КЕЧИРИМЛИЛИК –МЎМИНГА ХОС ФАЗИЛАТ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонларидан муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида халқимизга хос меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саховат каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармони имзоланди.
Давлатимиз раҳбари фармонларига кўра 258 нафар фуқаро афв этилди. Фармонга мувофиқ афв этилганлар иш жойлари билан таъминланиб, жамиятда ўз ўринларини топишларига ёрдам берилади. Давлатимиз раҳбари томонидан Рамазон ҳайити арафасида кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик юртимиздаги барча инсонпарвар, меҳр-оқибатли кишиларни хурсанд қилди.
Зеро, кечиримли бўлиш ҳамма вақт инсонлар ва жамиятга кўпдан-кўб манфаат ва муваффаққиятлар келтирган. Ва шу билан бирга кечиримли бўлиш мўмин-мусулмонлар учун юксак фазилатлардандир.
Аллоҳ таоло “ Қуръони Карим”да шундай марҳамат қилади:
“ Афвни ( қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!”. ( Аъроф сураси, 199-оят).
Ушбу оятни тафсир қилган уламолар оятдаги “ Афвни ( қабул қилиб) олинг” деган муборак бирикмани “кечиримли бўлишга” далолат қилади, дейишади. “Тафсири ирфон”да бу оятнинг тафсири ҳақида шундай дейилади:“Оят каримадаги “урф” сўзи “яхши амаллар” маъносида,Аллоҳ таоло ушбу ояти карима орқали Ўз пайғамбарига афвни қабул қилиб олишни, яъни ўта кечиримли бўлишни, одамларни яхшиликка чорлашни ҳамда ширк ва куфр йўлини тутган жоҳил, нодон кимсалардан юз ўгиришни буюрмоқда. Парвардигорнинг амрига бўйсунган Пайғамбаримиз кечиримлиликда ҳам, одамларни яхшиликка чақиришда ҳам бутун умматга ибрат бўлганлар[1]”.
Улуғларимиз кечиримлилик дунёдаги амалларнинг энг хайрлиси ва фазилатлисидир, дейдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай дейдилар:“Қиёмат куни бўлганда бир жарчи нидо қилади:“Одамларга кечиримли бўлганлар қаерда? Парвардигорингиз ҳузурига келинглар ва савобингизни олинглар! Қайси бир мусулмон кечиримли бўлса,жаннатга киришликка ҳақлидир”(Имом Ибн Мурдавайҳ ривояти).
Мана шундай хайрли кунларда,хайрли тақдирларни ато қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин ва барчаларимизни доимо яхшиликда бардавом бўлишимизга мувофиқ қилсин!
Р. УСМОНОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилоятидаги вакили,
вилоят бош имом-хатиби
[1] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. “ Тафсири ирфон” Т. 2019. 2-жилд. 125—126-бетлар.