
МУСУЛМОННИНГ ХУЛҚИ
(16-ҚИСМ)
ИХЛОС
(3-ҚИСМ)
Солиҳ амалларни бериё бажариш лозим. Риё амалларни Ислом қабиҳ кўриб уни Аллоҳга шерик қилиш, деб ҳисоблайди. Ҳар қандай амалларни барбод қиладиган нарса ҳам аслида риёдир.
Расулуллоҳ алайхис-салом шундай деганлар:«Андак риё ҳам ширкдир. Ким Аллоҳ дўстларига қарши ҳаракат килса, у Аллоҳга қарши уруш эълон қилибди. Албатта Аллоҳ тақводор, покиза, хилватда гуноҳ ишларни қилмайдиган, одамлар орасида риё қилмайдиган, қалблари ҳидоят чироқларига айланиб кетган ва ҳар қандай зулматдан эхтиёткорлик билан чиқиб кетадиган одамларни севади» Алҳоким
Бир киши Расулуллоҳга: «Эй Расулуллоҳ, мен Аллоҳ юзини ирода қилаётган бир ўринда турибман”, деганида Расулуллоҳ алайҳис салом жавоб қайтармай турганида ушбу оят нозил бўлди:
Сен: «Мен ҳам сизларга ўхшаган башарман. Менга, шубҳасиз, илоҳингиз битта «илоҳ» экани ваҳий қилинди. Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани шерик қилмасин», дегин.
(Кахф :110).
Ислом ихлос йўқлигидан пайдо бўладиган риё ва ундан бошқа иллатларга қарши туради. Разиллик ҳамма жойда жиноят ҳисобланади.Жиноятчилар ўз жиноятларидан тезроқ қайтсалар яхши бўлар эди. Аммо маълум ибодатларни амалга оширишда зоҳир бўлган разилликнинг оқибати ўша разиллик соҳибига ва барчага ёмондир. Чунки разилликни қилиши билан инсон, мен Аллоҳни рози қиляпман, деб ўз нафси қусурини қондириб олади. Бундай одам гуноҳни сезадими ва разиллигини яхши деб ҳисоб қилса, у разиллигидан қайтадими?
Жамиятда «Фозил», деб танилиб қолган мунофиқлардан содир бўлган разилликнинг хатари каттароқдир. Кўпгина истеъдодли одамларда ихлоснинг ночорлиги улканинг мусибат тортишига сабаб бўлган. Инсон фазилатининг ҳавои-нафс сарқитлари билан бўлган иши бу фазилатнинг қадр-қиммати ва обрўси учун катта зарардир. Бу ҳам ўз ўрнида инсонда ихлоснинг йўқлигидан пайдо бўладиган бошқа бир жиноятдир. Баъзан киши ўз амали билан Парвардигорининг розилигини ирода қилмай инсонлар розилигини мақсад қилади. Бундай одамлар Аллоҳдан юз ўгириб заиф инсонга юзланаётган ва қилаётган иши энг тубан иш эканини ҳис қилмаётган одамдир. Бу борада Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай деганлар: «Аллоҳ қиёмат куни барча инсонларни жам қилганда, шундай овоза қилур: «Қилган амалида Аллоҳга бировни шерик қилганлар, амалининг савобини ўшандан олсин! Чунки Аллоҳ ўзи учун шерикка мухтож эмас!»Имом термизий
Ҳарбийлар зобитми ёки оддий аскарми, ўз вазифаларида ҳеч қандай иллат-камчиликка йўл қўймасликлари керак.Чунки уларнинг ҳаёт ва мамотлари муқаддас вазифа билан боғлиқдир. Бу мукаддас вазифа олдида ҳарбий унвон ва ҳарбий нишоннинг уларга ҳеч қандай қизиғи бўлмаслиги керак. Аллоҳ даргохидаги нарса улар учун ҳамма нарсадан олий бўлиши зарур.
Абдуллоҳ бин Амр: «Эй Расулуллоҳ, саъйи-ҳаракат ва ғазот нима?”, деб сўраганларида Расулуллоҳ шундай жавоб бердилар: “Эй Абдуллоҳ, агар сен савобдан умидвор бўлиб ва сабрли бўлиб жанг қилсанг, Аллоҳ сени қиёмат куни савобдан умидвор ва сабрли ҳолингда тирилтиради. Агар сен риёкор, устун-афзал бўлиш ҳолида жанг килсанг, Аллоҳ сени ўша ҳолатда тирилтиради. Эй Абдуллоҳ бин Амр қандай жанг қилсанг ёки қандай қатл этилсанг, қиёмат куни Аллоҳ сени ўша ҳолингда тирилтиради» абу довуд
Амалдор ўз хонасида халқнинг фойдасини ва Аллоҳ, ризосини кўзлаб ҳар бир ёзган ва ҳисоблаган нарсаларини кўздан кечириб қўймоғи даркор. Афсуски, кўп амалдорларни қизиқтираётган нарса мол-дунё, амал ва мансаб бўлиб қолмоқда. Расулуллоҳ алайҳис-салом шундай деганлар: «Охир замонда умматим уч фирқага бўлиниб кетади. Аллоҳга холис ибодат қиладиган фирқа. Аллоҳга риёкорона ибодат қиладиган фирқа. Қоринларини боқиш мақсадида Аллоҳга ибодат киладиган фирқа. Аллоҳ учала фирқадаги одамларни қиёмат куни жамлаб, қорнини боқиш учун Аллоҳга ибодат қилган одамга: «Менга ибодат қилишингдан мақсад нима бўлган, деб сўраганида, у шундай деб жавоб беради: «Сенга ибодат килишимда мақсадим қорнимни бокиш бўлган», деб жавоб беради. Шунда Аллоҳ: «Сенинг ибодатингдан ҳеч қандай фойда йўқ. У ни дўзахга улоқтиринглар, дейди. Сўнгра риёкорона ибодат қилганга: “Сенинг мақсадинг нима бўлган?», деганида, у «Одамлар кўрсин деган эдим», дейди. Шунда Аллоҳ: «Сенинг ибодатинг менга етиб келмади. Уни дўзахга улоқтиринглар». дейди. «Хўш айтгинчи, Менга ибодат қилишингда сен нимани кўзлаган эдинг", деб Аллоҳга холис ибодат қилгандан сўраганда, у: «Эй Аллоҳим, уни Ўзинг яхши биласан. Мен Сенга ибодат қилишимдан мақсадим Сенинг зикринг ва Сенинг ризоинг эди», деб жавоб беради.Шунда Аллоҳ: «Бандам тўғри айтди, уни жаннатга элтинглар!», ( Имом Табароний ривояти) дейди.
Давоми келгуси саҳифада...
Таржимон:
Р. УСМОНОВ
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакили