Рамазон бизга қандай сабоқлар берди?
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Муборак Рамазон ойи ўз ниҳоясига етди. Хўш, у биз мўмин-мусулмонларга нималарни ўргатди?
Рамазон бизга иймондаги ҳаловатни, ибодатдаги лаззатни ўргатди. Демак, бошқа ойларда ҳам ўша ҳаловат ва лаззатдан мосуво бўлмаслигимиз керак.
Рамазон бизга сабрни ўргатди. Демак, қолган бошқа ойларда ҳам сабрли бўлишимиз керак.
Рамазон бизга ибодатда серғайрат бўлишга ўргатди. Демак, бошқа ойда ҳам ибодатда серғайрат бўлишимиз керак.
Рамазон бизга меҳр саховатни ўргатди. Демак бошқа ойларда ҳам шу фазилатни қўлдан бой бермаслигимиз керак.
Рамазон бизга кўп истиғфор ва тавба қилишга ўргатди. Демак бошқа ойларда ҳам шу икки нарсани маҳкам ушлашимиз керак.
Рамазон бизни кечиримли бўлишга ўргатди, демак қолган бошқа ойларда ҳам кечиримли бўлишимиз керак.
Рамазон бизнинг кўр бўлиб қолган қалб ва кўзларимизни очди. Демак бошқа ойларда ҳам қалб ва кўзимизни яна кўрликка қайтармаслигимиз керак.
Рамазон бизга тилни тийишга ўргатди. Демак бошқа ойларда ҳам тилни тийиб юришимиз керак.
Рамазон бизга нафсимизни жиловлашга ўргатди. Демак, қолган бошқа ойларда ҳам биз уни жиловлашимиз керак.
Рамазон бизга ҳаётимизда энг катта ғам – дин ғами эканлигини ўргатди. Демак, қолган бошқа ойларда ҳам катта ғамимиз дин бўлиб қолиши керак.
Рамазон биз мусулмонларни бир тан бир жон бўлишга ўргатди. Демак, бошқа ойларда ҳам бу фазилатни сақлай билишимиз керак.
Энг асосийси, Рамазон бизни тақводор бўлишга ўргатди. Демак қолган бошқа ойларда ҳам тақводор бўлишимиз керак.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, муборак Рамазон ойида олган сабоқларимизга йилнинг қолган ойларида ҳам амал қилишга барчамизни муваффақ қилсин!
Nasafziyo.uz жамоаси