1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ЯХШИЛИК МУКОФОТИ

25-12-2019, 19:03 605 Ўқиш режими + -

ЯХШИЛИК МУКОФОТИ

 
         Яхши ният билан қилинган ишга, албатта, мукофот бор. Бу ҳақда раҳматли бобом шундай ҳикоя қилган эдилар:
“Бир куни отам билан иккимиз кўҳна бир масжид олдидан ўтиб қолдик. Отам уловларидан тушиб, масжидни кўздан кечирдилар. Таҳоратланиб, икки ракаат номоз ўқидилар. Сўнгра:
-Ўғлим, эртагаёқ келиб масжиднинг томини таъмирламасак бўлмайди. Жуда ночор аҳволда экан, - дедилар.
Мен бу масжид бизнинг маҳалланики эмаслигини, ҳеч ким бизга таъмир учун ҳақ бермаслигини айтдим. Отам бу сўзларимдан хафа бўлдилар.
-Ўғлим масжид меники, сеники дейилмайди. У қаерда бўлишидан қатъий назар, мен ва сени яратган Аллоҳнинг уйидир. Мен бирор ҳақ умидида эмас, балки ёлғиз Яратганнинг розилиги учун қилмоқчиман, - дедилар. Эртасигаёқ ишни бошлаб юбордик. Отам масжид томи устида, мен эса пастда.
Кун охирлаб, ишимиз ниҳоясига етай деб қолган эди. Шу пайт бир қуш келиб, отамнинг қалпоқларини юлиб олиб кетди. Мен бу ҳолатдан ажабланиб, сўз қотдим:
-Ота, Аллоҳнинг уйида ишлаб туриб ҳам кийимингизни олдирдингиз-а?
Отам сўзларимга парво қилмай, хотиржам ишлайвердилар. Бир оз вақт ўтгач, менга шундай насиҳат қилдилар:
-Ўғлим, нимаики иш ўтди, Аллоҳ хоҳлади, бўлди. Мен хоҳламасам-да, бош кийимим йўқолди. Буни қазои қадар дейдилар. Мен бу дунёда қазога рози, балога сабр қиладиган кишилардан бўлишни хоҳлайман. Шунинг учун қалпоғимнинг йўқолганига ҳам розиман.
Орадан бир қанча ойлар ўтиб, отам оламдан ўтдилар. Бир кеча тушимга кирдилар. Тушимда у кишидан “Аҳволларингиз дурустми?” -деб сўрасам, ҳуш кайфият билан: “Ўғлим, ҳар бир яхшиликнинг мукофоти бор. Аллоҳ таоло ўша масжид томи устида йўқотган дўппимни яхшиликка нишона қилиб, мени жаннатга киритди”, деб жавоб бердилар.
Яратганнинг розилиги учун яхши иш қилган отамга ҳавасим келган ҳолда уйғониб кетдим…”
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг байтини обод этадиган солиҳ бандаларидан қилсин!

Руҳиддин Акбаров                                                                     
Манба "ҳидоят" журнали.2003. 11-сон. 19-бет