1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУҚАДДАС ОИЛА (22-ҚИСМ) ОДОБ – ИНСОН ЗИЙНАТИ

5-06-2020, 10:55 507 Ўқиш режими + -




 

МУҚАДДАС ОИЛА (22-ҚИСМ)

 

ОДОБ – ИНСОН ЗИЙНАТИ

Аждодларимизнинг миллий қадриятлар сарчаш­маси бўлган бой тарихий меросни келажак авлодга чуқур ўр­гатиб, ёшлар онгига сингдирмоқ керак. Чунки тарих ёшларни ҳаёт воқеа-ҳодисаларига онгли муносабатда бў­лишга ундайди. Болаларнинг мурғак қалбида Ватанга меҳр туйғуларини, бугунги кун қадрига етиш ҳиссини уйғотади. Ёшларни она-Ватанга садо­қа­тли қилиб тар­бия­лашда, аввало, имон-эътиқод, меҳроқибат, диёнат, ад­лу инсоф, орият ва ғурур каби эз­гу фази­латларни шакл­лантириш муҳим аҳамият касб этади. Юртимиздан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби жаҳонга донғи кетган буюк алломалар етишиб чиққан. Ёшларимиз ана шундай буюк зотлар­нинг авлодлари эканларини унутмаган ҳолда, бо­болар бошлаган қутлуғ ишларнинг давомчиси, Вата­нимизга му­носиб фарзандлар бўлишлари лозим. Шу­нингдек, ҳаётда кўпни кўрган, меҳнатда суяги қотган, ҳозир эса пиру бадавлат бўлиб яшаётган отахонлару онахонларимиздан ўрнак олишлари керак. Одоб-ахлоқ, ҳаё-ибо, ор-номус, диёнат каби боқий қад­риятлар халқимиз бой маънавиятининг ажралмас қис­мига айланиб кетган. Афсус, бугунги мураккаб шароитда “оммавий маданият” ниқоби остида ёш­ла­ри­миз­га турли ёт ғоялар, маънавий бузуқлик ва ахлоқ­сизликларни тарғиб этишга уринаётган айрим ғала­мис­лар айнан ана шу бобомерос қадриятларимизга бол­та уришга уринаётгани сир эмас. Диёримиздан етишиб чиққан алломалар ҳам гўзал ахлоқнинг инсон камолотига сабаб бўлувчи юксак фази­лат эканини кенг тарғиб қилишган. Жумладан, Имом Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад” ҳадислар тўп­лами, Абу Лайс Самарқандийнинг “Танбеҳул ғофилин”, Имом Ғаз­золийнинг “Мукошафатул қулуб”, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибатул ҳақойиқ” асарларида юксак инсоний фазилатлар тараннум этилган. Бундан ташқари, Абу Наср Фаробий, Абу Райҳон Беруний, Нажмиддин Кубро, Муҳаммад Порсо, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий ва бош­қа мутафаккир аллома­ла­ри­миз­нинг ўнлаб асар­ларида одоб-ахлоқнинг гўзал наму­налари бадиий-фалсафий талқин қилинган. Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Ахлоқи Муҳсиний” асарини ҳам ана шундай ҳикматлар бўстони сафига киритиш мумкин. Асарда чиройли ахлоқ намуналарини баён этишда ибратли ривоятлардан ҳам жуда ўринли фойдаланилган. Жумладан, бир ривоятда келтирилишича, «Миср под­шоҳларидан бири одобсиз кишини сиёсат майдонига олиб бориб, адаб таёғи билан уринглар, деб буюради. Ўша беадаб калтакланиб турган вақтида тилини чиқариб, ёмон сўзлар билан подшоҳга дашном беради. Шунда подшоҳ уришни тўхтатишни буюрди. Аъён­лардан бири: “Эй шоҳим, бу беҳаё ва бешармни адаб таёғи билан кўпроқ жазолаш керак эди, кечиришингизга нима сабаб бўлди?” деб сўради. Подшоҳ: “Мен унга Худо ризоси учун адаб бераётган эдим, у менга хунук сўзларни айтганда, нафсимга тегди ва мен ғазабга миниб, унга кўпроқ жазо бериш ва ўч олишни хоҳладим, лекин мен буни ўзимга раво кўрмадим ва Ҳақ ишида ўз нафсимнинг истагини орага тиқишни хоҳламадим. Ҳақ ризосидаги ишга ўз ға­разимни қўшишим ихлосдан узоқдир, яхши ишни ғараз билан қилган одам савоб фазилатидин маҳрумдир”, деди». Асарда келтирилган бу каби ривоятлар инсонни эзгуликка, ўзаро меҳр-муҳаббатли ва самимий бўлишга ундайди. Фарзанд тарбиясида Ислом дини белгилаб қўйган му­ҳим қоидалардан яна бири болани ёшлигидан жа­моат ора­сида ўзини чиройли тутиш одобларига одат­лан­ти­ришдир. Фарзанд улғайиб, инсонлар билан ўзаро муома­лага киришади. Ўзаро муомала ҳамда муносабат одоб­ларига амал қилганлар имон, тақво, ақидасида ҳамда дўстлик, меҳрибонлик, ўзидан бошқани афзал кўриш­да қоим бўлади. Жамоат орасида инсонни ҳурматга сазовор қила­диган умумий одоблар қуйидагилар: Овқатланиш одоби. Саломлашиш одоби. Рухсат сўраш одоби. Мажлис одоби. Сўзлашиш одоби. Ҳазил-мутойиба одоби. Табриклаш одоби. Касал кўриш одоби. Таъзия билдириш одоби. Акса уриш ва эснаш одоби. Санаб ўтилган одоблардан ҳар бирини имкон қадар батафсил баён қиламиз. 

 

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Шайх Усмонхон Алимов нинг
 “Оилада фарзанд тарбияси” китобидан