Дуо тезда қабул бўлишининг 33 та йўли
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Дуо ибодатларнинг энг буюги ҳисобланади. Шунинг учун мусулмон одам Аллоҳга дуо қилганида дуолар мустажаб бўлиши учун ўрнатиб қўйилган сабабларни муҳайё қилиши лозим бўлади.
Қуйидаги сабаблар дуоларни қабул бўлишига олиб келади:
1. Дуога киришишдан олдин қалбини дуога таёрлаб, хушуъ ва хузуъ билан, фикр хаёлларини бир жойга қўйиб дуо қилиш.
2. Дуо қилишда суннатга мувофиқ қиблага юзланиб дуо қилиш.
3. Дуони бисмиллаҳни ва Аллоҳга ҳамд ва сано айтишдан ҳамда тасбеҳлар айтишдан сўнгра Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга саловат айтишдан бошлаб дуо қилиш.
4. Инсонда хушуъ ва хотиржамлик пайдо бўладиган даражада пастроқ товуш билан дуо қилиш, баланд товушда дуо қилмаслик
5. Дуо қилаётган вақтда Аллоҳ унинг дуосини қабул қилишига аниқ ишониб дуо қилиш.
6. Аллоҳдан сўраётган нарсасини бардавом сўраш. Бунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам каби дуони уч марта қилиш тушунилади.
7. Чин холис ният билан дуо қилиш
8. Дуода ниманики сўрамоқчи бўлса биргина Аллоҳдангина сўраш
9. Дуо асносида “Ё рабб, Ё рабб” сўзларини кўп ишлатиш.
10. Дуо асносида уни қофиялаштиришга уринмаслик.
11. Икки қўлни кўтариб кафтини осмонга қаратиб дуо қилиш.
12. Имкон борича таҳоратли ҳолда дуо қилиш.
13. Дуони қабул қилинишига банда шошилмаслик. (Яъни,” дуо қилаяпман, қабул бўлмаяпди”, демоқ дуода шошилиш ҳисобланади)
14. Дуолар қабул қилинадиган муборак вақтларда дуо қилиш. Жумладан:
Фарз намоздан сўнг
Саждада
Кечанинг учдан бирининг охирида
Қадр кечасида
Намозда азон айтиладиган вақтда
Азон билан иқомат оралиғида
Ёмғир ёғадиган вақтда
Жума куни
Зам зам сувини ичадиган вақтда
Хўроз қичқирадиган вақтда
Қуёш заволга келганидан кейин пешин намози киришидан бир озгина олдин.
15. Аллоҳнинг исм ва сифатлари зикр қилинган дуолар билан дуо қилиш.
16. Мазлум инсон ёнидаги кишининг ҳаққига дуо қилса ёки унга зулм қилган кишини дуоибад қилса.
17. Халқига зулм қилмаган одил подшонинг дуоси
18. Мусофирнинг сафар вақтидаги дуоси
19. Ота онанинг фарзанд ҳаққига қилган дуоси ёки дуоибади.
20. Рўзадор рўзасини очадиган вақтидаги дуоси
Юқоридагиларнинг ҳамасининг дуоси қабул қилинади, ҳеч рад этилмайди.
21. Ҳамма вақт ва ҳамма жойда Аллоҳ таолони кўп кўп зикр қилиб (эслаб) юриш ва бу ишда бардавом бўлиш. Чунки, зикр мусулмон кишини буюк ажру савобларга эришишига ва дуолари қабул бўлишига сабаб бўлади.
22. Амри маъруф ва найҳ мункарни кўп қилиш, солиҳ амалларга , хайрли ишларга ҳамда одамларни ҳақ йўлга юришларига қизиқтириш, гуноҳ ишларни қилишдан ва ботилга эргашишдан уларни қайтариш. Бу ишлар ҳам дуоларни қабул бўлишига сабаб бўлади.
23. Фароғатли, шодон, яхши кунларида дуо қилса бошига қийинчилик кунлар тушганида дуолари мустажаб бўлади.
24. Бир мусулмоннинг бошқа мусулмон биродари ҳаққига қилган хайрли дуоси. Агар мусулмон киши бошқа биродарининг ҳаққига дуо қилмоқчи бўлса аввал ўзининг ҳаққига дуо қилиб, кейин биродарининг ҳаққига дуо қилади.
25. Гуноҳ ишлардан йироқда бўлиш. Гуноҳ содир бўладиган вақтда Аллоҳга қайтиш. Тез Аллоҳдан мағфират сўрашга ва солиҳ амалларни қилишга шошилиш.
26. Фарз амалларидан сўнг нафл (қўшимча) амалларни кўпайтириш.
27. Мусулмон ейдиган , ичадиган ва киядиган нарсаси ҳаромдан бўлмаслиги.
28. Бировнинг ҳаққи кишига ўтиб қолганида нафсга қарши чиқиб, унинг ҳаққини қайтариб бериш.
29. Шайтоннинг васвасасига жавоб бермаслик.
30. Ота онага яхшилик қилиб, улар тўғри ишларни буюрганларида бажариш, уларнинг ҳақларига дуолар қилиш.
31. Аҳли солиҳ ва тақводор кишиларга яқин бўлиб, уларнинг дуо қилишини сўраш.
32. Банда қилган гуноҳига иқрор бўлиб, пушаймон бўлаётганини ўзи ҳам хис қилиш.
33. Ла илаҳа илла анта субҳанака инний кунту миназ золимийн (маъноси: Сендан бошқа илоҳ йўқ, сен(ҳар қандай айбу нуқсондан) поксан, мен ўзимга ўзим зулм қилувчилардан бўлдим) деб дуо қилса ҳам дуоси қабул бўлади.
Nasafziyo.uz жамоаси