1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ДУОСИ ҚАБУЛ БЎЛАДИГАН ИНСОН БЎЛИШНИ ХОҲЛАЙСИЗМИ?

25-12-2019, 18:02 1 659 Ўқиш режими + -

 
ДУОСИ ҚАБУЛ БЎЛАДИГАН ИНСОН БЎЛИШНИ ХОҲЛАЙСИЗМИ?


 Аллоҳ таоло инсониятни яратгаб, уларни Ер юзида ҳалол ризқ талаб қилишга амр этиб, унинг акси бўлмиш ҳаромдан ҳазар қилишга буюрди ҳамда ҳалол ва ҳаром бўлган нарсаларни баён қилди. Демак, ҳар бир инсон ҳалол ризқ талаб қилиши билан бирга, бировнинг ҳаққидан ҳазар қилишга буюрилган. 
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам мол-дунёни гўзал йўл билан талаб қилиш ҳақида шундай марҳамат қилганлар:
 “Эй, одамлар! Аллоҳдан қўрқинг ва мол-дунёни гўзал йўл билан талаб қилинг. Ҳар бир инсон ўзининг ризқини мукаммал олмагунча, жони узилмайди. Унга белгиланган ризқ бироз кечикиши мумкин, аммо барибир келади. Шунинг учун Аллоҳдан қўрқинг ва мол-дунё талаб қилишда гўзал йўлни танланг. Ҳалолини олинг, ҳаромини тарк қилинг”, деганлар. 
   Ҳадисдан маълум бўлмоқдаки, киши ризқ йўлида минг ҳаракат қилса ҳам,  Аллоҳ таоло унга ёзган ризқ-насибасидан ортиғини қўлга кирита олмайди. Пайғамбаримиз кўп нарсаларни васият қилдилар. Шулар қаторида кишиларнинг молини зулм билан ейиш ҳаромлигини уқтириб, шундай дедилар:
 "Огоҳ бўлинглар, албатта Аллоҳ таоло қонларингиз ва молларингизни бир бирингизга ҳаром қилди".
Ҳазрат Анас разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга: “Ё, Расулаллоҳ, дуо қилинг, Аллоҳ мени дуоси ижобат бўладиган инсонлардан қилсин”, – дедилар. Шунда Пайғамбармиз: “Эй, Анас! Луқмангни ҳалол қил, киши ҳаром луқмани оғзига кўтарса (еса), қирқ кун дуоси ижобат бўлмайди”, – дедилар .
Демак, ҳар бир иймонли киши тановул қилаётган луқмасига қаттиқ эътибор қилиши ва уни фақат ҳалол йўл билан топиши лозим. Бировни ҳаққидан қўрқмай, нотўғри йўллар билан мол-дунё топиш мўмин-мусулмонга умуман муносиб эмас.
Баъзи қарз олувчилар қарзларини тўлашга қодир бўлиб туриб, бермай, чўзиб, савоб умидида қарз берган кишини ҳам яхшилик қилганига пушаймон қилишига олиб боришади. Ёки олган қарзини тан олмай юрадилар. Бунинг ўрнига олган қарзини бериш ғамида бўлганида, Аллоҳ таолонинг ўзи қарздорга мададкор бўлар эди. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган:
 “Ким одамларнинг молларини (қарзга) олиб, уни адо этишни ирода (ғамини) қилса, Аллоҳ қарзини адо қилишга ёрдам беради. Ким қарзни бермаслик ниятида олса, Аллоҳ уни йўқ қилади” . 
     Киши имкони бўлса қарз олмасликка ҳаракат қилсин. Агар муҳтожлик сабабли қарз оладиган бўлса ва олган қарзини узишликка интилгани сабабли Аллоҳ таоло унга ўзи ёрдамчи бўлади.  
Тарозу ёки бошқа ўлчов бирликлари орқали кишиларнинг ҳаққини ейишлик ҳам яратганнинг ҳузурида ҳисоби оғир амаллардан ҳисобланади. Қуръони каримда ўлчов ва тарозидан уриб қолувчиларга жаҳаннам азоби борлиги кўп маротаба таъкидланган. 
  “(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган,  уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир” (Мутоффифун сураси, 1-3 оятлар).
 Маълумки, Аллоҳ таоло ҳар бир эркакнинг зиммасига аёли ва балоғатга етмаган фарзандларининг емоқ-ичмоғини фарз қилган. Шундай экан, биз эркаклар қўл остимиздаги омонатларимизни фақат ҳалол йўл билан нафақасини таъминлашимиз керак бўлади. Ҳар биримиз шуни унутмаслигимиз керакки, аҳли аёлимизнинг дуо ва ибодатларини қабул бўлиши ва фарзандларимизнинг келажакда етук инсонлар бўлиб вояга етишида уйга олиб келадиган нарсаларимизнинг ҳалол бўлиши, энг катта сабаб ва омил бўлади. 
 
 
 Чироқчи туман бош имом хатиби:                                                                             Бекзод Нарқулов