МУҚАДДАС ОИЛА (18-ҚИСМ)
ЯХШИЛИККА ЧОРЛАШ
(3-қисм)
Мураббий мазкур жиҳатларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиши лозимдир. Бундай тарбия ҳаёт ҳақиқатлари билан Ислом динининг ҳамоҳанглигини тўғри тушунишга ёрдам беради. Бу ҳамоҳанглик дин билан дунёни ва руҳ билан жисмни, ибодат, саховатнинг барчасини уйғунлаштиради. Шунингдек, ақида, имон ва тақво, эҳсон, намоз, рўза, яхшилик, мулойимлик, сабр, тўғрисўзлилик, вафо, яхшилик, дўстлик, сахийлик, азм, тинчлик, кечиримлилик ва бағрикенглик фазилатларини инсонда мужассамлаштиради. Ёши улуғларни қадрлаш Ёш авлод турмуш синовларида тобланиб, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган, теран ақлли, тақволи, улуғ кишилар кўмаги ва маслаҳатига доим эҳтиёж сезади. Меҳнатсевар, ҳалол-пок, диёнатли, эл иши учун фидойи инсон бўлиб улғайишни истаган ҳар бир ўғил-қиз кексалар ҳаётий тажрибасидан албатта фойдаланиши лозим. Шунинг учун орамизда катталарнинг борлиги улуғ неъматдир. Инсон ҳаёти мевали дарахтга қиёс этилади. Чунки дарахт бир мавсумнинг ўзида куртаклар тугади, гуллайди, кўпдан-кўп мевалар қилади. Кексалик эса худди мевалари пишган боққа ўхшайди. Луқмони Ҳакимдан: – Нега ҳадеб ўғлингга насиҳат қилаверасан? – деб сўрашди. – Кексаларнинг насиҳатлари ёшлар учун боғбон ниҳолни тарбия қилгани кабидир, – дея жавоб берди Луқмони Ҳаким. Инсон дунёга келиб ўсади, улғаяди, умргузаронлик қилади. Кечаги гўдак бугун йигит, бўй етган қиз. Вақт ўтиши билан, насиб этса, ҳар бир инсон қарилик ёшига етади, бу – ҳаёт қонунияти. Қарияларни эъзозлашга динимизда алоҳида эътибор берилган. Имон-эътиқодли, ихлосли ва нуроний кексаларнинг фазилатларини билиш ҳамда уларнинг ҳақларини адо этиш бошқалар учун вожибдир. Бундай хайрли ишлар Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига мувофиқдир. У зот кишиларга кексаларнинг фазилатларини билдириб, уларнинг ҳақларига риоя этишни шарт қилганлар. Имом Термизий Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кексаларни улуғлаш ҳақида бундай деганлар: “Ёш йигит кекса кишини ёши улуғлиги учун ҳурмат қилса, Аллоҳ таоло уни ҳам кексайганида ҳурмат қилинадиган инсонлар қаторига қўяди”. Бир йигит бобосига дерди: “Бобожон, мен ҳам сизнинг ёшингизга етсам дейман...” “Илоё, ниятингга ет, болам, узоқ яшай десанг, кексаларни ҳурмат қил...” деди бобоси. Кексаларга ҳурмат халқимизнинг азалий ибратли қадриятларидан ҳисобланади. Ҳукуматимиз истиқлол йилларида қарияларни улуғлаш борасида бир талай хайрли ишларни амалга оширди. Жумладан, 2002 йил мамлакатимизда “Қарияларни қадрлаш йили” деб эълон қилиниб, ёши улуғ кишиларга ҳурмат ва эътибор янада кучайтирилди. Шунингдек, 9 май куни юртимизда “Хотира ва қадрлаш куни” деб белгиланди. Ушбу байрам шарофати билан кекса отахону онахонларимиз халқимиз эъзозида бўлиб, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланади. “Хотира ва қадрлаш” куни юксак ахлоқнинг ёрқин бир кўриниши, ҳавас қилса ярашгулик байрамга айланди. Бу кун тарихнинг оғир синовларини бошдан кечирган, фидокорона меҳнат қилган табаррук ёшдаги отахон, онахонларимизга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш айёмидир. “Қадр кўрсатган қадр топади” – халқимизнинг доно ҳикмати ҳам шуни таъкидлайди. Қадрлаш ўзликни англаш демакдир. Бу сўз замирида имон бутлиги, одоб-ахлоқ, аждодлар мероси, шунингдек, атрофимиздаги инсонларга чуқур ҳурмат мужассам. Юртбошимиз ташаббуслари билан ҳар йили 31 август куни Тошкент шаҳридаги “Шаҳидлар хотираси” майдонида нуроний отахонлар, меҳнат фахрийлари ва маҳалла оқсоқолларига дастурхон ёзиш, уларнинг кўнгилларини шод қилиш яхши анъанага айланди. Муҳтарам Президентимиз кўрсатмаларига мувофиқ, 2011 йилда жаҳонда саккизинчи бўлиб мамлакатимизда ҳаракати йўлга қўйилган замонавий тезюрар поездда дастлаб нуроний отахону онахонлар, кекса меҳнат фахрийлариларининг дилларини хушнуд этиш ва дуоларини олиш мақсадида Самарқандга зиёрат сафари уюштирилди. Бу тадбир ҳам қарияларга ҳукуматимиз даражасида кўрсатилаётган эътиборнинг ёрқин ифодаси бўлди. Ислом дини доимо катта ёшли кишиларни ҳурмат қилишга чорлаб келган. Абу Довуд ва Имом Термизий Амр ибн Шуайб отасидан, у эса бобосидан (розияллоҳу анҳум) ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Кичикларга раҳм-шафқатда, катталарга ҳурмат-иззатда бўлмаган киши биздан эмасдир”, дейилга. Абу Довуд Абу Мусодан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмон мўйсафид, Қуръонни ёд олиб, унда ҳаддидан ошмаган ва уни тарк қилмаган қори ҳамда одил подшоҳни ҳурмат қилиш Аллоҳ таолони улуғлаш кабидир”, дедилар. Ушбу ҳадиси муборакда баён қилинган сифатлар халқимиз онгига сингиб кетган, миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисмига айланган. Лекин ҳозирги кунда айрим ота-оналар ва мураббийлар болаларда мазкур сифатлар шаклланишига алоҳида эътибор қаратмаяптилар. Оқибатда, баъзи ёшларда кексаларни ҳурмат қилмаслик ҳолатлари учрамоқда. Афсус, баъзи ғўр ёшлар назарида қариялар дардисардек, ортиқчадек туюлади. Бирор даврага кирган отахонни ёки автобусга чиққан қарияни кўрган нодон ёшлар “уфф” тортишади. “Қариганида уйида жимгина ўтирса бўлмасмикан-а?” дея хато ўйлашади. Ҳаётнинг аччиқ ва ширин томонлари бор. Қариялар эътибор, меҳр-мурувват ва шафқатга муҳтож бўлишади. Бундай инсонларга эътиборли бўлмоқ лозим. Чунки уларнинг умри меҳнат билан ўтган, энди кексалик боис ишга ярамай, хасталаниб, кучқувватдан қолганлар. Жамият ва она Ватан равнақи учун ҳисса қўшган, оилани оёққа турғазган, ўғил-қизлар ўстириб, едириб-ичирган, оилам, болам-чақам деб, елибюгурганлар ҳам шулар. Кексаликнинг касаллик, кўз хираланиши, оёқ-бел оғриши, кучдан қолиш, аввалги куч-қувватнинг сусайиши, қадамнинг майда бўлиб қолиши каби муайян мушкулотлари ва мураккабликлари бор. Лекин қарилик палласида кишилар ҳаётга ўзгача нигоҳ билан боқади. Сўзлар салмоқли, нигоҳлар вазминлик касб этади. Ҳаётда кўп тажриба орттирган кишилар ювош ва мулойим бўлиб қоладилар. Кекса одам заифлашиб, ўзи ва ўзгаларга мулойимлик истайди. Уларга нисбатан асосан уч ҳолатда мулойимлик зарур: ширин муомалада, тансиқ таом тайёрлашда ва юмшоқ ўрин тўшашда.