҳиссалом) келди ва: "Эй, Муҳаммад! Роббингиз шундай деди: "Мен сизга бир марта салавот айтган кишига ўнта салавот айтишим ва сизга бир марта салом айтган кишига ўнта салом айтишим сизни рози қилмайдими", – деб хабар берди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: "Қиёмат кунида умматларимнинг менга энг яқини, менга уларнинг салавотни энг кўп айтувчиларидир".Имом Саноний бу ҳадиси шарифдаги "инсонларнинг менга энг яқини" деган гапни "инсонларнинг менга турар жойи ва шафоатимга ҳақли бўлиш жиҳатидан энг яқини" деб, бошқа муҳаддис уламолар эса "жаннатдаги ўрин жиҳатидан менга энг яқини" деб шарҳлаганлар. Ҳаммамизга маълумки, қиёмат кунида ҳеч бир инсон учун шафоатчи, ёрдамчи бўлмайди.
Муҳаммади ҚОРАЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги етакчи мутахассиси,
Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби.