
МУСУЛМОННИНГ ХУЛҚИ (21-ҚИСМ)
СЎЗЛАШИШ ОДОБЛАРИ
(5-ҚИСМ )
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Дин, сиёсат, илм ва одоб масалаларидаги мунозара ва баҳслар динга, сиёсатга, илм ва одобларнинг барчасига путур етказади. Балки, уммати Исломийяга мусибат бўлиб келаётган-бўлинишларга, гуруҳ-гуруҳларга ажрашишларга дин ва ҳаётда лаънатланган мунозара-баҳс қилиш сабаб бўлаётгандир.
Расулуллоҳ даврларида шундай воқеа содир бўлган экан. Буни бир неча саҳобалар ривоят қиладилар: «Бизлар бир диний масалада баҳслашиб ўтирган эдик. Шунда Расулуллоҳ чиқиб қолдилар. Бизларнинг ҳолатимизни кўриб ғазабландилар. Бундай ғазабланганини кўрмаган эдик.Кейин Расулуллоҳ алайҳис-салом бизларни койиб шундай дедилар:«Эй умматларим, шошманглар! Сизлардан аввал ўтган умматларни ҳам ҳалок қилган нарса баҳслашиш бўлган. Баҳслашманглар! Чунки унинг фойдаси йўқ. Бахслашманглар! Чунки мўмин баҳслашмайди.
Баҳслашманглар! Чунки у гуноҳ. Баҳслашманглар! Чунки баҳслашганни қиёмат кунида шафоат қилмайман. Баҳслашманглар! Чунки, ҳақ бўла туриб баҳслашмаган одам учун жаннат чеккасидаги, ўртасидаги ва тепасидаги учта бинога мен кафилман. Баҳслашманглар! Чунки, бутларга сиғинмасликдан кейин Парвардигорим буюрган нарса ҳам бахслашмасликдир» ( Имом Табароний ривояти).
Одамлар ўзаро гурунглашиб ўтирадилар. Ва бировларнинг айбларини айтиб, ҳар хил маълумотлар тўплашиб, вақтларини бекор кетказадилар. Чунки уларнинг бундан бошқа қиладиган ишлари йўқ. Ислом буни қаттиқ қоралайди:
1. Ҳар бир обрў тўкувчи ва айбловчига «вайл» бўлсин.
2. У мол жамлади ва уни санаб турур.
3. У, албатта, моли уни абадий қолдирир деб ҳисоб қилур.
4. Йўқ! Албатта у «ҳутома»га хор-зор этиб ташланур. (Хумаза: 1-4).
Бу эса ҳозирги вақтда ҳам одамлар орасида чойхоналарда ва йиғилишларда кўзга ташланиб турибди. Жамиятга бу ҳам офат. Афсуски, шаҳар ва қишлоқларда шариатга мухолиф, керакмас анжуман-йиғилишлар яна ҳам кўпайиб кетмоқда.
«Йўлларда ўтирманглар! дедилар Расулуллоҳ. Саҳобалар:«Эй Расулуллоҳ, гаплашиб ўтиришга мажбур бўлиб қолсакчи?”, дейишди. «Унда йўл ҳаққини адо этинглар», дедилар Расулуллоҳ. Саҳобалар: «Эй Расулуллоҳ йўлнинг ҳаққи нима?», дейишганда, Расулуллоҳ: «Бировларга қарамаслик бировга озор бермаслик саломга алик олиш, яхшиликка буюриб ва ёмонликдан қайтаришдир», ( Имом Муслим ривояти) дедилар.
Давоми келгуси саҳифада...
Таржимон:
Р. УСМОНОВ
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакили