1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУСУЛМОННИНГ ХУЛҚИ (22-ҚИСМ) ҚАЛБНИ НАФРАТ-АДОВАТДАН ТОЗАЛАШ

4-06-2020, 13:39 417 Ўқиш режими + -

МУСУЛМОННИНГ ХУЛҚИ

(22-ҚИСМ)


ҚАЛБНИ НАФРАТ-АДОВАТДАН ТОЗАЛАШ

(1-ҚИСМ)


Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Инсоннинг ҳаётда тоза қалб, бошқаларга нисбатан нафрат ва гинасиз яшаши бу унинг учун энг мароқли ҳаётдир. Чунки ундай одам  Аллоҳ фазли ва неъматини бошқаларда кўрса, Расулуллоҳнинг ушбу гапларини эслайди: «Эй  Аллоҳ сенга ҳамдлар ва шукрлар бўлсинки, мендаги ва бошқа одамлардаги неъматлар ҳаммаси фақат Сен берган неъматлардандир!» ( Абу Довуд ривояти). Шунингдек инсонларни мусибат чекаётганини кўрса, ўша мусибатларни одамлардан  Аллоҳ тезроқ кетказишини сўрайди.

Тоза қалбли ва бошқаларга нафрат ва гинаси бўлмаган инсон ҳаётдан ва  Аллоҳдан рози бўлиб яшайди. Шунингдек, унда хотиржамлик бўлади. Чунки қалбнинг нафрату-гиналарга тўлиши бу бедаво дарддир. Тешик идишдан сув оқиб чиқиб кетгани каби бундай бедаво қалбдан ҳам иймон чиқиб кетади. Ислом ҳар бир инсоннинг қалбини назорат қилади. Чунки қора қалб ҳар қандай яхши амални бузади ва унинг тиниқлигини бўлғайди. Аммо тоза қалб билан бўлган андаккина амалга ҳам   Аллоҳ барака беради ва ўша амал   Аллоҳ даргоҳига тез етиб боради.

Абдуллоҳ бин Амрдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳдан: «Энг афзал инсон ким?, деб сўралганида, у Зот: “Қалби пок ва ростгўй одам”, деб жавоб қилдилар”. Шунда саҳобалар: “Ростгўйни биламиз бироқ қалби пок ким?”, деб сўрашганида, Расулуллоҳ шундай жавоб берган: « У гуноҳ, тажовуз, алдаш ва ҳасаддан холи бўлган покиза, тақволи кишидир» ( Ибн Можа ривояти).

Шунинг учун мусулмонлар жамоаси бир-бирини севадиган, дўст тутадиган, ўзаро ёрдам кўрсатадиган туйғуларда бўлиши лозим. Буни Қуръон қуйидагича айтади: 

        Улардан кейин келганлар: «Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, қалбимизда иймон келтирганларга нафрат солмагин, эй Роббимиз, албатта, Сен шафқатли ва меҳрибонсан», дерлар.

(Ҳашр сураси 10-оят).

Хусумат жуда ёмон нарса. Агар у инсон қалбида пайдо бўлиб томир отса, иймонни қалбдан сиқиб ҳайдаб чиқариб юборади. Натижада фарз ибодатларнинг бажарилишида хосият бўлмайди ва нафс ҳам фойдалана олмайди.

Бир куни Расулуллоҳ алайҳис салом: «Тунлари намоз ўқиган, кундузлари рўза тутган ва садақалар берган одамдан ҳам афзалроқ ким айтайми?”, деб қолдилар. Саҳобалар: “Ҳа айтинг эй Расулуллоҳ”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ: “Қалбни ислоҳ килиш. Чунки мақсад ёмон бўлса у бамисоли кирувчидир”, ( Имом Термизий ривояти) деб тушунтирдилар.

 Шайтон инсонни иғво қилиб ҳалокатга дучор қилишга ҳарислиги маълум. Шайтон оқил инсонни бутпараст қилиб юбора олмайди. Лекин инсонни Парвардигоридан йироқ қилиб юборишга қодир. Шайтон бу мақсадига одамлар қалбларига адоват учқунларини ташлаш билан муяссар бўлади. Расулуллоҳ бундай деганлар: «Шайтон араб жазираларидаги намозхонларни ўзига ибодат қилдиришга ожизлик қилади. Лекин улар орасидан ўт чиқаришга ожизлик қилмайди» ( Имом Муслим ривояти).

Бунга сабаб шуки, ёмонлик қалбдан жой олса ва қалбга «дарз» етса одамларда қасоват ва душманлик пайдо бўлади. Оқибатда улар  Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсаларга айланадилар.

Изоҳ:   Аллоҳ боғланишига буюрган нарсалар—ота- опага оқ бўлмасдаи уларнинг ризолигини олиш, қариндош-уруғлик ришталарини маҳкам тутиш ва бошқа мўмин-мусулмонлар билан меҳр-оқибатли бўлшидир.

Ер юзида бузгунчилик қилиб юриш эса одамлар орасида фитна-фасод қўзғаш, иймон эҳтикод йўлларига тўсқинлик қилиш ва бошқа бузуқ ишлар билан машғул бўлишдир.

 

Таржимон:
Р. УСМОНОВ
  ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакили